«Евро-Футбол.Ру» нашри аргентиналик футболчининг азалий рақибини ортда қолдириб, 1000 та гол чегарасини биринчи бўлиб забт этиш имкониятларини таҳлил қилди.
Роналдунинг баҳсли голи
Яқинда «Ал-Файсалий»га қарши учрашувда Криштиану Роналду урган гол борасида баҳс юзага келди. Гап португалиялик футболчининг фаолияти давомидаги голлари сони 981 та ёки 982 та экани ҳақида кетмоқда.
Саудия Арабистони Про-лигаси учрашув баённомасида голни Роналду ҳисобига ёзган бўлса, FIFA расмий сайтида ҳимоячининг автоголи сифатида қайд этилган.
Баҳсли вазиятда ўнг қанотдан жарима зарбаси амалга оширилган, Роналду эса ҳимоячи билан ҳаводаги курашга киришган. Шундан сўнг тўп дарвоза томон йўналган.
Такрорий лавҳаларда Роналду тўпга боши билан текканидан кейин тўп ҳимоячининг бошига тегиб, дарвозага кирган бўлиши мумкинлиги кўринади. Бироқ бу вазиятни талқин қилиш борасида турли қарашлар мавжуд.
Нашрнинг таъкидлашича, FIFA билан бир қаторда статистика бўйича нуфузли Opta мутахассислари ҳам ушбу голни автогол сифатида баҳолаган. Роналду ва Мессининг статистикасини таққословчи MessivsRonaldo порталида ҳам португалиялик футболчининг ҳисобида 982 эмас, 981 та гол кўрсатилган.
Шу боис муаллиф барча расмий манбаларда ягона рақам қайд этилишини истайди. Акс ҳолда, турли манбалар Роналдунинг 1000-голи сифатида турли голларни эътироф этиши мумкин.
Месси Роналдуга яқинлашмоқда
Сўнгги ойларда Лионель Месси Роналду билан орадаги фарқни сезиларли даражада қисқартирди.
Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин Роналду ҳисобида 973 та, Мессида эса 911 та гол бор эди. Ўшанда улар ўртасидаги фарқ 62 та голни ташкил қилган.
Ҳозир эса баҳсли гол қандай ҳисобланишига қараб, фарқ 45 ёки 46 тага тенг.
Нашр келтирган маълумотларга кўра, Жаҳон чемпионати бошланганидан бери Месси 25 та, Роналду эса 8 ёки 9 та гол урган.
Футбол тарихидаги энг яхши тўпурарлар:
|
Ўрин |
Футболчи |
Голлар |
|---|---|---|
|
1 |
Криштиану Роналду |
981/982 |
|
2 |
Лионель Месси |
936 |
|
3 |
Пеле |
762 |
|
4 |
Ромарио |
756 |
|
5 |
Ференц Пушкаш |
725 |
Месси Роналдуни ортда қолдириши мумкинми?
1000 та голга етиш учун Роналдуга яна 18 ёки 19 та, Мессига эса 64 та гол керак. Шу сабабли ҳозирча аргентиналик футболчининг ушбу маррага рақибидан олдин етиб бориши эҳтимоли жуда паст.
Бундан ташқари, Месси учун мавсум тақвими ҳам тўсиқ бўлиши мумкин. «Интер Майами»га МЛСнинг мунтазам чемпионатида атиги учта учрашув қолган. Кейин плей-офф баҳслари ўтказилади ва декабрь ўртасида мавсум якунланади. Шундан сўнг МЛСда бир неча ойлик танаффус бошланади.
Нашр фикрича, Месси Роналдуни ортда қолдириши учун португалиялик футболчининг гол уриш суръати кескин пасайиши ёки унинг футболчилик фаолиятини якунлаши керак бўлади.
41 ёшли Роналдунинг «Ан-Наср» билан шартномаси жорий мавсум охиригача амал қилади. Ҳозирча у фаолиятини давом эттириш режалари ҳақида очиқ баёнот бермаган. Шу боис келаси ёзда футболчилик фаолиятини якунлаши эҳтимоли ҳам бутунлай истисно этилмайди.
Агар Роналду мавсум охиригача 1000 та голга ета олмаса, шартномасини яна бир йилга узайтириши мумкин.
Месси тарихда 1000 та гол урган биринчи футболчига айланиши эҳтимоли жуда кам. Аммо бу имкониятни бутунлай инкор этиб бўлмайди.













