«Бавария» ҳамда Германия, АҚШ ва Жанубий Корея миллий терма жамоалари собиқ мураббийи Юрген Клинсман 2026 йилги жаҳон чемпионатининг истиқболли терма жамоаларини тилга олди.
— Илгари ҳеч қачон жаҳон чемпионатида ғолиб чиқмаган, аммо катта муваффақиятларга эришган Миср ҳамда узоқ танаффусдан кейин яхши натижалар кўрсатаётган Норвегия ҳақида қандай фикрдасиз?
— Булар ўз салоҳияти туфайли кейинги 15-20 йил ичида дунёнинг энг кучли ўнта жамоаси қаторига кирадиган қудратли терма жамоаларга айланадиган мамлакатлардир. Миср бутун дунёда доимо катта ҳурматга эга бўлиб келган. Улар Марокко [ЖЧ-2022 да] қилганидек ярим финалгача етиб бора олмай, буни жаҳон чемпионатида ҳали кўрсатишгани йўқ. Аммо Африка Миллатлар Кубогида улар доимо ярим финалда ўйнашади ва Европа лигаларида юқори савиядаги футболчилари бор, бу эса жуда катта аҳамиятга эга.
Норвегияга келсак, биз ҳозир бу мамлакат 1990 йиллардаги Хорватияга ўхшаш рол ўйнаётганини кўряпмиз. Уларда шундай энергия, истеъдод ва маҳорат борки, кейинги 10-15 йил ичида худди бугунги Хорватия каби дунёнинг етакчи жамоасига айланиши мумкин. Мен ҳозирги Норвегия терма жамоасида ўша ўхшашликни кўряпман, чунки гап фақат Ҳоланд ёки Эдегор ҳақида кетмаяпти, у ерда бошқа нарсалар ҳам бор. Улар жуда катта салоҳиятга эга ва мамлакат жуда мақсадли ҳаракат қилмоқда, шунинг учун энг яхши спортчиларни етиштириш учун жуда ижобий менталитет мавжуд. Буни Норвегия энг кучлилар қаторига кирадиган Олимпия спорт турларида ҳам кўриш мумкин, — дея Клинсманнинг сўзларини келтиради ФИФА расмий сайти.
Чорак финалда Норвегия терма жамоаси Англия миллий терма жамоаси билан тўқнаш келади.
Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтмоқда.













