Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони Лионель Мессининг Бенинга қарши ўтказилган хайрлашув ўйинидан кейинги ҳис-туйғулари ҳақида гапирди. Учрашувда Аргентина 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
39 ёшли аргентиналик футболчи бир гол урди ва икки марта голли узатма берди.
«Бу жуда ҳиссиётларга бой, бир вақтнинг ўзида эса қайғули кун бўлди. Чунки у энди бу футболкада ўйнамайди. Биз унга биз учун қилган барча ишлари, бу футболкани ҳеч кимдек ҳимоя қилгани учун чексиз миннатдормиз.
Мен учун эса уни мураббийлик қилиш орзу эди. Бугун мен бу ҳақда ҳамманинг олдида унга айтдим, гарчи буни айтишга деярли кучим қолмаган бўлса ҳам. Ўйлайманки, ҳар қандай аргентиналик ҳам худди шу гапни айтган бўларди. Бу амалга оширишга муваффақ бўлган орзуим эди. Ҳаётимнинг ҳеч бир лаҳзасида тарихдаги энг яхши футболчининг мураббийи бўлишимни тасаввур қила олмасдим. У барча ютуқларга муносиб эди.
20 йиллик фаолияти давомида у энг яхши футболчи бўлди ва ҳозир ҳам шундай. У билан бирга бўлиш имконияти учун ундан чексиз миннатдормиз. Кўз ёшлари ҳам қисман шу сабабли эди — хаёлда жуда кўп воқеалар гавдаланди. Энди уни кўрмаслик жуда-жуда қайғули бўлади, чунки у бизга беқиёс мерос қолдирмоқда.
Албатта, биз йўлимизни давом эттирамиз. Чунки мен доим айтганимдек, олдинга ҳаракат қилиш керак. Аргентина терма жамоаси ўз йўлида давом этади, аммо у — такрорланмас футболчи.
Усиз давом этиш, шубҳасиз, қийин бўлади. Унинг ўзи ҳам ҳозир айтдики, сўнгги йилларда бошдан кечирганларимиз оддий ҳолат эмас ва оғир даврлар келиши мумкин. Биз уларни енгишга тайёрмиз. Бизда ёш, янги футболчилар бор ва улар жамоага кўп нарса беради.
Аммо уни ўз томонингда ҳис қилиш туйғусини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Буни сўз билан тушунтириш жуда қийин. Одамларга Месси сенинг томонингда бўлиши нималигини тушунтириш жуда қийин. Буни англаш учун буни ўзинг бошдан кечиришинг керак. Бу ҳеч нарса билан тенглашмайди.
Қандай таркибни шакллантирмайлик, биз буюк жамоага айланишимиз мумкин. Янги футболчилар пайдо бўлиб, улар биринчи ўринга чиқиши мумкин. Аммо бу... ҳозир бу сўз қандай эди? Аура, ҳа? Мен ҳаётимда ҳеч кимда бундай нарсани кўрмаганман. Мен буюк футболчилар билан бирга ўйнаганман, бу ҳақда яқинда ҳам гапирдим. Аммо унинг атрофида ҳосил қиладиган нарсасини ҳеч кимда кўрмаганман. Энди эса бу бўлмайди.
Албатта, биз янги воситалар, янги ечимларни излаймиз. Аммо бу туйғу энди бўлмайди. Шунинг учун унинг ўйинидан завқланиш имконияти ақлбовар қилмас даражадаги нарса эди. Энди усиз давом этишимизга тўғри келади ва биз буни уддалаймиз, чунки бошқа йўл йўқ», — дея Скалонининг сўзларини келтиради Ole.













