Россия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, таниқли италиялик мутахассис Фабио Капелло А Серия ва Италия терма жамоаси атрофидаги вазият ҳақида фикр билдирди ҳамда мамлакат футболи тикланиши учун ўз таклифларини айтди.
«Биз ёш футболчиларга кўпроқ ишонишимиз, уларга имконият беришимиз ва битта омадсиз ўйиндан кейин улардан воз кечмаслигимиз керак. Шунингдек, болалар мураббийлари ва ота-оналарга ҳам бир тилагим бор: болаларга ўйиндан завқ олиш имконини беринг, тактикага ортиқча берилиб кетманг ва асосий эътиборни техникага ўргатишга қаратинг. Бу жуда муҳим.
Бироқ тўғри ёндашув учун ёш футболчининг хатосини кўра оладиган ва уни тузатишга ёрдам берадиган мураббий керак. Ота-оналар эса ўз ўрнини билиши лозим. Уларнинг ҳаддан ташқари аралашуви баъзида болаларга ортиқча босим ўтказиб, салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди Капелло.
Куни кеча Италия терма жамоаси Францияга қарши ўйинда дуранг қайд этди.













