Саудия Арабистони расмийларининг 2034 йилги жаҳон чемпионатини ташкил этиш бўйича режалари ўзгариши мумкин. Янги стадионларни яратиш бўйича лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш зарурати нефть нархининг пасайиши ва Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси даромадларининг қисқариши билан боғлиқ, деб ёзади The Guardian.
Стадионларни қуриш бўйича архитекторларнинг ҳозирги таклифлари ҳаддан ташқари қимматга тушгани сабабли, улар ўз лойиҳаларини қайта топширишлари керак бўлади. Баъзи инновацион ечимлардан воз кечиш режалаштирилган, улар орасида суриладиган томлар ва мураккаб кондиционер тизимлари мавжуд.
Бюджетнинг қисқариши ўйин ўтказиладиган жойларни танлашга ҳам таъсир қилиши мумкин. Дастлаб ўйинлар бутун мамлакат бўйлаб бир қатор шаҳарларда ўтказилиши тахмин қилинган эди, аммо ҳозирда ўйинларнинг аксарият қисмини зарур инфратузилманинг бир қисми мавжуд бўлган ҳудудларда тўплаш варианти кўриб чиқилмоқда.













