"Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказиб, ҳақла ҳақли равишда нимчорак финал йўлланмасини йўлга киритди.
Сўнгги тур олдидан юзага келган вазият туфайли "Поханг Стилерс" ҳужумга ўтишга мажбур эди. Шунинг учун майдон эгаларининг ўйин бошидаги ҳужум борасидаги фаоллиги ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Ҳимоячиларимиз бироз саросимага тушгандек бўлишди, аммо дарвозабон ва сардорнинг ўз вақтида берган кўрсатмалари эвазига "қалдирғочлар" аста-секин вазиятни ўз назоратларига ола бошлашди.
Дарвозани ишғол қилиш учун дастлабки ўта хавфли вазият ўйининг 18-дақиқасида юзага келди. Кореяликлар Жасур Ҳасановга нисбатан унинг қанотида ўйин қоидасини бузишди. Тўраев тўпни жарима майдончасига етказиб берди ва тўп Пишурга тегиб Анвар Ғофуровга келиб тушди. Ҳимоячининг кучли зарбаси эса тўппа-тўғри дарвозабоннинг ўзига тўғри келди ва хавф бартараф этилди. Рақиб ҳужуми пайтида эса энди Игнатий қаҳрамонлик кўрсатди. Ли Жу Мёнг 14-15 метрлардан йўллаган зарбасини посбонимиз майдон ташқарисига чиқариб юборди. 25-дақиқада Игорь Таран жарима майдончаси ичида тўпни эгаллаб олиб, шундоққина ёнида турган Пишурга тўпни қолдирди. Украиналик ҳужумчининг зарбасига эса бирозгина аниқлик етишмади. Акс ҳолда рақиб дарвозабони тўп йўналишини фақатгина кузатиб қолганди холос.
"Бунёдкор" сафарда яхшироқ ўйин намойиш қила олишини, босимдан ҳоли бўлишини намойиш қила бошлади. Қанотлардан, марказдан уюштирилган ҳужумлар хавфли кўриниш ола бошлади. Фақат зарбалар аниқлик етишмаганини таъкидлаш лозим. Қосимов шогирдлари рақиб жарима майдончаси атрофидаёқ кореяликларга қарши босим уюштириб, кўп ҳолларда тўпни эгаллаб олишгани эътиборга молик.
Бироқ биринчи бўлим тугашига 1 дақиқа қолганида похангликлар майдон марказида тўпни вакилларимиздан олиб қўйишди ва тезкор қарши ҳужум уюштиришди. Тўпни эгаллаб олиб, жарима майдончамиз яқинига югуриб келган Но Жун Бюнг 18 метлардан зарба беришга қарор қилди. "Бунёдкор"ни муқаррар голдан дарвоза тўсини қутқариб қолди.
Иккинчи бўлимни майдон эгалари янада шиддатлироқ ва ҳужумда сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилган ҳолда бошлашди. Қосимов шогирдлари ҳимояда босимни енгиб ўтишди ва 52-дақиқада гол уриш учун яхши имкониятга эга бўлишди. Тўраев тўпни чап қанотга етказиб берди, Жасур қаршсидаги ҳимоячини ортда қолдирганча тўпни жарима майдончасига етказиб берди. Игорь Таран эса бош билан тўпни дарвозага тўғри буриб юбора олмади.
Орадан кўп ўтмасдан, 56-дақиқада яна ўша Но Жун Бюнг жарима майдончамизга 2-3 нафар футболчини алдаб келиб, зарба беришга муваффақ бўлди. Ерлатиб берилган зарбани Игнатий эгаллаб олди.
Биринчи бўлимда "Бунёдкор" асосан тўпни яхши назорат қилгани эвазига рақибга хавфли вазият яратиш имконини бермаган бўлса, иккинчи бўлимда улар тўлалигича қарши ҳужум тактикасига ўтишди. Ушбу тактика ўйиннинг 79-дақиқасида меҳмонларга наф келтирди. Лутфулла Тўраев майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб, уни захирадан эндигина майдонга тушган, ҳали кучга тўла Раҳматуллаев қанотига етказиб берди. Алибобо жарима майдончасига ёриб кираётган Дилшод Жўраев тўпни етказди. Ёш ярим ҳимоячи эса ё тўпга ета олди, ёки уни атайлаб ўтказиб юборди, хуллас нариги қанотдан етиб келган Пишур бўш қолган дарвозани қийинчиликсиз ишғол қилди. Бу Олександрнинг ОЧЛдаги учинчи голи бўлди.
Ушбу меҳмонларнинг руҳиятини кўтарди, уларда ўзига бўлган ишончнинг ортишига сабаб бўлди ва натижада уларда қандайдир қўшимча жисмоний куч пайдо бўлди. Масалан, яна ўша Раҳматуллаев бу сафар чап қанотдан ҳужумга қўшилди, аммо сўнгги узатмани аниқ амалга ошира олмади. Ҳимоявий ҳаракатларда ҳам "қалдирғочлар" кореялик ҳужумчиларнинг босимларига дош бера олишди, аммо компенсация вақтида улар бир вазиятда ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Парк Хо Сеонг жарима майдончаси ичида Нестеров олис бурчагини нишонга олди.
Ушбу дуранг "Бунёдкор"га плей-оффга чиқиш имконини берарди. Боз устига, параллел кечган ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этилганидан кейин "қалдирғочлар"нинг гуруҳда 1-ўринни қўлга киритишганини ойдинлашди.
ОЧЛ. "G" ГУРУҲИ, 6-ТУР
"ПОХАНГ СТИЛЕРС" - "БУНЁДКОР" - 1:1
Голлар: Парк Хо Сеонг (90+3) — Олександр Пишур (79)
Огоҳлантиришлар: Хванг Су Жи (49), Шин Хун Кванг (58), Ким Хо Дэ (66), Ким Ил Вон (81) — Луфтулла Тўраев (58), Олег Зотеев (75), Акмал Шораҳмедов (90)
"Бунёдкор": 1.Игнатий Нестеров, 2.Акмал Шораҳмедов, 5.Дилшод Жўраев (Камолиддин Мурзоев 89), 6.Анвар Ғофуров, 7.Марко Блажич, 9.Игорь Таран (Алибобо Раҳматуллаев 78), 11.Олександр Пишур, 13.Лутфулла Тўраев, 16.Артём Филипосян, 19.Жасур Ҳасанов (Сардор Рашидов 64), 33.Олег Зотеев
"Поханг Стилерс": 1.Шин Ёнг Хва (31.Ким Да Сол 46), 3.Ким Сеок Гванг, 17.Шин Хун Кванг, 13.Ким Ил Вон, 14.Ким Хо Дэ, 9.Хванг Су Жи (Бэ Сук Чун 65), 8.Хванг Сунг Жин, 26.Чо Хо Чан, 29.Ли Жу Мёнг, 11.Парк Хо Сеонг, 18.Ко Юл Му (22.Но Жун Бюнг 31)
"САНФРЕЧЧЕ ХИРОСИМА" - "БЕЙЦЗИНГ ГОАН" - 0:0
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Бунёдкор | 6 | 2 | 4 | 0 | 6-3 | 10 |
2 | Бецзинг Гуоан | 6 | 2 | 3 | 1 | 4-2 | 9 |
3 | Поханг Стилерс | 6 | 1 | 4 | 1 | 5-6 | 7 |
4 | Санфречче Хиросима | 6 | 0 | 3 | 3 | 2-6 | 3 |