Юртимиз истиқлолга эришгач халқаро спорт ареналарда қўлга киритилаётган муваффақиятларда мамлакатимиз чарм қўлқоп усталарининг қўшаётган хиссалар жуда ҳам катта десак, муболаға қилмаган бўламиз. Мардонавор боксчиларимиз қаерга боришмасин, улар иштирокидаги мусобақалар нуфузи нечоғлик юқори бўлмасин, шода-шода медалларни қўлга киритган холда Ватанимизга ёриуғ юз билан қайтишлари яхши анъанага айланган. Бу эса ўз навбатида Ўзбек бокс мактабининг шуҳратини халқаро майдонларда йилдан-йилга юксалиб боришига хизмат қилмоқда.
Узоққа бормайликда, биргина жорий йил Қозон шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган XXVII Бутунжаҳон талабалар ўйинларида терма жамоамиз томонидан эришилган муваффақиятнинг ўзи ҳам, юқоридаги фикримизга исбот бўла олади. Мазкур ўйинлар Марс Қўчқоров бошчилигидаги терма жамоамиз аъзолари учун жорий йилнинг октябр ойида Алмати (Қозоғистон)да ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб берди.
“Спортнинг кўплаб турларида бўлгани каби боксда ҳам катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати нуфузи жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейин турадиган мусобақа ҳисобланади – дейди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси Марс Қўчқоров. Шу боис ҳам Қозон шаҳридан қайтгач, терма жамоа аъзоларига маълум муддат татил бериб, 26 – июлдан яна Тошкент вилоятининг сўлим табиат қўйнида жойлашган базамизга йиғилдик. Биринчи ўқув-машғулот йиғин 15 – августга қадар давом этади. Тайёргарликнинг иккинчи босқичи 23 – августдан то 10 – сентябрга қадар давом этади. Шундан сўнг Тошкентда Сидней Жексон хотирасига бағишланиб ўтказиладиган анъанавий халқаро турнирда йигитларни синовдан ўтказамиз. Жаҳон чемпионати олдидан 17 - сентябрдан 10 октябргача сўнгги ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. Айни пайтда юзга яқин боксчилар йиғинларга жалб қилинган. Улар орасидан 10 нафар энг кучлилар жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади”.
“Бўлажак жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш учун ҳар қачонгиданда яхши шароитлар яратилган – дейди терма жамоамиз етакчиларидан бири, “Лондон-2012” Олимпиада ўйинлари совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Аббос Атоев. Она диёримиз чиндан ҳам жаннатмакон ўлка. Биз спортчиларга бўлажак мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришимиз учун мана шундай сўлим табиат қўйнида барча шароитларга эга базалар яратилган. Устозларимиз ҳам дунё тан олган мураббийлар ҳисобланади. Терма жамоадаги муҳит ҳам кўриб турганингиздек аъло даражада. Барчанинг мақсади бир. У ҳам бўлса, жаҳон чемпионатига йўл оладиган терма жамоа сафидан ўрин эгаллаш ва Алмати рингларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш”.
Мураббийларнинг эътироф этишларича, йиғинга жалб этилган барча-барчада жаҳон чемпионатига йўл оладиган жамоа таркибига кириш имконияти мавжуд. Ҳар бир вазн тоифасида жаҳон ва қитъавий мусобақаларда катта тажриба тўплаган 3-4 нафардан боксчилар ўрин эгаллашган.
“Қаердаки рақобат муҳити яхши шаклланган бўлса, ўша ерда натижа бўй чўзаверади. Давлатимиз томонидан биз спортчи ва мураббийларга барча зарур шароитлар яратиб берилган. Шундай экан, биздан фақат муносиб хозирлик кўриш ва юқори натижага эришиш талаб этилади. Тайёргарликнинг биринчи босқичи асосан умумжисмоний машқларга қаратилди. Ҳар бир босқичда пуҳта ишлаб чиқилган режа асосида иш олиб борамиз. Мақсад жаҳон чемпионатида кўпроқ совринларни қўлга киритиб, Ўзбек бокс мактаби шуҳратини оламга янада кенгроқ ёйиш – дейди терма жамоа мураббийси Александр Размахов.
Маълумки, кейинги пайтда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутахассислари жойларда ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинларини бевосита кузатиб, терма жамоа аъзолари билан дилдан суҳбатлашмоқдалар.
Бугун ҳам Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти Фарҳод Турдиев бошчилигида бир гуруҳ мутахассислар мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари йиғин ўтказаётган Республика бокс федерациясининг Янгиобод шаҳрида жойлашган базага ташриф буюриб, спортчи ва мураббийлар билан яқиндан суҳбатлашдилар.
“МОҚ раҳбарияти ва мутахассисларининг бундан ташрифидан асосий мақсад шундан иборатки, юқори малакали спортчи ва мураббийларни тайёрлаш тизимида бевосита иштирок этиш, улар билан яқиндан танишиш, уларга яратилаётган шароитларни жойида кўриб, мавжуд камчилик ва муаммоларни ҳал қилиш, спортчи ва мураббийларнинг машақатли ишларида услубий-амалий ёрдам беришдан иборатдир – дейди МОҚ биринчи вице-президенти Ф.Турдиев.