Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Шамил Ярулин: «Қани энди бундан ҳам яхши молиявий имкониятга эга бўлсак...»

Баҳо:
+ | -

Аввал ваъда қилганимиздек, “Насаф” футбол клуби мухлисларини қизиқтирган саволлари билан клуб бош менеджери Шамил ака Ярулинга мурожаат қилдик. У киши ушбу саволларга бажонидил жавоб бердилар. Биз қуйида у киши билан бўлиб ўтган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Саволарнинг баъзилари мухлислар томонидан берилган. Бунда энг фаол мухлисимиз Умид Ҳайдаров бўлди.

-“Насаф” ФК биринчи даврани жуда яхши якунлади, клуб раҳбари сифатида жамоа натижаларидан кўнглингиз тўлдими?
-Албатта жамоамизни биринчи давра якуни бўйича кўрсатган натижаларини кўриш кишини хурсанд этади. Жамоамиз аъзолари ишончимизни оқлашди бунинг учун улардан миннатдорман. Албатта камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Айрим ўйинчиларимиз шунчаки ўйнашди ёки ўзларида тажриба етарли бўлиб, буни майдонда тўлиқ намойиш этишмади. Балки бундай ўйинчиларимиз иккинчи даврада ўзларини кўрсатишар… Биз албатта бунга мавсум сўнгида баҳо берамиз.

-Биз мухлисларни иккинчи даврада таркиб бўйича ўзгаришлар қизиқтиради, кимлар клубни тарк этиши ёки кимлар келиши ҳақида аниқ маълумот берсангиз.
-Мухлисларимизга маълум, биз бу йилги чемпионатда таркибни шакллантириш бўйича асосан ўзимизнинг ички имкониятимизга катта эътибор қаратаяпмиз. Бу ҳаракатимиз қайсидир маънода ўзини оқлади. Бу йўналишда яна давом этамиз. Асосий таркибга ёшларимиздан бир-икки ўйинчини яна қўшиб олиш режамизда бор. Келгусида яъни иккинчи давра олдидан кимнидир четдан таклиф қилиш режамиз умуман йўқ, бу аниқ. Мана шу таркиб билан мавсумни охиригача кураш олиб борамиз. Энди жамоани кимлар тарк этиши тўғрисида, албатта бу борада ўзгаришлар бўлади. Биз айрим ўйинчиларимизга ўзлари учун жамоа топишни таклиф қилдик. Ўзларингизга маълум ҳаммани бирдан майдонга тушириб бўлмайди. Айрим позицияларимизда улар рақобатдан қолиб кетишаяпти. Уларга ҳам ўйин амалиёти керак. Агар шундай ўйинчилар майдонга тушавермаса, бу уларга руҳий жиҳатдан ҳам салбий таъсир қилади. Энг яхшиси улар бошқа жамоаларда фаолиятини давом эттиргани маъқул. Биз улар билан суҳбат қилдик ва вазиятни тушунтирдик. Аммо ҳозир булар кимлар бўлишини аниқ айтмайман. Чунки ҳозирча айнан кимларни қайси клубга кетиши аниқ эмас. Мабодо улар ўзлари учун клуб топиб шартнома имзоласалар буни очиқлаймиз. Шуни яна алоҳида айтиб ўтиш керакки, агар улар ўзларига клуб тополмасалар сафимизда яна қолишлари ҳам мумкин.

-Сиз раҳбар сифатида жамоа мураббийлар штабининг ишига аралашиб турасизми? Ёки улар мустақил фаолият юритишадими?
-Ўзларингизга маълум, клуб раҳбари сифатида ва лавозимим тақозасига кўра бунга тўлиқ ваколатим бор. Аммо биз бош мураббийга ишонаманиз ва унга мустақил фаолият юритиш учун имкон яратганмиз. Мураббийлар штабида ҳам кимлар яъни қайси мутахасислар бўлиши кўпроқ менга эмас бош мураббийга равшанроқ деб ҳисоблайман. Тўғри, баъзи бир клубларда клуб бош менежери мураббийлар ишига ҳар дақиқада ҳамма масалаларда аралашиб туришади – бу менимча тўғри иш эмас. Агар сен раҳбар бўла туриб уни ишга қабул қилган бўлсанг энг маъқули унга мустақил ишлашга имкон бер, натижани талаб қил. Мураббий нима қилишини ўзи билади. Албатта баъзан шундай ҳолатлар бўладики, мураббийлар ишига раҳбар сифатида аралашишга тўғри келади, бу менинг фаолиятимда камдан-кам учрайдиган ҳолат.

-Клубнинг молиявий аҳволи қониқарлими? Футболчиларга маош борасида қарздорлик йўқми?
-Очиқ айтаман, қани энди бунданда яхши молиявий имкониятга бўлсак, бунданда яхши имкониятларга эга бўлсак. Аммо ҳозирда айрим клублардаги молиявий аҳволдан кўра бизнинг аҳволимиз анча яхши. Бундан нолиш одобга тўғри келмайди. Бу борада бизга омад кулиб боқмоқда. Клубимиз томонидан ўйинчиларимизга ҳеч қандай маош бўйича қарздорлигимиз йўқ. Тан олиш керак, бизда ҳам айрим пайтлар узилишлар бўлиб туради, аммо бу кўпга чўзилмайди. Клубимизнинг маошдан ташқари харажатлари ҳам катта. Чунки биз инфракструктурамизни доимо ривожлантириш устида ишлар олиб бораяпмиз. Биргина мисол биз яқинда ўринбосарларимиз учун алоҳида базани туҳфа қилмоқчимиз. Шу биргина база сўзи орқали ифода этилаётган мажмуага футболчилар учун ҳамма шароитлар муҳайё қилинади. Ҳозир буни бирма-бир санаб ўтирмоқчи эмасман. Ким ҳам ҳоҳламайди дейсиз жуда кўп маблағи бўлишини... Аммо ҳозирги кунда фаолиятимиз учун, яхши натижа кўрсатишимиз учун хуллас барчаси учун молиявий имкониятимиз етарли. Бунинг учун бизга ҳомийлик қилаётган Шўртангаз кимё мажмуаси раҳбариятига у ерда меҳнат қилаётган инсонлардан миннатдормиз.

-“Насаф” футбол клуби ўз инфраструктурасини ривожланишига жуда катта эътибор қаратадиган клуб ҳисобланади. Шу жиҳатдан “Марказий” стадион реконструкцияси яна давом эттириладими?
-Стадионимиз реконструкцияси ҳақида гапирадиган бўлсам, жанубий трибуна томонда клуб офиси барпо этилди ва чиройли фасадга эга бўлди. Стадионнинг бу қисми бошқа ўзгартирилмайди. Шимолий трибунага келсак, бу томон реконструкцияси вақтинчалик тўхтатилган. Вақти келиб, аниқроғи муассисимиз томонидан шу ишга маблағ ажратилгач бу трибуна реконструкцияси ҳам ниҳоясига етказилади. Стадион ҳозир ўз бағрига 16000 мухлисни сиғдира олади. Реконструкция ишлари тугаллангач эса 20 000дан ошиқ ўринга эга бўлади. Агар мухлисларимиз “Марказий” стадионни асосий лойиҳа даражасида кўришни ҳоҳласалар- ўйинларимизга кўплаб ташриф буюришсин, ўз севикли жамоасини кўпчилик бўлиб, қўллаб-қувватлашсин. Бу албатта режаларимизни тезлаштиришимизга ҳам туртки бўларди. Биз азиз мухлисларимизни стадионда кўпроқ кўришни жуда ҳоҳлаймиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ишларни охиригача етказамиз.

-Жамоадан иккинчи даврада қандай натижа кўтаяпсиз? Сизнингча жамоа ОЧЛ мусобақаси йўлланмасини қўлга киритиши мумкинми?
-Мен албатта шу ерда чемпионатимизни қандай бошлаганимизни эслайман: биринчи турда ўз майдонимизда дуранг ўйнадик, иккинчи турда “Бунёдкор”дан мағлубиятга учрадик... Бу ҳолат кўплаб мухлисларимизда жамоага нисбатан салбий фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Аммо биз бугунги кунда мухлисларимизга жорий чемпионатда шунчаки ҳаракат қилмаётганимизни оз бўлсада исбот қилдик. Бу мени ҳам жуда қувонтиради. Мен ҳам худди сизлардек “Насаф” ташкил бўлгандан бўён жамоага мухлислик қиламан. Ўйлайманки, жамоамиз ҳозирги кунда анча мазмунли ва қизиқарли ўйинлар намойиш этмоқда. Бизда юқори ўринлар учун курашишга салоҳият етарли даражада. Энди ОЧЛ йўлланмасига келсак, бу етишиб бўлмайдиган нарса эмас. Бунинг учун курашаяпмиз, эзгу мақсадларимиздан бири ҳам шу. Агар мақсад бўлмаса ишингда қандай маъно бўлиши мумкин? Айтишадику, “солдат, солдат эмас агар у генерал бўлишни орзу қилмаса” деб. Шундай экан ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун жуда кўп меҳнат қилишимиз керак. Буни ўйинчилар ҳам, мураббийлар ҳам, қолаверса мухлисларимиз ҳам чуқур ҳис қилишлари ва қайсидир маънода ўзларининг ҳиссаларини қўшишлари керак.

-Стадионга кириш чипталарини категорияларга бўлиб сотишни иложи борми, масалан 4-5 минг сўмга чипта олиш айрим мухлисларга қимматлик қилаяпти?
-Агар ўйинларга билет сотиш клуб даромадининг бир қисми дейдиган бўлсак, бу борада мақтана олмаймиз. Агар жамоани бир ойда бир ёки икки ўйин ўтказаётганини ҳисобга олсак. Бу унчалик катта суммани ташкил қилмайди. Агар ҳақиқий мухлис учун ўртача 4-5 минг сўмлик чипта қимматлик қилса, билмадим. Менинг тасаввуримга кўра, мухлисларимизнинг чипта харидлари орқали, футболнинг, ўз севган жамоасининг ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини асло унутмасликлари керак. Аммо бизда 12 ёшгача бўлган болалар учун стадионга кириш мутлақо бепул. Бу йилдан аёлларимиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз учун алоҳида секторлар ташкил қилдик. Улар учун ҳам стадионга кириш текин. Бу соҳада ҳам келгусида қиладиган ишларимиз кўп.

-Сиз мухлисларни жуда ҳурмат қиладиган клуб раҳбари ҳисобланасиз, уларнинг клубга нисбатан ишончини янада ортириш бўйича қандай ташаббуслар кутган бўлардингиз?
-Мен бу ҳақда юқорида фикрларимни баён қилдим. Биз мухлисларни стадионимизда кўпроқ кўришни ҳоҳлаймиз. Ишонинг буни молиявий жиҳатдан унчалик аҳамияти йўқ. Балки, бу жамоа учун жуда катта далда бўлар эди. Улар ўзларининг меҳнатини Сизнинг юзларингиздаги қувончлар орқали кўргиси келади. Сиз қанчалик кўп ўйинчиларни қўллаб-қувватласангиз улар шунчалик кучли ўйнашга ҳаракат қилишади. Яна қўшимча қилиб шуларни айтмоқчиманки, мабодо мухлисларимизда фаолиятимизга нисбатан қандайдир эътирозлар бўлса, марҳамат ўзимизга келиб айтинг. Бу ишимизнинг ривожига ҳам фойдаси бор. Аммо четда туриб ёки стадионда туриб, бўлмағур миш-мишлар ёки ҳақоратлар қилиши – бу бизнинг миллий маданиятимизга асло тўғри келмайди. Шундай мухлисларимиз бор, яхши ўйин кўрсатсак ҳам доимо норози. Аммо сабр қиламиз, инсофга келиб қолар деб. Баъзан ўйлаб қоласан шунақа инсонларни мухлис деб ҳисоблаш тўғримикан деб. Бундайлар нима ҳоҳлашади ўзи, бу фақат ўзларига маълум. Яна такрор айтаман: агар мухлисларимизда ишимизнинг ривожи учун ҳар қандай таклифми, ташаббусми ёки мулоҳазаси бўлса, эшитишга тайёрмиз. Бу бизнинг вазифамиз. Мухлисларимиз орасида юқори маданият ва одоб-ахлоқ соҳиблари жуда кўпчиликни ташкил қилади. Сўзимни охирида шуни айтмоқчиманки, барча ҳаракатларимиз ва фаолиятимизнинг асосий мақсади Сиз мухлисларимизни хурсанд қилиш. Футболни севишда давом этинг, барчамизга жамоамизнинг улкан зафарларини нишонлаш бахтига Яратганнинг ўзи муяссар қилсин!

-Шамил Самигулович, мазмунли суҳбатингиз учун Сизга барча мухлислар номидан ўз ташаккуримизни изҳор этамиз. Сиз ва Сизнинг раҳбарлигингиздаги клуб ходимлари, биз мухлислар учун қилаётган ишларингизда асло чарчаманг деб қоламиз.

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 10:06, 10.07.2013.
Ўқилди: 4719 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.