Мюнхеннинг "Бавария" клуби собиқ сардори Томас Мюллер "Ванкувер Уайткэпс" билан шартномасини узайтирди. Бу ҳақда Канада клуби матбуот хизмати хабар берди.
Янги келишув 2027 йилги қисқартирилган мавсум якунига қадар амал қилади. Бундай формат лиганинг "куз-баҳор" тизимига ўтиши билан боғлиқ.
"Бу ерга келган биринчи кунимданоқ вақтни мамнуният билан ўтказяпман. Клуб менга жуда эътиборли ва илиқ муносабатда бўлди. Биз тўпга эгалик қилишга асосланган ҳужумкор футбол ўйнаймиз. Бундай услубда ўйнаш ҳам, томоша қилиш ҳам завқли. Менимча, мухлислар ҳам хурсанд", — деди немис футболчиси янги шартнома ҳақида.
Жорий мавсумда Германия тарихидаги энг совриндор футболчи 32 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва 6 та голли узатма амалга оширди.













