Жамоанинг кам тўп ўтказиши дарвозабоннинг маҳорати-ю, ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатидан далолат беради. ХХII миллий чемпионат жадвалига назар ташласак, олий лига дебютанти “Гулистон” футболчилари бошқа иштирокчиларга қараганда ўз дарвозаларидан энг кам – атиги битта тўп ўтказиб юборганига гувоҳ бўламиз (5-турдан сўнг). Бахтиёр Ашурматов шогирдлари 8 очко жамғарган ҳолда 7-поғонада боришмоқда. Таъкидлаш жоизки, пешқадам “Локомотив” ва гулистонликлар ўртасидаги фарқ беш очкони ташкил этади. Сирдарё футболи тарбияланувчиси Акбар Саттаев “Гулистон”нинг содиқ футболчиларидан бири саналади. 10 йилдан буён жамоа сафида майдонга тушмоқда. У ўзига хос спортчилар тоифасига киради. Балки ишонмассиз, у ўз вақтида регби бўйича Ўзбекистон терма жамоаси билан бир қатор халқаро турнирларда қатнашган. Миллий чемпионатимизнинг 5-турда ўз майдонида “Бухоро” устидан 1:0 ҳисобида қозонилган ғалабадан кейин Акбар Саттаевни суҳбатга чорладик.
— Очиғини айтиш керак, аксарият мутахассислар ва мухлислар “Гулистон”дан бунчалик мазмунли ўйин кутишмаганди.
— Ёдингизда бўлса, 2011 йилги мамлакат биринчилиги учрашувларини кўтаринки кайфиятда ўтказиб, кучлилар сафига қўшилгандик. Аммо айрим сабабларга кўра ўз ўрнимизни “Қизилқум”га бериб, ўзимиз яна биринчи лигада ўйнашга мажбур бўлгандик. Ўтган мавсумда ҳам жамоамиз кучлилигини амалда исботлаб, олий лига йўлланмасни қўлга киритди. Устозимиз Бахтиёр ака Ашурматов бошчилигида юқори элитага бежизга чиқмаганлигимизни амалда исботлаш мақсадида бўлғуси баҳсларга ҳар томонлама жиддий тараддуд кўрдик. Тайёргарлик жараёнида муаммолар бўлмади. Шукрки, қилинган меҳнатларимиз зое кетмаяпти. Қолаверса, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, клуб раҳбарияти ва жамоа фидоийси Алишер Эргашев биргаликда барча шарт-шароитларни яратиб беришди.
— Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов собиқ ҳимоячи сифатида “Гулистон” ҳимоя чизиғи вакилларига алоҳида “дарс” ўтадими?
— Албатта. Ўсмирлик давримда Бахтиёр ака ва туркманистонлик Гочгули Гочгулиевларнинг ҳаракатларини ҳавас билан кузатардим. Тақдирнинг кутилмаган совғасини қарангки, ўзбек футболининг ёрқин ҳимоячиларидан бири Бахтиёр Ашурматов қўл остида майдонга тушяпман. Машғулотларни ҳам ўзига хос тарзда олиб боради. Керак бўлса биз билан бирга ўйнайди. Ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда керакли маслаҳатларни аямайди. Жамоадош дўстларим бўлиб ўтган учрашувларда унинг барча кўрсатмаларини бажаришмоқда. Ҳамжиҳатлик бор жойда юксалиш бўлади.
— Жамоада муҳит қандай?
— Аъло даражада. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўтган йилги таркиб негизини сақлаб қолган. Ажойиб йигитлар жамланган. Бугунги кунда “Гулистон” сафида ўйнаётган аксарият футболчилар ўтган йиллар оралиғида мамлакат миллий, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар термаси таркибида майдонга тушишганини алоҳида қайд этиш жоиз.
— Биздаги маълумотларга қараганда сиз регби спорт тури билан ҳам шуғулланган экансиз?
— Тўғри, кам бўлсада шуғулланганман.
— Бу қай тарзда амалга ошганди?
— 2009 йилги мавсумда мамлакат биринчилиги футболимиз мутасаддилари эътиборидан четда қолди. Кўплаб футболчилар омадини бошқа спорт турида, ҳатоки бошқа соҳаларда синаб кўришга қарор қилишганди. Шулар қатори мен ҳам катта футболдан кетишга қарор қилдим. Бундан дарак топган устозим, ўзим таҳсил олган футбол интернати директори Омон ака Қўлдошев регби спорт тури билан шуғулланишим мумкинлигини айтиб қолди. Шу тариқа мазкур спорт турининг қонун қоидаларини ўргандим.
— Расмий мусобақаларда ҳам иштирок этганмисиз?
— Ҳа. Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликларида уюштирилган халқаро турнирларда омадимни синаб кўрганман.
— Совринлар ҳам борми?
— Калькутта шаҳрида ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллаганди.
— Регбининг қонун қоидалари хусусида тўхталсангиз?
— Унинг иккита тури мавжуд бўлиб, 7х7 ва 15х15га деб аталади. 7х7 йўналишида учрашув вақти 7 дақиқали икки бўлимдан иборат.15х15 эса 40 дақиқадан иборат. Ўйинлар футбол майдони ўлчамидаги майдонларда ташкил этилади.
— Хўп, яхши. Энди яна футболдасиз, регбидан кетибсизда?
— Регбидаги ишим ҳам ёмон эмасди, аммо ўтган йилнинг баҳорида “Гулистон” мақсадли таркиб тузаётганлиги ва унга мени ҳам таклиф этишаётганлиги учун ўзим ёқтирган футболга қайтишга қарор қилдим. Мана, олий лигага ҳам чиқдик, кучлилар олдида айни пайтдаги аҳволимиз ёмон ҳам эмас. Яна футболга қайтганимдан ўзим ҳам хурсандман.