Франция футбол федерацияси президенти Филипп Диалло Халқаро футбол федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда франциялик журналист Ромен Молина хабар берди.
Манбага кўра, Диалло FIFAга нисбатан бойкот масаласида UEFA позициясини қўллаб-қувватламоқчи эмас. Қайд этилишича, Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам ушбу позицияни маъқулламоқда.
Аввалроқ ташкилот, FIFA Forward Enterprise (FFЕ) номли янги тузилма ташкил этиш режасини маълум қилганди. Унга федерациянинг тижорий йўналишлари ҳамда FIFA тасарруфидаги турнирларни ташкил этиш фаолиятини бирлаштириш режалаштирилган. Ташкилот янги тузилмадаги улушларни хусусий инвесторларга таклиф қилишни кўзлаган.
Мазкур ташаббус UEFAнинг кескин норозилигига сабаб бўлган ва ЖЧ-2030ни бойкот қилиш эҳтимоли ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Кейинчалик FIFA Инфантино номидан баёнот тарқатиб, лойиҳа атрофида келишмовчиликлар мавжудлигини тан олди ва таклиф амалга оширилмаслигини маълум қилди.
Инфантино FIFAга 2016-йилдан бери раҳбарлик қилиб келмоқда. У 2027-йилда яна президентликка номзодини қўйиш режасини билдирган. Ташкилот президентлиги учун сайловлар келаси йил баҳорида Марокашда бўлиб ўтади.













