Италия терма жамоасининг афсонавий собиқ дарвозабони Дино Дзофф Миллатлар лигаси 1-турида Бельгиядан учралган мағлубиятдан кейин миллий жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида фикр билдирди.
"Ўйин бошида Италия жуда тортиниб ҳаракат қилди. Биринчи бўлим биз учун оғир ўтди. Танаффусдан кейин жамоа кураша бошлади, аммо учрашув аввалидаги босим ва таранглик мени ҳайратда қолдирди", — деди Дзофф Repubblica нашрига.
"Камроқ гапириш ва кўпроқ ишлаш керак. Миллатлар лигасидаги кейинги учта ўйин жуда муҳим бўлади, чунки футболчилар бирга кўпроқ вақт ўтказади.
Биз янги йўлни энди бошлаяпмиз. Вақт кўп эмас, лекин менда ҳали ҳам ишонч бор", — дея қўшимча қилди у.
Дзофф Роберто Манчинининг ёш футболчиларга ишонч билдириши ҳақида ҳам фикр билдирди. Бельгияга қарши ўйинда Италиянинг асосий таркибидаги футболчиларнинг ўртача ёши 23 ни ташкил этган.
"Яхши футболчи 16 ёшида ҳам ўйнай олади. Муаммо ёшда эмас. Менимча, асосий қийинчилик ҳужумда.
Жамоа олдинги чизиқда қийналди. Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнай бошлаган бўлсак ҳам, гол ура олмадик", — деди у.
Шу билан бирга, Дзофф Манчинининг ҳозирги вазифаси унинг Италия термасидаги биринчи даврига нисбатан анча қийин эканини тан олди.
"Биз жуда оғир даврни бошдан кечиряпмиз. Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, бундан ёмони бўлиши қийин. Ҳозирги вазиятда биз энди фақат яхшиланишимиз мумкин", — деди Дзофф.
Италия Миллатлар лигаси 2-турида 28 сентябрь куни Туркияга қарши майдонга тушади.













