«Реал» ҳужумчиси Винисиус Жуниор Испания чемпионати 8-туридан ўрин олган «Вильярреал»га қарши ўйинда (1:0) майдондан четлатилганидан сўнг Ла Лига ходимига нисбатан жисмоний куч ишлатди ва ҳақоратли сўзларни айтди. Бу ҳақда DAZN журналисти Исаак Футо хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, майдонни тарк этаётган Винисиус Ла Лиганинг учрашувлар директори Луис Лопесни туртиб юборган.
«Бу воқеа VAR зонасига жуда яқин жойда содир бўлди. Шунинг учун дастлаб Винисиус уни видеоҳакамлардан бири деб ўйлаган, деган хулосага келдим. Аммо ундай эмас экан — менга Винисиус унинг Ла Лига ходими эканини билгани ҳақида хабар беришди. Қолаверса, у: “Ифлос чемпионат”, деган. Винисиус Ла Лига учрашувлар директори Луис Лопесга айнан шу гапни айтди ва шундан сўнг тезда кетди. Винисиуснинг хатти-ҳаракатлари мутлақо қораланишга лойиқ», — деди Футо DAZN эфирида.
Эслатиб ўтамиз, учрашувнинг 72-дақиқасида бош ҳакам Исидро Диас де Мера видеотакрорни кўриб чиққач, Винисиус Жуниорнинг голини бекор қилди ва бразилиялик футболчини майдондан четлатди. Бунга «Реал» ҳужумчисининг ҳужум давомида рақиб яримҳимоячиси Натан Салибанинг сочидан тортгани сабаб бўлди.
Шу билан бирга, ўйин баённомада футболчининг ҳакамга нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракатлари қайд этилгани боис Винисиус узоқроқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин.
Испания чемпионати. 8-тур
«Реал» — «Вильярреал» — 1:0
Гол: Диоманде, 62.
Четлатиш: Винисиус Жуниор, 73 («Реал»).













