Хабарингиз бор, ПРО-Лига янги мавсуми старт олди. Куни кеча "Металлург" Қўқонда 1-тур доирасидаги «Яйпан»га қарши учрашувни ўтказди. Қизиқарли кечган баҳсда «Металлург» иродали ғалабага эришди — 2:1.
Бекободликларнинг мавсумдаги илк голига Комилжон Тожидинов муаллифлик қилди. Ярим ҳимоячи жарима майдончасига кириб ўтирмай, кучли ва аниқ зарбаси билан дарвозани ишғол қилди.
Ўз навбатида, биз футболчи таассуротлари билан қизиқдик.
"Биринчи навбатда ғалаба қозонганимиздан жуда хурсандман. Мавсумнинг биринчи ўйини деярли ҳеч қачон осон ўтмайди. Устига-устак сафарда ўйнадик. «Яйпан» ҳам бизга қарши ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Айниқса биринчи бўлимда улар ёмон ўйин кўрсатмади. Мен ҳисобни тенглаштирган вазиятда кўпчилик бўлиб рақиб ҳимоясига босим уюштирдик ва тўпни эгаллаб олишим билан ҳолатга баҳо бердим, имконият бор эди ва гол ура олишимга ишондим, зарба бердим ва гол урдим. Албатта, жуда хурсандман. Аммо худо хоҳласа, бу ҳали бошланиши. Битта гол билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Жамоа ғалабаларига ҳисса қўшишни истайман.
Нисбатан қисқа фурсатда мавсумга тайёрландик. Менимча, ёмон жамоа жамланмаган. Илҳом ака мен учун Ўзбекистондаги энг маҳоратли мураббийлардан бири ва бу жамоамизнинг яна бир устун жиҳати. Танаффус вақтида айнан мураббийларнинг кўрсатмаларидан кейин ўйинимиз ўзгарди ва майдонда назоратни ўз қўлимизга олдик.
Гол уришимизга ва ғалабага барчамизда ишонч бор эди. Айнан мана шу нарса жуда муҳим деб ўйлайман. Сабаби олдимизга лигада чемпион бўлиш вазифаси қўйилган. Шундай экан ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушамиз.
Узоқ йўл босиб бизни Қўқондаги стадионда қўллаб турган мухлисларга ҳам раҳмат демоқчиман. Футболчи учун бу ёқимли ҳолат. Кейинги турларни ўз майдонимизда ўтказамиз ва менимча, стадионда бошқача атмосфера бўлади. Ахир Бекободга катта футбол қайтмоқда. Кейинги учрашувларда ҳам уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз".













