«Барселона» собиқ бош мураббийи Хави Эрнандес Рафинья Диас билан бўлган ўзаро муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
Бразилиялик вингер илгарироқ испаниялик мутахассис қўл остида ўзига бўлган ишончни ҳис қилмаганини, чунки мураббий уни доимий равишда 60-дақиқада алмаштириб юборишини тан олган эди.
«Рафиньянинг хафа бўлиб юрган вақтидаги суҳбатимизни эслайман. Ўшанда мен: «Рафа, мен сен билан беш йиллик шартнома имзолаганман, хотиржам бўл! Биз сенга ишонамиз, шунчаки тинчлан ва ўзингни кўрсат», деб таъкидлагандим. Биламан, доимий алмаштиришлар унинг руҳиятига ижобий таъсир қилмаган, аммо ҳозир у ўзини ажойиб тарзда намоён этмоқда.
Рафинья билан муносабатларимиз яхши эди, бироқ у шуни тушуниши керак эдики, бизда ўйин режа бўйича кетмаган тақдирда, захирадан тушиб вазиятни ўзгартира оладиган бошқа футболчилар ҳам бор эди», — дея Хавининг сўзларини келтиради Barca Universal.
Эслатиб ўтамиз, Рафинья «Барса»га 2022 йилнинг ёзида келиб қўшилган. Хави эса 2021 йилнинг октябридан 2024 йилнинг майига қадар жамоани бошқарган.













