Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино Кабо-Вердеда бўлиб ўтган конференцияда миллий футбол ассоциацияларига амалга ошираётган ишлари учун миннатдорлик билдириб, Африка футболи вакилларининг ютуқларини алоҳида эътироф этди.
«Футбол бутун дунёдаги ҳар бир инсонга тегишли. Бизнинг вазифамиз эса имкониятлар яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун зарур ресурсларни топишдан иборат.
Биз бунинг натижаларини сўнгги жаҳон чемпионатида кўрдик.
Бу тарихдаги энг муваффақиятли жаҳон чемпионати бўлди. Қайси мезон бўйича баҳоламанг — мухлислар ташрифи, спорт натижалари ёки молиявий кўрсаткичлар бўладими, барча жиҳатдан энг юқори даражадаги мусобақа бўлди.
Африка футболи ушбу турнирда қандай катта муваффақиятларга эришганини ўзингиз кўрдингиз.
Буларнинг барчаси сизларнинг шарофатингиз билан амалга ошди. Сизлар ўз мамлакатларингизда, қитъангизда ва бутун дунё бўйлаб ҳар куни олиб бораётган ишларингиз орқали футболни янги босқичга олиб чиқмоқдасиз.
Африкалик истеъдодли футболчилар жаҳон футболига улкан таъсир кўрсатди ва уларнинг бу борадаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Кабо-Верде терма жамоаси ўз мамлакати ва бутун қитъа учун фахр манбаига айланди.
Аммо бундан ҳам муҳими, улар нафақат Кабо-Верде аҳолиси ва шу мамлакатдан келиб чиққан инсонларнинг, балки бутун дунёдаги одамларнинг қалбини забт эта олди», — деди Жанни Инфантино.













