"Бунёдкор" - "Санфречче Хиросима" ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
— Шиддатли ўйин бўлди. Яратилган вазиятларни голга айлантира олмадик. Ўша вазиятларда гол ура олганимизда бугун ютган бўлардик. Рақиб эса яхши ҳимояланди, қарши ҳужумда яхши ҳаракат қилди. Аввал айтиб ўтганимдек, бундай ўйинларда кўп вазиятлар бўлмайди. Бизда 2-3та вазиятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Ўзимизнинг ҳолатимизнинг қийинлаштириб олдик. Энди сўнгги турда мағлубиятга учрамаслигимиз керак.
— Ўйиндан-ўйинга масъулият ошган сари, футболчиларнинг маҳорати пасайиб бораётгандек туюлди. Футбочлилар оддий ҳолатларда ҳа кўп хатоларга йўл қўйишяпти. Бу нима билан боғлиқ.
— Кутилмаган ҳолатлар туфайли футболни яхши кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам иккинчи бўлимда тўпни кўп йўқотдик. Футболчиларда чарчоқ сезилди. Аслида мақсадимиз — тўпни назорат қилиб, рақибни ўз ҳимоясидан чиқаришга мажбур қилишимиз лозим эди. Аммо бунга рақиб йўл қўймади.
— "Динамо" билан ўйиндан кейин самарқандликлар ёрдамчи мураббийи Олий лигадаги ўйинлар "Бунёдкор"га ОЧЛда салбий таъсир кўрсатиши ҳақида фикр билдирганди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
— Чемпионатда ҳам осон ўйиннинг ўзи йўқ. "Бунёдкор"га қарши ўйнайдиган ҳар бир жамоа бор кучи билан ўйнайди. Чемпионлар лигасида эса ҳар бир ўйин оғир ўтади. Уйда эса жамоа очилишга мажбур ва рақибнинг қарши ҳужумидан эҳтиёт бўлиш керак. Бугун эса Камолиддинда 2та вазият бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик.
— Миржалол Қосимов жамоаси фақат сафарда ғалаба қозонишига мухлислар тобора ўрганиб боришмоқда. Бу нима билан боғлиқ? Наҳотки, жамоа ўз майдонида ишқибозларга ғалаба тортиқ этишни истамаса?
— Биз ҳам ўз уйимизда ютишни истаймиз, ишонинг. Иккинчидан, биз ҳам ҳар бир жамоага қарши жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Бугун "Санфречче" беш нафар ҳимоячи билан тушди ва қанот ҳимоячилари ҳужумларга ҳам қўшилиб турди. Боз устига, майдон ҳолати ўйин тезлигини пасайтириб қўйди, тўпни тўхтатиш ҳам осон бўлмади. Меҳмондаги ўйинларда эса ёпиқ ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Натижада имкониятлар бўлади ва улардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
— Ўйинчилар бугун мажбурий алмаштирилди. Футболчиларнинг ҳолати қандай?
— Фозил жароҳат олди, унинг ҳолати қандай эканини эртага бўладиган тиббий текширувдан кейин билиб оламиз. Жавлонда ҳам жароҳат бор эди ва у ҳам ўзгартиришни сўради.
— Нима учун ўрта масофалардан рақиб дарвозасига зарбалар бўлмади?
— Ҳақиқатан ҳам рақиб 3 нафар марказий ҳимоячи ва 2 нафар таянч ярим ҳимоячилари бугун жуда тартибли ўйин кўрсатишди. Улар бизга зарба бериш учун имконият беришмади.
— Тўп асосан ўнг қанотдан чап қанотга, қап қанотга узатиляптию, аммо дарвозага зарбалар берилмаяпти. Бу нима билан боғлиқ: футболчилар тўпни беҳуда йўқотишдан қўрқишяптими ёки гол уришни исташмаяптими?
— Жарима майдончаси ичида ва атрофида футболчи тез фикрлаши ва тез ҳаракат қилиши лозим. Футболчилар тўп ургиси келмайди, деган фикр бўлиши мумкин эмас. Гол уришни истамаган футболчини жамоадан ҳайдавораман. Дарвозага зарба берилмаса, гол бўлмайди. Машғулотларда доимо дарвозага зарба бериш устида ишлаймиз.
— Игорь Таранга ОЧЛ баҳсларида имконият берилмаяпти. У кейинги ўйинда майдонга тушиши мумкинми?
— Ҳар бир ўйинчига имконият бериб борамиз. Бугун Фозилнинг кутилмаган жароҳати туфайли Таранга имконият бера олмадим. Кейинги ўйинда Таранни майдон тушириш борасидаги таклифингизни инобатга оламиз.