"Хетафе" бош мураббийи Хосе Бордалас клуб раҳбариятига нисбатан кескин норозилик билдирди. Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, унга берилган ваъдалар йиллар давомида бажарилмаган.
Бордаласнинг бундай баёнот беришига "Хетафе"нинг "Лугано"га қарши учрашувда 2:5 ҳисобидаги оғир мағлубияти ҳам сабаб бўлди.
"Ўзимни алдангандек ҳис қиляпман. Чунки йиллар давомида менга берилган ваъдаларнинг ҳеч бири бажарилмади.
Мен жуда ғазабдаман. "Хетафе"ни ва унинг мухлисларини қаттиқ яхши кўраман. Шунинг учун бу ҳолат мени ниҳоятда хафа қилмоқда.
Мен ҳеч нарсани ўз-ўзидан бўлиши керакдек қабул қилмайман. Ҳозир жуда жаҳлим чиққан.
Биз битта ўйинда бешта гол ўтказиб юбориб, ҳеч нарса бўлмагандек юра олмаймиз. Жуда жиддий хатоларга йўл қўйдик. Бугун кечқурун кўрсатган ўйинимиз бошқа такрорланишига асло йўл қўймаслигимиз керак.
Май ойидаёқ бу мавсум жуда оғир кечишини айтгандим. Ҳар уч кунда бир марта майдонга тушишимизга тўғри келади.
Энди эса таркибимиз бундай юкламани кўтариш учун етарли эмаслиги яққол кўриниб қолди", — деди Бордалас.
Шу тариқа, "Хетафе" устози жамоанинг муаммоларини нафақат майдондаги хатолар, балки таркибнинг етарлича кучайтирилмагани билан ҳам боғлади.
Эслатиб ўтамиз, "Хетафе" сўнгги учрашувида "Лугано"га 2:5 ҳисобида имкониятни бой берган эди.













