АҚШ расмийлари 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Эрон терма жамоаси учун қўйилган чекловларни бироз юмшатди. NPR нашрининг хабар беришича, Эрон жамоаси гуруҳ босқичининг Мисрга қарши кечадиган сўнгги учрашувидан 2 кун олдин Сиэтл шаҳрига етиб келиш имкониятига эга бўлади.
Бундан олдин эронликларга АҚШ ҳудудига фақат ўйиндан бир кун олдин киришга рухсат берилган эди. Жума кунги баҳсдан сўнг жамоа, аввалги талабга мувофиқ, мамлакат ҳудудини зудлик билан тарк этиши шарт бўлади.
Эрон терма жамоаси ҳозирда Тихуанада (Мексика) база ташкил қилган ва чоршанба куни Сиэтлга йўл олади. Бундан аввал Эрон футбол федерацияси ҳаракатланиш чекловларидан бир неча бор норозилик билдирган эди. Бош мураббий Амир Галенои Бельгия билан қайд этилган дурангдан сўнг (0:0) жамоа логистика ва тикланиш учун вақт етишмаслиги сабабли жиддий қийинчиликларга дуч келганини маълум қилганди.
Терма жамоа сардори Алиризо Жаҳонбахш ҳам жамоа турнирнинг бошқа иштирокчилари билан фақат тенг шароитлар яратилишини сўраётганини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро бошланганидан сўнг, Эрон ўз ўйинларини Мексикага кўчиришга ҳаракат қилган, бироқ якунда уларга фақат базавий лагерни АҚШнинг Тусон шаҳридан Мексиканинг Тихуана шаҳрига кўчиришгагина рухсат берилган эди.













