Кириш Регистрация

«Ал-Ҳусайн» жамоаси билан танишамиз

Баҳо:
+ | -

11 август куни «Пахтакор» клуби ОФК Элит Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи доирасида Иорданиянинг «Ал-Ҳусайн» жамоаси билан куч синашади.

Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталамиз.

«Ал-Ҳусайн» жамоаси 62 йиллик тарихга эга. Клуб 1964 йилда Иорданиянинг Ирбид шаҳрида ташкил топган.

Жамоага мухлислар томонидан Ал Малаки (Қироллик клуби) ҳамда Шимол босқинчилари лақаблари берилган.

Клуб ўз уй учрашувларини Ирбид шаҳридаги Ал Ҳасан стадионида ўтказади. Ушбу майдон ўз бағрига 12 мингга яқин мухлисни сиғдира олади.

«Ал-Ҳусайн» сўнгги йилларда Иордания футболидаги етакчи жамоалардан бирига айланди. Клуб 2023/24 йилги мавсумда ўз тарихида илк бор Иордания чемпионлигини қўлга киритган. Шундан сўнг жамоа 2024/25 ва 2025/26 йилги мавсумларда ҳам чемпионликни ҳеч кимга бермади. Шу тариқа, «Ал-Ҳусайн» кетма-кет 3 марта мамлакат чемпиони бўлди.

Бундан ташқари, жамоа 3 карра Иордания Суперкубоги ва 3 карра Иордания FA Shield мусобақаси ғолиби ҳисобланади. «Ал-Ҳусайн» 2025/26 йилги мавсумда ўз тарихида илк бор Иордания кубогини ҳам қўлга киритди.

Жамоа ўтган мавсум ОФК Чемпионлар Лигаси 2 мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этди. «Ал-Ҳусайн» гуруҳ босқичини 9 очко билан биринчи ўринда якунлаб, плей-оффга йўл олди. Нимчорак финалда Эроннинг «Истиқлол» клуби икки ўйин натижасига кўра 4:2 ҳисобида мағлуб этилди. Жамоанинг юриши чорак финалда якунланди — «Ал-Ҳусайн» Қатарнинг «Ал-Аҳли» клубига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Жамоани айни пайтда 42 ёшли иорданиялик мутахассис Аҳмад Ҳайел бошқармоқда. У 2026 йил апрель ойида бразилиялик Ней Франко ўрнига «Ал-Ҳусайн» бош мураббийи этиб тайинланган. Ҳайел қўл остида жамоа 2025/26 йилги Иордания чемпионати ва мамлакат кубогида зафар қучди.

«Ал-Ҳусайн» таркибининг асосий қисмини иорданиялик футболчилар ташкил этади. Жамоада Ихсан Ҳаддад, Салим Убайд, Маҳмуд Ал-Мардий, Язид Абулойла, Юсуф Абу Жалбуш, Адҳам Муҳаммад Салим каби футболчилар тўп сурмоқда. Уларнинг бир қанчаси Иордания миллий терма жамоаси сафида ҳам фаолият олиб боради.

Хусусан, дарвозабон Язид Абулойла, ҳимоячи Ихсан Ҳаддад ва ҳужумкор футболчи Маҳмуд Ал-Мардий Иордания терма жамоаси сафида халқаро майдонларда катта тажриба тўплаган. Шунингдек, жамоа таркибида «Пахтакор» клубининг собиқ футболчиси Брайан Риаскос ва «Қизилқум» клубининг собиқ аъзоси Пол Комолафе фаолият олиб бормоқда.

«Ал-Ҳусайн» янги мавсум олдидан ҳам таркибини кучайтириб, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси асосий босқичига чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Жамоа плей-оффдаги «Пахтакор»га қарши учрашув олдидан тайёргарлик жараёнини 2 августдан бери Тошкентда олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичидан ўрин олган «Пахтакор» — «Ал-Ҳусайн» учрашуви 11 август куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 19:44, 10.08.2026.
Ўқилди: 517 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик