«Барселона» клуби «Осасуна» вингери Виктор Муньоснинг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Бу ҳақда El Chiringuito нашри хабар бермоқда.
Футболчи ўтган йилнинг ёзида 5 миллион евро эвазига Мадриднинг «Реал» клубидан Памплона жамоасига ўтган эди. Diario Sport нашрининг таъкидлашича, «қироллик клуби» футболчининг кейинги сотувидан 50 фоиз улушни, шунингдек, яқин уч йил ичида уни мос равишда 8, 9 ва 10 миллион еврога қайта сотиб олиш имтиёзини ўзида сақлаб қолган.
Бундан ташқари, 22 ёшли футболчининг шартномасидаги товон пули 40 миллион еврони ташкил қилади, бу эса каталонияликлар учун молиявий жиҳатдан муаммо туғдириши мумкин.
Қайд этиш жоизки, Виктор 2014 йилдан 2017 йилгача «Барселона» академиясида шуғулланган, 2021 йилдан 2025 йилгача эса «Мадрид» тизимида бўлган. Жорий мавсумда Муньос Ла Лиганинг 29 та ўйинида майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













