Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Трансфер сиёсати - «очкўзлик»ми? Ёхуд «Динамо» раддияси

Баҳо:
+1 | -

2013 йил 7 август куни Бобомурод Абдулланинг интернетдаги блогида ёзилган «Самарқандда футболчи «товар»ми?» сарлавҳали мақоласи бир қатор футбол сайтларида ҳам эълон қилинди. Мақолада «Динамо» клуби раҳбарияти ва футболчиси Александр Клецков, футбол агенти Санъат Шарипов, Улуғбек Мирзаевлар ўртасидаги тортишувлар, муҳокама қилинган. Натижада юртимизда катта ўқувчилар аудиториясига эга бўлган сайтлар ўқувчилари наздида «Динамо» клуби ҳақида нотўғри қарашлар юзага келган. Бу борада клуб мақолада келтирилган маълумотларни бир ёқлама, асосга эга бўлмаган ва жамоа шаънига доғ туширилиши сифатида қабул қилишини маълум қилади. Аслида ким қонун доирасида ишлаган-у, ким очкўзлик қилганлигига раддия давомида гувоҳ бўласиз.

ҚОНУНБУЗАР АСЛИДА КИМ?

Муаллиф Бобомурод Абдулла ёзган мақолада клуб шаъни ва вице-президенти шахсиятига нисбатан номақбул фикрлар билдирилиб, сўнг «Динамо» футболчиси Александр Клецков ва футбол агенти Санъат Шариповнинг футболчи трансфери борасидаги воқеалар ривожини ёзади:

«Александр Клецковнинг агенти Санъат Шарипов футболчига Туркиядан “Ордуспор” клубини топиб бергач, ҳимоячи давралар оралиғидаги танаффус пайти турк жамоасида синовдан ўтиш учун “Динамо” раҳбариятидан ижозат сўрайди. Клуб вице-президенти футболчига рухсат беради, чунки ҳимоячи ва клуб раҳбарияти ўртасида тузилган оғзаки келишувга кўра, агар 2013 йилги мавсум давомида Клецковга бошқа жамоалардан, хусусан, хориждан яхши таклифлар бўлса, “Динамо” раҳбарияти футболчини бошқа клубга қўйиб юборишга ваъда берган» - дейилади мақолада.

Келинг, мана шу ернинг ўзида воқеаликка аниқлик киритсакда ва футболчи ҳамда агентнинг регламент ва қоидаларга мувофиқ қай даражада иш тутганликларини санаб ўтиб, аслида ким қонунбузар эканлигига ойдинлик киритсак. Шу ўринда «Ордуспор»нинг қандай иш тутганлигига назар ташласак. Дастлаб, бош ролдаги Александр Клецковнинг қоидадан ташқаридаги «иш»ларига эътибор қаратамиз.

1. Муаллиф Бобомурод Абдулла клуб футболчи билан «оғзаки келишув» тузилганлиги ва унга кўра, хориждан таклиф бўлса жавоб берилиши ҳақида айтиб ўтган. Аммо бундай «келишув» қандай тузилиши бизга қоронғу. Клуб ва футболчи ўртасида фақат меҳнат шартномаси тузилади. Ушбу шартномага мувофиқ, А.Клецков «Динамо» ПФК билан йил якунига қадар шартномага имзо чеккан ва бу вақт давомида у жамоа сафида бўлиши лозим. Аммо, клуб футболчи олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариб келган бўлсада, А.Клецков биринчи даврадан кейин, амалдаги шартномасига зид равишда Туркия биринчи лигаси жамоаси таркибида ўкув-машғулотларида иштирок этиб, якунда «Ордуспор» билан ҳам шартнома имзолайди. Бу борада клуб футболчидан эмас, ОАВдан хабар топди. Клецковнинг клубдан рухсат олганлиги борасидаги гаплар уйдирмадан бошқа нарса эмас. Хусусан, футболчи ва клуб ўртасидаги тузилган шартноманинг 3-бўлим, 3.8-бандига асосан, клубнинг ёзма рухсатисиз, футболчи бошқа клуб сафида майдонга тушишга, бошқа жамоага ўтиш учун музокаралар олиб бориши қатъиян ман этилади, акс ҳолда ПФЛ регламентига асосан жазоланади.

2. Юқорида Б.Абдулла, футболчи А.Клецковнинг футбол агенти С.Шариповнинг расмий мижози эканлигини ёзади. Аслида ҳам шундайми? Агар, ҳақиқатдан ҳам Шарипов Клецковнинг футбол агенти бўлганида, ПФЛ регламенти 18-бўлим, 1-бандига биноан футболчи ва агентнинг ушбу ҳамкорлиги А.Клецков ва «Динамо» ПФК ўртасида тузилган шартномада расмий тарзда алоҳида кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бироқ, Клецков билан тузилган шартномада унинг агенти борлиги ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

3. Шу ўринда ФИФА агенти саналмиш Санъат Шариповнинг регламентларга зид равишда, шартномага эга футболчини, унинг амалдаги клубига хабар бермай, ўз манфаати йўлида Олий лига савиясидан юқори бўлмаган бошқа чемпионатдаги янги жамоага олиб боришини ва ўртада туриб шартнома имзоланишини таъминлашини қандай тушуниш мумкин? Наҳот ФИФА агенти профессионал шартномага эга футболчини ПФКнинг рухсатисиз бошқа клубга ўтказиш мумкин эмаслигини билмаса? Зеро, ПФЛ регламенти 17-бўлим 5-бандида алоҳида қайд этилганидек, «Бошқа клубга ўтказиш илинжида, шартномага эга футболчини клуби билан ўртадаги шартномасини бузишига чорлайдиган агентлар жазоланишади», дея ёзиб қўйилган.

4. Бу борада «Динамо» ПФК Туркиянинг «Ордуспор» клубини ҳам футболчи билан шартнома имзолаётганда барча қонун ва қоидаларни қўпол равишда бузганликда айблайди. Футболчининг шартномаси бор ёки йўқлигага қизиқмаган ушбу «профессионал» клуб тегишли ҳужжатларсиз «Динамо» ПФК ихтиёридаги А.Клецков билан шартнома имзолаган ва буни расмий сайтида оммавий тарзда эълон қилган. Бу борада «Динамо» Туркия клубидан расмий тушунтириш хати жўнатишни сўрайди, акс ҳолда бу борада Самарқанд жамоаси ФИФАга арз қилиши мумкинлигини билдиради.

«ХОМ» ПИШГАН ИШНИНГ «НАТИЖАСИ»

Муаллиф мақоласида давом этаркан, бир ёқлама фикрларида давом этиб, ноқонуний трансфернинг амалга оширилмаганлигига сабаблар излайди.

«Туркиядаги машғулотлар ва ўртоқлик учрашувлари пайти Клецковнинг ўйинлари “Ордуспор” клуби мураббийларига маъқул бўлиб, турклар футболчини ўз сафларига қўшиш учун амалий иш бошлагач, Ф.Каримов “Динамо” клуби спорт директори Рустам Истамов ва юристи Шуҳрат Хотамов орқали Клецковнинг агенти Санъат Шариповга, агентнинг расмий ишончли вакили Улуғбек Мирзаевга футболчининг трансфер нархини эълон қилиб: “Клецков 100 минг доллар туради, деб айтади», - дея ёзилади мақолада.

Аслида, йиғиндан кейин «Ордуспор» дарҳол Санъат Шарипов орқали Клецков билан шартнома имзолаб, уни расмий сайтида эълон қилишга ҳам улгурди. Бу «Динамо» билан тузилган шартноманинг поймол қилинишини ва Туркия биринчи лигаси вакили билан ноқонуний шартнома имзоланганлигини билдиради.

Бунга жавобан, «Динамо» ПФК Александр Клецков билан йил бошида тузилган шартноманинг 4-бўлим, 15-бандига биноан, «ўз хоҳиши билан бошқа жамоага ўтган футболчи, амалдаги клуби белгилаган суммани тўлашга мажбур» дея ёзилган банддан фойдаланди.

Футбол агенти ва футболчининг бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйганликларига қарамай, муаллиф Бобомурод Абдулла фақат бир томонга нисбатан тарозини босишда давом этиб, расмий лавозими аниқ бўлмаган Улуғбек Мирзаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради:

«Улуғбек Мирзаевнинг айтишича, Клецковнинг трансфери борасида олиб борилган музокаралар пайти Фирдавс Каримов на футболчининг, на унинг агентининг, на “Ордуспор”нинг ҳолати ва истакларини тинглашни истамаган» - дейилади Б.Абдулла мақоласида.

Аслида эса клуб қароргоҳига фақатгина У.Мирзаев ташриф буюрган. Бироқ, Самарқандга «Динамо» футболчиси А.Клецков масаласини ҳал этиш учун клуб расмийлари билан учрашувга келган ушбу шахсдан, унинг ким эканлиги, Клецковга қандай алоқадорлиги сўралганда, У.Мирзаев на футбол агенти эканлигини тасдиқловчи лицензияни ва на бирор ҳужжатни кўрсата олмаган. С.Шариповнинг ўзи эса клуб вакиллари билан учрашмаган. Футболчи билан шартнома имзолаган «Ордуспор»нинг вакили у ёқда турсин, ҳатто бу жамоанинг истаклари ҳам клубгача етиб келмади. Бундай ҳолатда Ф.Каримов кимнинг «истаги»ни тинглаши лозим эди?

Хуллас, хориждаги ишни бир амаллаб «пишитиб» қўйгандан кейин, «Динамо»ни кўндиришга ҳаракат қилган «манфаатдор»лар клуб вице-президентидан футболчининг «открепление»сини сўрашади. Бунга жавобан, табиийки, раҳбардан рад жавобини олишади.

Фирдавс Каримов клуб манфаатини қатъий ҳимоя қилиб, барчасини фақат расмий тарзда ҳал қилиши мумкинлигини айтади. Аслида, футбол агенти ҳам, футболчи ҳам, ўша Туркиядаги клуб ҳам Клецков борасида расмий тарзда жамоага мурожаат этганида, иш бу даражага етиб бормасди. Аммо, на футболчи, на унинг агенти-ю, на ўша биринчи лига жамоаси «Динамо» клубига футболчи борасида расмий таклиф билан чиққани йўқ. «Динамо» ПФК эса, Клецковнинг расман «Ордуспор» клубига ўтиши учун, амалдаги шартнома бандидан фойдаланиб, клуб ҳисоб рақамига трансфер суммасини тушириб беришлари лозимлигини сўради.

Юқорида клуб ўз футболчиси учун сўралган 100, 50, 30 минг АҚШ доллари музокара давомидаги табиий ҳолатдир. Ҳар ҳолда, ҳатто ўша мақола муаллифи Бобомурод Абдулланинг олдинги мақолаларида ёзганидек, ҳар бир Олий лига клуби ўз футболчиларини трансфер қилиб, клуб ғазнасига даромад келтиришга ўтиш вақт етди. Ёки ҳурматли муаллиф бугунга келиб энди бу фикрларидан тонармикан?

ФУТБОЛЧИ ТЕКИН БЕРИЛИШИ КЕРАКМИ?

Б.Абдулла мақоласини ўқишда давом этарканмиз, беихтиёр савол туғилади: клуб билан шартномаси бор футболчи клубига тегишлими ёки агентга? Ёхуд шартномаси мавжуд футболчи нима учун клубдан шунчаки текин қўйиб юборилиши ва агент ихтиёрига топширилиши лозим?

“Сўнгги кунлардаги музокараларда “Динамо” футбол клуби юристи Шуҳрат Хотамов Клецковнинг трансфери, бу борада эълон қилинган нарх ҳақида клуб раҳбариятининг умумий ва сўнгги позициясини эълон қилаётиб: “Футболчи – бу товар. Ҳудди корхона бирор товар ишлаб чиқариш учун пул сарфлаб, кейин уни ўзи истаган нархда сотишга ҳуқуқи бор бўлганидек, клубнинг ҳам футболчига сарфланган пулларни қоплаб, даромад келтирадиган нархда сотишга ҳаққи бор”, - деди. Футболни ва футболчини тушунадиган раҳбар ҳеч қачон футболчини товарга қиёсламайди”, - дея Улуғбек Мирзаев сўзларидан навбатдаги иқтибосни келтиради Бобомурод Абдулла.

Қизиқ, деярли харажат қилмай, футболчини шахсий буюмдек бошқа клубга ўтишини таъминлаб, «олибсотар»дек унинг орқасидан манфаат кўрган футбол агентлари ҳақларини талаб қилишга ҳақли-ю, йил бошидан футболчига кўтарма пули, ойлик иш ҳақи ва мукофот пуллари билан миллионларни сарф этган, шартномага эга клуб манфатини ҳимоя қилишга ҳаққи йўқми?

Йил бошида «Пахтакор» заҳирасидан «Динамо»га таклиф этилиб, унга шунча харажат қилиб, ўйин амалиётига эга бўлишини таъминлаган клубнинг ўз футболчисидан манфаат кўришига наҳотки ҳаққи бўлмаса?

«Ҳафсаласи пир бўлган футболчи 5 август куни Тошкентга қайтиб келди ва эртаси куни, яъни 6 агустда Самарқандга йўл олди. Аммо иккинчи даврани ҳам “Динамо”да ўйнашга ният қилиб Самарқандга борган Клецков Фирдавс Каримовнинг қўпол муомаласига дуч келди» - дея чуқур ҳайрат билан ёзади Б.Абдулла.

Қизиқ, муаллифнинг фикрича, бир неча ой давомида клуб нон-тузини еб, кейин кимларгадир ишониб, шартнома бандларини бузиб, жамоа юзига оёқ қўйган футболчи қучоқ очиб, тантанали кутиб олиниши лозиммиди?

АСЛИДА КИМ ЖАБРЛАНУВЧИ?

Ажабланарлиси, шунча ишни бажариб қайтган футболчига мақола муаллифи “Қайси айбинг учун жазолашмоқчи?” дея савол берган.

“Фирдавс Каримов нима учун менга бундай муносабатда бўлаётгани менга ҳам қоронғу. Ахир, трансферим амалга ошмай қолгандан кейин жамоа ихтиёрига қайтиб келган бўлсам. “Динамо”да ўйнашимни ҳам, олий лиганинг бошқа клубига ўтишимни ҳам исташмаяпти. Бундан ташқари, “Динамо” билан тузилган шартномага кўра, мен жамоа учун чемпионат охиригача ўйнашим керак бўлса”, - дейди Клецков «Динамо» билан амалдаги шартномаси ёдига тушиб.

Вице-президентнинг Александр Клецковга тожик тилида, юқори оҳангда яхши муносабатда бўлмаганлиги эса навбатдаги уйдирма ва провакацион ёлғондан бошқа нарса эмас.

Клецковнинг жамоа таркибига қайтарилмаганлиги сабаби оддий. Футболчи Туркияга кетар чоғида, на раҳбар ва на бош мураббий Равшан Ҳайдаровга айтмай кетди. Натижада иккинчи давра олдидан ўтказилган йиғин пайтида жамоа билан бирга бўлмади ва мураббийлар штаби қарорига мувофиқ, унинг ўрнига бир қатор футболчилар жамоага жалб этилди.

Бобомурод Абдулла бўҳтон ва туҳматдан иборат мақоласини давом эттираркан, Клецковдан ташқари А.Рисқуллаев ва В.Киликевичлар ҳам «Динамо»дан «открепление»ларини ола билмаётганликларини ёзади. «Фирдавс Каримов фақат Клецковга нисбатан эмас, балки “Динамо”нинг бошқа футболчиларига нисбатан ҳам нопрофессионал ва, ҳаттоки, золимона муносабатда бўлмоқда. Хусусан, айни кунларда Аҳрол Рисқуллаев ва Владимир Киликевичлар ҳам иккинчи даврадаги тақдиридан ҳавотирга тушишган. Масалан, давралар оралиғида Аҳрол Рисқуллаев Намангандан тушган яхши таклиф туфайли “Навбаҳор”да кўрикдан ўтиш учун “Динамо” раҳбариятидан ижозат олган. Аммо кейинчалик Рисқуллаев намангаликларнинг машғулотларида иштирок қилиб, уларга маъқул келгач, “Динамо” вице-президенти Фирдавс Каримов футболчига нисбатан тўнини тескари кийиб олган. Ҳозир ушбу футболчининг бошига ҳам Клецковнинг куни тушган: на “Навбаҳор”га бора олади, на “Динамо”да ўйнай олади. Чунки вице-президент жаноблари осмоний талаблар қўйиб, “открепление” бермаяпти. Украиналик легионер Владимир Киликевич “Динамо” вице-президентининг муносабатидан нолиб, ФИФАга арз қилиб улгурган. Мусофирликда юрган ушбу футболчи “Динамо” ва “Бухоро” ўртасида муаллақ қолган. “Динамо” раҳбарияти Киликевични на “Бухоро”га қўйиб юбормаяпти, на “Динамо”да ўйнатмаяпти» - дейди Б.Абдулла.

Муаллиф Бобомурод Абдулла ушбу мақоласини ёзаётганида «жабрланувчи»ларни сунъий тарзда кўпайтириб, очиқдан-очиқ туҳмат қилишга ўтади. Чунки, Рисқуллаев ва Киликевичнинг “золимона” клубда олиб қолинаётганлиги, клуб вице-президенти томон отилган тошдан бошқа нарса эмас. Чунки, клуб биринчи давра давомида вақтини асосан заҳирада ўтказган ҳимоячи Аҳрол Рисқуллаев билан ҳисоб-китоб қилиниб, ўртадаги шартномани тўхтатди. Яъни, бу футболчига жавоб бериб юборилди. Легионер номига муносиб ўйнай олмаган украиналик яримҳимоячи Владимир Киликевич эса Тошкентдаги йиғин давомида клубнинг рухсатисиз жамоани тарк этди. Аҳрол Рисқуллаевнинг «Навбаҳор»га, Владимир Киликевичнинг «Бухоро»га ўтиши учун «Динамо»нинг тўсқинлик қилаётганлиги борасидаги гаплар ҳақикатга яқин эмас. Шунчаки, клуб Киликевичнинг жамоага расмий хабар бермай, клуб ихтиёрини тарк этганлигидан норози. Аммо, бу футболчининг ҳужжати берилмаяпти, дегани эмас. Чунки, юқорида тилга олинган ҳеч бир клублар ҳозирча бу футболчиларни ПФЛ «заявка»сидан ўтказиш учун «открепление»сини сўраб, расмий тарзда жамоага мурожаат қилгани йўқ.

КЎЗ ЮМИБ БЎЛМАЙДИГАН ҲАҚИҚАТ

Кимларнингдир қистови ёки «қистирма»си билан оқни қоралашга уринаётган Бобомурод Абдулла, умрида учрашмаган, бирор маротаба суҳбатлашмаган «Динамо» клуби вице-президенти ва жамоани асосиз қоралашда давом этган.

«Фирдавс Каримов “Динамо”нинг ва умуман Самарқанд футболининг шуҳратини Ўзбекистон ҳамда дунёга шу тариқа таратмоқчи, шекилли. Шу сабабдан “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” деган машҳур ибора вилоят футболи ва “Динамо”га келганда кучини йўқотиб турибди» - дейди, муаллиф.

...Ҳар нарсанинг ўз чеку чегараси бор. Бобомурод Абдулла бўладими, бошқа киши бўладими, қатъий назар, Самарқандни, унинг футболини камситишга заррача ҳаққи йўқ.

Ўзини “журналист” санайдиган, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яхшисини яшириб, ёмонини ошириб кўрсатишга муккасидан кетган айрим тоифа вакилларининг нафаси сезилиб турибди. Хориж оммавий ахборот воситалари учун ишлаётганлар юрт шаънидан кўра моддий манфаатни устун қўйиши барчамизга яхши маълум. Аммо мамлакат ичидаги бўҳтон гаплар кимга ва нимага керак бўлиб қолди экан?! Уларнинг “тегирмoни”га сув қуядиганлар ким бўлиши мумкин?

Иккинчидан, Самарқанд футболининг ташвишини қилаётганлар биргина сўнгги йилларнинг ўзида шу юртдан етишиб чиққан, Баҳодир Насимов, Артем Филипосян, Анвар Fофуров, Дилшод Шарофутдинов, Салим Мустафоев, Эркин Бойдуллаев, Илҳом Юнусовлар ҳақида наҳотки ҳеч нарса билмаса. Ёшлар, ўсмирлар терма жамоалари сафида ҳам самарқандлик футболчиларнинг жой олишаётгани фикримизга яна бир исбот бўла олади.

Жамоа вице-президенти Фирдавс Каримов шахсига нисбатан айтилган ҳақоратомуз фикрларга ҳам кўз юма олмаймиз. Зеро, айнан ушбу раҳбар қўл остида бу йилдан эътиборан клуб бир неча йиллик дастурига эга бўлиб, ўз йўлини танлади. Жамоа учун бутун вилоят бўйлаб футболчилар изланиб, таркибга жалб этилди. Сўнгги йилларгача бир қатор футболчиларни етиштириб, сўнг эса шунчаки бошқа клубга «совға» қилиб юборган «Динамо» ПФК энди трансфер борасида ҳам ўз йўлига эга бўлиб бормоқда.

Хусусан, жорий йил бошида 21 ёшли футболчимиз Салим Мустафоевга Тошкентнинг «Локомотив» клубидан таклиф тушди. Тўрт йил давомида клуб бағрида улғайган, терма жамоада ҳам ўзини кўрсатган футболчининг нархи 100 миллион сўм эканлиги «темирйўлчилар»га маълум қилинди. Олиб борилган музокаралардан сўнг «Локомотив» клуби Салим Мустафоевнинг трансфери учун «Динамо» ҳисоб рақамига 72 миллион сўм маблағ ўтказиб берди.

Бу жамоанинг танлаган йўли секин-аста ўзини оқлаётганидан дарак. Клуб фақат ҳомийларнинг пулига қарам бўлиб қолмай, ФИФА ва ОФКнинг талабларига асосан ўзини ўзи бошқара олиш йўли сари илк қадамларни ташламоқда. Зеро, футбол бугунги кунда фақат ўйин эмас, бизнес эканлиги жаҳон тажрибасидан маълум.

Айниқса, бугунги кунда стадионларга энг кўп мухлис тўплаш борасида Ўзбекистонда энг етакчи уч шаҳардан бири бўлиб турган Самарқандда ҳам клуб йиллик таъминотининг маълум фоизини айнан реклама ва томошабинларга яратилган шароит, клуб атрибутикалари орқали қоплашни белгилаб олган. Афсуски, жаҳон футболи - ривожланиш дастури дея, тан олган бу андозани Бобомурод Абдулла тан олишни истамайди.

БУ – ЗАМОН ЗАЙЛИ, ҲУРМАТЛИ «ЖУРНАЛИСТ»

Бир саволга биргаликда жавоб топсак: Бобомурод Абдулла ва айримлар нега энди бошқа клублар эмас, айнан ривожланиш йўлини танлаган «Динамо» клуби ҳақида мақола ёзишни мақсад қилди экан? «Динамо»нинг одилона трансфер сиёсатини «очкўзлик», «синдириш» сифатида баҳолашга уларни нима мажбур қилди?

«Афсуски, трансфер сиёсатидаги очкўзлик анъанасини бугунги кунда Ўзбекистонда “Динамо” (Самарқанд) раҳбарияти давом эттириб, хориж клубларида ўйнашни истаётган футболчиларни “синдириш” ишларига бош-қош бўлмоқда. Самарқанд вилояти мутасаддилари “Динамо”да бўлаётган ишлардан хабарлари борми? Хабарлари бўлса, нега Фирдавс Каримов жамоа футболчиларига нисбатан ўзини профессионал раҳбар эмас, худди қулдор ёки феодалдек тутмоқда?», дея ёзади Б.Абдулла.

Клуб ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб, футболчиси учун транфсер пулини талаб қилиши наҳотки очкўзлик бўлса? Нима учун фақат агентлар футболчилари билан клубларни ўз «ноғора»ларида ўйнатишмоқчи бўлади?

Қонун доирасидан чиқиб, манфаатига ета олмаган шахсларни «жабрланувчи» сифатида кўрсатган, аксинча, клуб ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган раҳбарнинг ишини эса феодализмга қиёслаган Бобомурод Абдулла замондан орқада қолганини ҳали тушунмас экан. Муаллиф «вилоят мутасаддилари бу ишларни кўрмаяптиларми» мазмунидаги мурожаати ҳам Б.Абдулланинг ҳали бу борада билим ва тушунчаси йўқлигини кўрсатиб турибди.

Масаланинг фақат бир томонига қараган муаллиф мақола сўнгида қуйидагиларни ёзади: «Ахир, Клецков Туркияда ўйнаб кетса, “Динамо”нинг, Самарқанд ва Ўзбекистон футболининг довруғини оширмасмиди? Клецков “Ордуспор”да ўйнаб кетса, Туркия футболининг эшиклари ўзбекистонлик бошқа футболчилар учун ҳам очилмасмиди?»

Қизиқ, Олий лига савиясидан паст бўлган Туркия биринчи лигасида ўзбекистонлик футболчининг тўп суриши футболимиз довруғини оширадими? Бундан ўзбек футболига не наф? Манфаат йўлида қуйи лигаларни кучли лига сифатида кўрсатиш кимга керак? Аслида, футболчимизга Туркия биринчи лигаси эмас, Россия премьер лигасига ўхшаган кучлироқ чемпионатдан таклиф тушганида, жамоа Ўзбекистон, Самарқанд довруғини таратиш учун Баҳодир Насимовни Россия чемпиони «Рубин»га қўйиб юборганидек, бу футболчига ҳам оқ йўл тиларди.

Б.Абдулла мақола бир томонлама бўлмаслиги учун клуб вице-президентига қўнғироқ қилганлигини, аммо таажжуб билан раҳбар телефонини кўтармаганлигини айтади. Аслида ҳам вице-президентнинг тўғри келган суҳбатдошга жавоб бериши керак эканлиги қаерда ёзиб қўйилган? Ўзини ва ўзгани ҳурмат қилган журналист катта мақола ёзишдан олдин иккинчи томон билан учрашиб, унинг фикрларини ҳам тарозининг иккинчи палласига қўйиши керак эмасми? Ёки қарама-қарши томондан манфаат йўқлиги уни Самарқандга келиб-кетиш бефойда, деб ҳисоблашига сабаб бўлганмикан?!.

ХУЛОСА

Хулоса шу, мақоласида динни, эътиқодни пешво қилиб, муқаддас кунларда кўпчилик кўнглини қолдириб, бўҳтонларга кўмиб ташлаган Бобомурод Абдулла ўзгаларни инсофга чақирмай, аввал ўзига инсоф тиласин.

Биз бугун ҳуқуқий ва демократик мамлакатда яшаяпмиз. Ушбу раддияни айнан омманинг нотўғри фикрда бўлмаслиги учун ёздик. Ўзининг кўп йиллик тарихига эга бўлган клубимиз устидан «мағзава» ағдараётганлар билан эса, ҳар қандай муаммо ёки баҳсли ҳолатлар бўйича ўз ҳақ-ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилади.

Шундай экан, кимларнингдир манфаатлари эвазига оқни асоссиз равишда қора дейишда давом этаётган айримлар билан ҳам веб-сайтлар, блоглар орқали эмас, фақат ҳуқуқий жиҳатдан курашишини билдиради.

Сўнги сўз сифатида шуни айтишни истардикки, айрим муаллифлар томонидан катта аудиторияга эга электрон нашрларда эълон қилинаётган бирёқламали мақолаларни эълон қилишдан олдин, сайт ижодкорларидан чуқур таҳлил этишни сўраб қолардик.

Зеро, минглаб мухлисларга етказилаётган маълумот ва мақолаларнинг асосли, негизи ҳақиқатдан иборат бўлиши лозимлиги биз, ОАВ вакилларининг жамият олдидаги бурчимиздир.

Усмон ИБОДОВ,
«Динамо» клуби матбуот котиби.

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 13:19, 12.08.2013.
Ўқилди: 13428 марта.
Фикрлар: 84 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.