Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Александр Гейнрих: «Фаолиятимни якунлаганимдан кейин менга шоумен бўлишни таклиф қилишмоқда»

Баҳо:
+3 | -

"Актобе Таймс" газетасининг бу галги меҳмони Александр Гейнрих бўлди. Суҳбат давомида Саша қизиқарли мавзуларни тилга олган.

— Ўзбекистонлик футболчилар ёшлигиданоқ хориж клубларида ўйнаш учун йўл олишаркан. Қозоғистонликлар эса кўпинча маҳаллий клубларда қолишади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
— Тўғрисини айтсам, бунинг сабабини билмайман. Балки, Қозоғистонда агентлик иши яхши ривожланмагандир. Ўзбекистонлик футболчиларнинг эрта ёшдан мамлакатни тарк этиши эса футбол мактаблари билан боғлиқ бўлса керак. Ўзбек ёшларини келажак учун олишади.

— Сизга ЦСКА сафида қандай пайдо бўлгансиз? Армиячилар сизга таклиф билан чиқишганми ёки бу ўзбек агентларининг меҳнатими?
— Тўғрисини айтсам, мен бу билан қизиқмаганман. Умуман олганда, ЦСКАга ўтишим қизиқ бўлган. Ўзбекистон чемпионати якунланиб, биз чемпион бўлдик. Барча футболчилар ўз уйларига жўнаб кетишди. Янги йил кечаси эса клуб президенти менга кўнғироқ қилди ва нарсаларимни йиғиштириб, эрталаб Москвага жўнашимни айтди. Бошида мен буни қандайдир янги йил ҳазили деб ўйладим. Орадан бироз вақт ўтиб, у яна қўнғироқ қилди ва мендан нарсаларимни йиғиштирганимни сўради. Мен: йўқ, дедим. У эса менга: "Сенга жиддий гапиряпман, эртага ЦСКАнинг йиғинига жўнаб кетасан", деди. Нарсаларимни йиғиштирдим ва учиб кетдим. Мен ростдан ҳам кутишаётган экан (кулади).

— 18 ёшда ЦСКА сафига қўшилиш сиз учун шок ҳолат бўлган бўлса керак?
— Албатта. Бунгача мен бу жамоани фақат телевизор орқали кўргандим. Келганимда эса жамоадаги барча футболчилар юлдузлар эди. Ўша Сергей Семакни кўриб, ҳушимдан кетиб қолишимга сал қолган (кулади). Жиддий айтадиган бўлсам, келганимдан кейин менга қийин бўлган. У ерда бутунлай бошқача футбол ва бутунлай бошқа юкламалар. Футболчилар фақат футбол ҳақида ўйлашлари учун одамлар барча нарсани муҳайё қилиб қўйишганди.

— Нима учун у ерда қола олмагансиз?
— Мен ёш бўлганман ва вазиятни яхши ҳис қила олмаганман. Шунингдек, жамоада рақобат кучли эди. Мен жамоага келган пайтимда Олич ва Вагнер Лавни сотиб олишганди. Шу боис, деярли менда имконият йўқ эди.

— Кўпгина футболчилар фаолияти давомида кўплаб жамоаларнинг кўригида бўлишади. Сиз ҳам Германиянинг "Бохум"ида кўрикдан ўтгансиз. Яна қайси жамоалар сизни кўрикка таклиф қилишган?
— Таклифлар кўп бўлган, аммо мен улар ҳақида гапиришни истамайман. "Бохум" борасида тўхталадиган бўлсам, Германияга ҳам ёш пайтимда борганман. Бундеслигада бутунлай бошқача тезлик. У ерда 3 кун шуғулланганимдан кейин эплай олмаслигига кўзим етган.

— Ўзбекистон чемпионатидан ташқари фаолиятингиз давомида Жанубий Корея ва БАА клубларида  ҳам ўйнаганмиз. Бу мамлакатларда ўзингиз учун нимани кашф қилдингиз?
— Кореяда ўзига хос футбол ўйналади. Уларнинг менталитети ҳам ўзига хос. Шунинг учун кундалик ҳаёт борасида ҳам қийинчиликка дуч келганман. Таом масаласи эса катта муаммога айланган. Шунинг учун турмуш ўртоғим онаси билан келмагунича, мен деярли ҳеч нарса емаганман. Ҳаттоки Макдональдсга ҳам бормаганман. У ерда барча нарса аччиқ.

— Фаолиятингиз давомида турли футболчилар ва мураббийлар билан ишлагансиз. Энг ғалати ўйинчи ва мураббийни айта оласизми?
— (кулади) Ҳар бир жамоанинг ғалати инсонлари бор. Кимнингдир фамилиясини тилга олиб, уни хафа қилиб қўйишдан қўрқаман.

— "Актобе" варианти қандай пайдо бўлган?
— Амирликларда ўйнаётганимда агентимга қўнғироқ қилдик ва у ерда қолишни истамаслигимни айтдим. Ўша пайтда "Актобе" варианти пайдо бўлдди. Ўша пайтда жамоа Москвада эди, мен эса унинг ўртоқлик учрашувини томоша қилиш учун келдим. "Актобе"нинг яхши жамоа эканини айтишди. Клубга келгунимгача Самат Смаков, Марат Хайруллин, Андрей Сидельников каби футболчиларни танирдим. Боз устига, "Актобе" билан Ҳамдўстлик кубоги мусобақасида тўқнаш келгандик. Шунинг учун бу жамоа сафига боришга қарор қилдим.

— Интервьюларингиздан бирида "Актобе"да аҳил жамоа йиғилганини айтиб ўтгандингиз. Бизнинг жамоа ўша машҳур ЦСКАдан ҳам кўра аҳилроқми?
— Мен янада кўпроғини айтаман — бундай аҳил жамоани мен аввал ҳеч қаерда кўрмаганман. Жамоада якдил фикрловчилар йиғилган, барча ягона мақсад ҳақида ўйлайди.

— Буни нима билан тушунтирасиз? Бундай муҳитни ким яратган? Ўйинчиларми ёки мураббийлар штаби?
— Барчасига Смаков сабабчи деб ўйлайман.

— Жамоага Самат етишмаяпти, деб айтиш мумкинми?
— Усиз қийин албатта!

— Ҳаётдаги Александр Гейнрих ва майдондаги Александр Гейнрих — бир хил инсонларми?
— Ҳа...

— Ўзингизга таъриф беринг. Ҳаётда қандай инсонсиз? Майдонда қандайлигингизни биламиз.
— Майдонда мен қандайман? (кулади).

— Фойдали, ғайратлантирувчи ва қувноқ!
— Берик, мен ҳаётда шундайманми?, — дея сўрайди Александр ёнидан ўтиб кетаётган жамоа администраторидан.

— Ҳа, — дея кулиб жавоб беради Берик.

— Демак, бир хил! (кулади). Мен ҳазиллашишни, кулишни яхши кўраман. Бу нормал ҳолат.

— Демак, ўзбек футболчиларини атайлаб танлашганки, барча ҳушчақчақ юриши учун?
— Ҳа, биздаги барча ўзбеклар ҳазилкаш (кулади).

— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз? Хоббингиз борми?
— Менда хобби йўқ. Бўш вақтимни қизимга бағишлайман.

— Энг севимли фильмингиз?
— "Жасур юрак" ("Храброе сердцо").

— Актёрингиз?
— Брэд Питт, Вин Дизель, Жейсон Стэтхэм — улар жуда зўр. Уларга тан бераман.

— Футболчи бўлиб етишмаганингизда ҳозир ким бўлган бўлардингиз?
— Билмадим. Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман.

— Марат Бикмаевнинг айтишича, у қўшиқни яхши айтаркан. Сиз-чи?
— Марик яхши куйлайди? Негадир сезмаган эканман (кулади). Тўғрисини айтсам, билмайман. Бу ҳақда умуман ўйлаб кўрмаганман. Футбол — менинг ҳаётим. Бошқа жойда ўзимни тасаввур қила олмайман.

— Фаолиятингизни тугатганингиздан кейин шоумен бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?
— Дарвоқе, йигитлар менга буни таклиф қилишяпти. Мен ўйлаяпман (кулади).

— Сиз майдонда ҳамиша диққат марказда бўласиз...
— Футболни шундай ўйнаш керакки, сени эслаб қолишсин. Биз эса мухлислар учун ўйнаймиз. Агар стадион бўм-бўш бўладиган бўлса, бундай футбол кимга керак? Энг асосийси мухлислар хурсанд бўлишса ва яна ўйинларга келишса бўлгани.

— Урилган голдан кейинги рақслар ҳақида нима дея оласиз?
— Бикмаев билан шунақа жиннилик қиламиз-да (кулади).

— Навбатдаги голни қандайдир бошқача нишонлашни режалаштиряпсизми?
— Ҳа, биз нимадир тайёрлаяпмиз. Аммо унинг нималигини ҳозирча айтмайман.

— "Актобе" клубининг “Вконтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида канадалик қўшиқчи ва актёр Гарунинг сурати қўйилди. Сиз унга жуда ҳам ўхшаркансиз. Бундай ўхшатишларни қандай қабул қиласиз?
— Бу суратни менга Санат Шалекенов кўрсатди. Оддий қабул қиламан, ўз устимдан кулишни яхши кўраман (жилмаяди).

— Твиттерда фаолсиз. Уни қачондан бошлаб юритасиз?
— Мен унчалик фаол эмасман. Бир ҳафтада бир марта ёзаман. Мен суҳбатлашишни яхши кўраман. Ҳаттоки менинг шаънимга билдирилган холис танқидларни тинглашим мумкин. Менга мухлислар ва жамоадошларимнинг фикрлари қизиқ.

— Кўпроқ қайси дарвозабонга гол уришни истайсиз?
— Сидельниковга! Бугун машғулотда буни амалга ошираман (кулади).

— Фаолиятингиз давомида сиз дуч келган энг қўпол ва ифлос ҳимоячи?
— Яхшиямки, Петр Бадлога қарши ўйнамаганман! (кулади). Ҳар бир жамоада шундай қўпол ўйнайдиган футболчилар бор. Балки улар буни атайлаб қилишмас. Мен фамилияларни айтишни истамайман.

— Озгина фантазияга бериламиз. Дейлик, "Актобе" келаси мавсумда еврокубокларнинг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ўша вазиятда Квентин Тарантино сизга қўнғироқ қилди ва Брэд Питт билан фильмда суратга тушишга таклиф қилди. Қайси бирини танлардингиз?
— Мен "Актобе"ни танлардим. Фаолиятимни тугатганимдан кейин ҳам кинода роль ўйнашим мумкин, аммо футбол кутиб турмайди (кулади).

— Тарантино кута қолсин! — суҳбатга қўшилади ёнма-ён ўтирган Санат Шалекенов.
— Ҳа... (кулади).

— Нима учун "Қайрат"га пенальтидан гол ура олмадингиз?
— Аввал: "Ғалаба учун бобомга раҳмат" дейилган бўлса, энди "Ғалаба учун Петя амакига раҳмат!" (кулади). Гол ура олмаганимдан кейин ғазабландим. Ўзимга келишим қийин бўлди. Гол уришни қаттиқ истасангиз, ҳар доим ҳам ният амалга ошавермайди. Яхшиямки, Петя бизни қутқариб қолди.

— Пенальти тепаётганингизда нима содир бўлганди?
— Мен зарба бераётган оёғимни тўпга тўғрилай олмадим. Лорияга қарадим. Қарасам, у мен зарба беришга чоғланган барчак томон ташланяпти. У зарбани қайтара олмаслиги учун зарбани кучлироқ беришга қарор қилдим. Зарбани ҳаддан ташқари кучли бериб юборибман.

— Жамоада ўзига хос стилга эга футболчи сифатида кимни айта оласиз?
— Менимча, Сидельников.

— Сиз уни кийимларидан келиб чиқиб баҳолаяпсизми?
— Йўқ, шунчаки унда мотоцикл бор (кулади).

— Энг қувноғи-чи?
— Жамоада бундай футболчилар кўп. Мисол учун, янги келган Лис ҳам ёмон йигит эмас (кулади).

— Нима учун Қарағанданинг "Шахтёр" клуби дарвозага гол уришни бунчалик яхши кўрасиз?
— Мен уларга гол уришни яхши кўрмайман, ўзи шунақа бўляпти (кулади).

— Мухлислар эса "Шахтёр" дарвозабони билан алоҳида ҳисоб-китобингиз бор шекилли деб ҳисоблашди.
— Йўқ! Шунчаки шунақа бўляпти. Агар улар гол уриш учун имконият беришаркан, нима учун гол урмаслигим керак (кулади).

— Сизни "Шахтёр" бўйича мутахассис деб аташ мумкинми?
— Йўқ, келинг, яхшиси Кападзени "Астана" бўйича мутахассис деб атаймиз! (кулади).

МАЪЛУМОТ
Александр Рудольфович Гейнрих
1984 йилнинг 6 октябрь куни Ангрен (Ўзбекистон) шаҳрида туғилган.
Ҳужумчи амплуасида ўйнайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси.
Фаолияти:
2001 – «Дўстлик» (Дўстлик ж/х, Ўзбекистон)
2002 – «Пахтакор» (Тошкент, Ўзбекистон)
2003-2004 – ЦСКА (Москва, Россия)
2005 - «Пахтакор» (Тошкент, Ўзбекистон)
2005-2006 – «Торпедо» (Москва, Россия)
2007-2011 - «Пахтакор» (Тошкент, Ўзбекистон)
2011 – «Сувон Самсунг Блюингз» (Жанубий Корея)
2012 – «Эмирейтс» (Рас-ал-Хайма, БАА)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 72 та ўйин ўтказиб, 26 та гол урган.
Ютуқлари:
ЦСКА сафида: Россия чемпиони (2003)
«Пахтакор» сафида: 3 карра Ўзбекистон чемпиони (2002, 2005, 2007) ва 3 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби (2002, 2005, 2007)
Шахсий ютуқлари:
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси: 2002 йил
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси танловида 2-ўрин: 2004 ва 2006 йиллар
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси танловида 3-ўрин: 2003 йил

Манба: www.aktobetimes.kz

Бугун Александр Гейнрихнинг туғилган куни. Уни мухлислар номидан табриклаймиз.

Киритилди: 11:22, 06.10.2013.
Ўқилди: 7084 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.