Миланнинг "Интер" клуби Чемпионлар лигасида кетма-кет тўртта мағлубиятдан сўнг илк ғалабасини қўлга киритди.
Кристиан Киву бошчилигидаги жамоа мусобақанинг умумий босқичи 3-турида Украинанинг "Шахтёр" клубини ўз майдонида 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ушбу учрашувга қадар "нерадзурри" Чемпионлар лигасида кетма-кет тўрт марта мағлуб бўлган эди. Бу клубнинг мазкур мусобақадаги энг узоқ мағлубиятлар серияси ҳисобланади.
Миланликлар жорий мавсумнинг дастлабки икки турида "Реал"га 1:2, "Брюгге"га эса 3:4 ҳисобида имкониятни бой беришган.
Шунингдек, ўтган мавсум Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида "Интер" Норвегиянинг "Будё-Глимт" жамоасига ҳар икки ўйинда мағлуб бўлган — 1:3 ва 1:2.
"Шахтёр" устидан қозонилган ғалаба "Интер"га бешта учрашувдан буён давом этаётган ғалабасиз серияни якунлаш имконини берди.













