Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Марат Бикмаев: «Ўзбекистон ЖЧга чиққанида, ўша кун миллий байрам сифатида нишонланарди...»

Баҳо:
+ | -

"Актобе" футболчиси Марат Бикмаев "Актобе таймс" газетасига интервью бериб, ўз вақтида Италиянинг "Интер" жамоаси Обафеми Мартинс ўрнига уни қабул қилишлари мумкин бўлгани, Арьен Роббенни жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблашини айтиб ўтди.

Жароҳати ҳақида
— Марат, жароҳатдан кейин ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Жароҳатдан кейин орадан 3 ой ўтди. Шунинг учун ҳозир аҳволим яхши. Жамоага қайтдим, мени яхши кутиб олишди. Кайфиятим яхши. Ишлаяпман. Тўп билан ишлашга ўтдим. Тўғри, ҳозирча ўйнашга тайёр эмасман. Менимча, формага кириб олишим учун 2 ой вақт керак.

— Даволаниш пайтида вақтингизни қандай ўтказдингиз? Балки, қайсидир хорижий тилни ўргангандирсиз, сериал томоша қилгандирсиз?
— Зерикмадим. "Бразилия проспектлари" номли сериал томоша қилишни бошладим. Лекин кейинчалик бу сериални тўхтатиб қўйишди. Умуман олганда, ҳаммаси яхши кайфият билан ўтди. Тикланиш машқларини ўташ учун тренажер ва бассейнга қатнашим керак эди. Оила даврасида бўлганим учун вақт тез ўтиб кетди.

— Жароҳат олган пайтингизни эслай оласизми? Нимани ҳис қилгандингиз?
— Эсимда. Қоқилиб кетдим. Кейин эса бошим айланиб йиқилгандим. Даҳшатли оғриқни ҳис қилдим. Кўнглим айний бошлади. Шокка тушиб қолдим. Дарҳол ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим, аммо туролмадим. 15 дақиқаларда ўзимга келдим. Лекин у пайтда оёғим унчалик қаттиқ оғримаётганди. Лекин юрганимда оғриқ сезилди. Бошида тиззамдан жароҳат олдим деб ўйладим. Кейинчалик эса Москвада бошқа диагноз қўйишди.

— Бундай жароҳатга фаолиятингизда илк марта дуч келдингизми?
— Ҳа, ҳаётимда биринчи марта бундай жароҳатга йўлиқдим. Бунгача турли майда жароҳатлар бўлганди.

Терма жамоа ҳақида
— Агар ишларингиз жойига тушаётган бўлса, келинг, Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида суҳбатлашамиз. Пенальтилар сериясидан кейин нималарни ҳис қилдингиз?
— Ўйинни Гейнрих билан бирга телевизор орқали кўрдик. Йигитларга мухлислик қилдим. Майдон ташқарисидан туриб ўйинни кузатиш оғир. Ўзбекистон Иорданияга нисбатан яхши ўйнади. Бизнинг футболчиларни айблаш керак эмас. Улар қўлларидан келган барча ишни қилишди. Пенальти эса лоторея. Омадимиз келмади. Албатта, бу орқали енгил тортганимиз йўқ. Қалбда катта доғ қолди.

— Агар Ўзбекистон ЖЧ-2014нинг финал босқичига чиққанида, мазкур муваффақиятни нима билан таққослаш мумкин эди?
— Агар ЖЧга чиққанимизда, футболга бўлган муносабат бутунлай бошқача бўларди. Етакчи футбол мамлакатларининг бизга бўлган муносабати ўзгарарди. Умуман олганда, терма жамоа ўйинларида ажиотаж юқори бўлди. Агар мундиалга чиққанимизда, менимча, ўша кун миллий байрам сифатида нишонланарди.

— Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги таркиби сўнгги 10 йил ичидаги энг кучлисими?
— Ҳа, мен буни ишонч билан тасдиқлай оламан. Аввал ҳам терма жамоамиз ЖЧга чиқиш учун яқин келган, аммо ҳозир Жанубий Корея, Япония каби Осиёнинг кучли жамоалари биздан қўрқишади. Аввал бундай эмасди.

"Интер"даги кўрик ҳақида
— Интервьюдан олдин интернет орқали сиз ҳақингизда маълумот қидараётиб, қайсидир Италия жамоасида кўрикда бўлганингиз ҳақидаги маълумотга кўзим тушди.
— Ҳа, 17 ёшимда яна бир ўзбек футболчиси Александр Клецков билан бирга Италиянинг "Интер" клубида 2 ой кўрикда бўлганмиз. Ёдимда бор, ўшанда бу жамоада Кристиан Виери, Иван Кордоба, Хавьер Дзанетти каби футболчилар ўйнарди. Биз ўринбосарлар жамоаси базасида истиқомат қилганмиз. Лекин тез-тез асосий таркиб билан бирга машғулотда иштирок этардик. Обафеми Мартинс номли футболчини эслайсизми?

— Ҳа, албатта.
— Менга қуйидагича айтишган: агар мен билан шартнома имзоланса, Мартинсга рухсат бериб юборилади. Тўғрисини айтсам, бошида бу гапга ишонмадим. Лекин улар битта шартни қўйишди: мен Италия фуқаролигини қабул қилишим керак. Лекин биз буни рад қилдик. Мен эса "Крилья Советов"нинг Германиядаги йиғинига жўнаб кетдим. Бир ой шуғулланганимдан кейин жамоа билан шартнома имзоладим.

— Италияда кўпроқ нима ёдда қолганди? Менимча, кичик шокка тушган бўлсангиз керак?
— Ҳа, Хавьер Дзанеттига қарши машғулот ўтказганимизда, тиззамиз қалтираган, довдираш бўлган. Қаттиқ ҳаяжон остида бўлганман (кулади).

— "Интер" варианти қандай пайдо бўлганди? Наҳотки италиялик скаутлар ўйинчиларни кузатиш учун Ўзбекистонга келишган бўлса?
— Ўша пайтда мен "Пахтакор"да ўйнардим. Бизда Марко Трабукки исмли агент пайдо бўлганди. Айнан у Клецков иккаламизни кўрикдан ўтишга таклиф қилганди. Дарвоқе, ушбу агентнинг қони Қозоғистонга бориб тақалади.

— Демак, Милан шаҳри жамоасининг талабига кўра, сиз Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиб, Италия фуқаролигини қабул қилишингиз керак эди?
— Биласизми, тўғрисини айтсам, у пайтда ёш эдим ва бундай ишларга яхши тушунмасдим. Италиядаги кўрикдан кейин агент менга: "Бошқа жамоа кўригига борамиз" деди ва мен нарсаларимни йиғиштириб, бошқа жамоага кетганман. Музокараларнинг аниқ тафсилотларини эслолмайман.

— Кейинчалик "Интер"да қолмаганингизга афсусланган бўлсангиз керак?
— Ҳа, бироз жаҳлим чиққан. Лекин, мен жуда ҳам ёш эдим, тил билмасдим. Шунинг учун уйга қаттиқ интилганман. Ҳозир шундай имконият пайдо бўлса, ундан 100 фоиз фойдаланган бўлардим.

— Нима учун Италиядан Россияга йўл олгансиз? Агентда бошқа вариантлар йўқ эдими?
— Айтиб ўтганимдек, ёш эдим ва кўп нарсани фарқига бормаганман. Мен агентим юборган. "Интер"дан кейин "Крилья Советов"га бориб, у ерда қолганман.

— Агентнинг хизматидан рози бўлганмисиз?
— Ҳа, албатта. Маркога катта раҳмат. "Интер"да бўлдим, "Крилья" билан шартнома имзоладим. У менга яхши ёрдам берганди.

"Актобе" ҳақида
— "Актобе"га қандай келиб қолдингиз?
— "Алания" Премьер-лигага чиққанидан кейин Валерий Георгиевич (Валерий Газзаев — "Алания" президенти — муаллиф) менга мурожаат қилди: "Сен ўйин амалиётига эга бўлишингга кафолат йўқ. Шунинг учун бошқа жамоага ўтиш вариантига қандай қарайсан?" Мен барчасини тушундим ва бунга рози бўлдим. Ваҳоланки, ҳали бир йиллик шартномам бор эди. Ўша пайтда Саша Гейнрих ва Темур Кпадзе "Актобе"га ўтганди. Мен эса бу жамоа билан қизиқдим. Тошкентдаги агент-дўстимдан "Актобе" билан боғланиб, менинг хизматларимни таклиф қилишни сўрадим. Жамоа ҳам менга қизиқиб қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб Актобега келдим ва дарҳол шартнома имзоладим.

— "Актобе" нимаси билан сизни ўзига тортди?
— Биринчидан, "Алания" Европа лигасида "Актобе"га қарши ўйнаганди. Мен бу ерда гол ургандим (кулади). Иккинчидан, бу ерда дўстларим кўп. Марат Хайруллин билан "Рубин"да бирга ўйнаганмиз. Ёма Кенжисариевни ёшлигимдан танирдим. Терма жамоаларимиз сафида бир-биримизга қарши ўйнаганмиз. Самат Смаковни олдиндан билардим. Шунингдек, Темур ва Саша бу жамоага ўтишди. Демак, жамоа мен учун янги эмасди.

Бошқа нарсалар ҳақида
— Навбатдаги савол: ҳаётдаги Марат Бикмаев ва майдондаги Марат Бикмаев — икки хил одамларми?
— Ҳа. Майдонда ҳиссиётлироқман. Ҳаётда эса ҳушчақчақман. Кимгадир ҳазил қилишим мумин, манга ҳазил қилишади. Барчасини тўғри тушунаман.

— Демак, ҳазилни тушунасиз.
— Ҳа, яхши тушунаман (кулади).

— Агар футболчилик фаолиятингиз мувафақиятли кечмаганида, ким бўлиб етишардингиз?
— Онам ҳамиша менга: "Сенинг овозинг яхши, қўшиқ куйлашинг керак", дерди. Онам мени ёшлигимдан қўшиқ тўгарагига боришга мажбурларди. Мен эса футболга отам туфайли кириб келганман. У футболчи бўлган. Ҳамиша мени ўзи билан футболга олиб борарди. Агар профессионал футболчи бўлиб етишмаганида, балки, қўшиқчи бўлармидим (кулади).

— Хоббингиз борми?
— Қимматбаҳо алкогол ичимликларни йиғаман. Катта коллекцияга эгаман деб айта олмайман, аммо 20 дона бор. Турли мамлакатларга борганимда қандайдир ноодатий нарсалар сотиб олишга ҳаракат қиламан.

— Уйга қайтиб келган пайтингизда қимматбаҳо вискиларнинг бўшаб қолган идишларига дуч келасизми?
— Бунақаси ҳам бўп туради. Ҳеч қиси йўқ, яна олиб келишим мумкин (кулади).

— Йиғинларда вақтингизни қандай ўтказасиз?
— Фильм кўраман. Уйқудан аввал ва бўш вақтимда албатта китоб ўқийман. Авваллари эса китоб ўқишни яхши кўрмасдим. Йиғинларда эса зерикишга вақт бўлмайди. Доим қандайдир қизиқарли воқеа содир бўлади. Вақт жуда тез ўтиб кетади.

— Кўрган фильмларингиз ва ўқиган китобларингиз орасида ёққанини айтинг.
— Кеча "Два ствола" фильмини кўрдим. Менга ёқди. Яқинда эса Дэн Брауннинг "Символ" китобини ўқидим. У масонлар ва рокфеллерлар ҳақида экан. Умуман, мен тарихни ўқишни яхши кўраман.

— Кейинги савол сочларингизга тааллуқли бўлади. Сочни эксперимент қилишга бўлган муҳаббат қаердан пайдо бўлган?
— (кулади) Бу ерга келганимдан кейин шунақа бўлиб қолдим. Аввал ундай эмасдим. Яқингача менинг турмагим ирокезларга ўхшаш эди. Биласизми, кўчада юрганимда одамларда менинг соч турмагимни кўрдим. Актобедаги ёшлар футболчиларда қандайдир турмакни кўришса, эртасига сочларини шундай қилиб олишади. Бу яхши деб ўйлайман. Ёшлар футболчиларга тақлид қилишга ва футболчи бўлишга ҳаракат қилишади. Биз ҳам ёшлигимизда тақлид қилганмиз.

— Сиз кимга тақлид қилардингиз?
— "Сўйлоқ" Роналдо ва Луиш Фигуга.

— Улардан айнан нимани ўргангансиз?
— Роналдонинг очилиши, тажрибали Фигунинг эса тўпни ушлаб туриши ёқарди. Умуман, кўпчиликдан фойдали нарсаларни олиш мумкин эди. Бизнинг ёшлигимиз бутунлай бошқача кечган. Ҳозиргилар эса планшетга тикилиб ўтираверишади. Биз "уруш-уруш" ўйнардик, эрталабдан кечгача кўчада тўп тепардик. Уйга эса қорайиб кетган ҳолда кеч қайтардик.

— "Актобе"нинг ҳужум чизиғидаги учлик калбошлардан иборат. Бу атайлаб қилинганми?
— (кулади) Йўқ, ўзи шунақа бўлиб қолган. Яна бир нечта йигитлар сочини тақир қилиб олдириб ташламоқчи...

— Тўлиқ комплект бўларканда!
— Тўлиқ комплект! (кулади)

— Замонавий футболдаги энг зўр тақир бош футболчи?
— Роббен! Анча вақтдан бери ўйнаб келаётган бўлса-да, ҳамиша барқарор ўйин кўрсатади. Унинг ўйинида ҳеч қачон пасайиш бўлмаган. Ҳа, у вазиятлардан фойдалана олмаслиги ёки пенальтидан гол ура олмаслиги мумкин. Аммо у ҳамиша юқори савияда ўйнайди.

— Роббен "Олтин тўп"га муносибми?
— Албатта, энг яхши футболчи! Унинг ўтган йили қандай ўйганига, ҳозир қандай ўйнаётганига аҳамият беринг. У энг юқори формада ўйнамоқда. Қанийди менда ҳам шунақа техника, тезлик ва фикрлаш бўлганида эди.

— Урилган голдан кейин Гейнрих билан биргаликдаги рақсингизни ким ўйлаб топган?
— Айтиб ўтганимдек, йиғинларни қувноқлик билан ўтказамиз. Ўйиндан кейин биз мусиқа қўйиб, рақс тушишимиз мумин. Рақсга келадиган бўлсак, биз йигитлар билан олдиндан келишиб оламиз: "Агар сен гол урсанг, уни мана бундай тарзда нишонлаймиз".

— Мухлислар сизларнинг ижроингизда "Gangnam Style"дан бошқа рақсни ҳам кутишлари мумкинми?
— Ҳа, "Youtube"да бошқа рақс тарқалса, ўшани ижро этамиз (кулади).

— Яхши, кутамиз.
— Умуман олганда, ўзимиз нимадир ўйлаб топишимиз керак.

— Балки ўзбекча рақсга тушарсизлар?
— Йўқ, ўзбекча унчалик рақсбоп эмас (кулади).

— Тасаввур қилинг, қуйидагича вазият юзага келди: Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон юлдузларига қарши ўйини режалаштирилган. Сизларга қарши Месси, Роналду, Роббен ва бошқа юлдузлар ўйнаши керак. Шу куннинг ўзида аёлингиз биринчи фарзандини дунёга келтириши керак. Қайси бирини танлардингиз: юлдузларга қарши ўйин ёки туғруқхона?
— Биласизми, ҳаётимда шунга ўхшаш воқеа юз берган. "Алания" ўз уйида "Мордовия"ни қабул қилганди. Ўша ўйинни мен ўтказиб юборгандим ва танишларим даврасида трибунада ўтиргандим. Бизнинг дарвозамизга гол урилган пайтда, хотинимдан қизли бўлганимиз ҳақида смс келганди. Мен қувончдан "Ура!" деб бақириб юборгандим. Ён-атрофдагилар менга шундай қарашгандики, ноқулай бўлганди. Кейин эса барча қувончимнинг сабабини тушуниб етганди. Сиз айтган вазият юзасидан фикрим қуйидагича: мен ўйинга бораман ва аёлимдан 3 соат кутиб туришни сўрайман (кулади).

МАЪЛУМОТ
Марат Рифкатович Бикмаев
1986 йилнинг 1 январида Тошкент шаҳрида туғилган.
Ярим ҳимоячи ва ҳужумчи вазифасида ўйнайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси.
Фаолияти:
2002-2004 – «Пахтакор» (Тошкент, Ўзбекистон)
2004-2005 – «Крилья Советов» (Самара, Россия)
2006-2007 – «Рубин» (Қозон, Россия)
2008-2010 – «Спартак-Нальчик» (Нальчик, Россия)
2010-2012 – «Алания» (Владикавказ, Россия)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 31та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урган
Ютуқлари:
«Пахтакор» сафида: 3 карра (2002, 2003, 2004) Ўзбекистон чемпиони, 3 карра (2002, 2003, 2004) Ўзбекистон кубоги соҳиби, ОЧЛ икки карра ярим финалчиси (2003, 2004);
«Алания» сафида: Россия кубоги финалчиси (2010-11), Россия биринчи дивизиони кумуш медаль соҳиби (2011-12).
Оилали. Аёли — Милияна Бикмаева. Орнелла исмли қизини (1,5 ёш) тарбияламоқда.

Манба: www.aktobetimes.kz
Киритилди: 10:14, 22.09.2013.
Ўқилди: 6692 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.