"Барселона" ҳужумчиси Рафинья Диас футболдаги муваффақиятларга эришиш йўлида қандай қийинчиликларни бошдан кечиргани ҳақида сўзлаб берди.
29 ёшли бразилиялик футболчи болалигини оғир моддий шароитда ўтказган. Унинг таъкидлашича, ўзи улғайган муҳитда тўғри йўлни танлаш ва ундан оғишмаслик осон бўлмаган.
"Мен туғилиб ўсган жойларда тўғри йўлдан бориш жуда қийин. Атрофингизда турли васвасалар кўп бўлади ва кўпчилик уларга берилиб, ўзини йўқотиб қўяди.
Мен ҳеч қачон танлаган йўлимдан оғишмадим, аммо бундай ҳолатларни ўз кўзим билан кўрганман.
Нотўғри йўлга кириб, охир-оқибат ҳаёти издан чиққан инсонлар билан ёнма-ён юрганман.
Бундай муҳитдан чиқиб кетиш ва ҳаётда нимагадир эришиш учун жуда катта қурбонликлар қилишга тўғри келади.
Бироқ менинг мақсадларим ва орзуларим барча қийинчиликлардан кучлироқ эди", — деди Рафинья.
Болаликдаги қийинчиликларга қарамай, Рафинья профессионал футболда ўз ўрнини топди ва "Барселона"нинг муҳим футболчиларидан бирига айланди.
Бразилиялик ҳужумчи жорий мавсумда ҳам юқори самарадорлик намойиш этмоқда. У каталонияликлар сафида ўтказган 10 та учрашувда 14 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.













