Кириш Регистрация
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост 2-2 Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале 3-1 Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе 2-0 Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор 0-1 Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

Максим Шацких: «Ўғлим бўлишини ҳам истардим» (2-қисм)

Баҳо:
+ | -

"Арсенал" ҳужумчиси "Газета.ру" сайтига берган интервьюсида кўп мавзуларга тўхталиб ўтган. Жумладан, ўз агентининг оламдан ўтган, Валерий Лобановский, Юрий Сёмин ҳақида, Қозоғистон клуби билан ҳамон судлашаётгани борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Интервьюнинг биринчи қисми билан сайтимизда танишиб олдингиз.

"Ҳамон "Локомотив" билан судлашмоқдаман"
— "Динамо"дан кейин Қозоғистонга йўл олдингиз. Бу даврни муваффақиятли деб айта оласизми?
— Астананинг "Локомотив" жамоасида ўтказган ярим йиллик фаолиятим унчалик ёмон бўлмаган, қизиқарли давр эди. Сергей Юран бошчилигида биз "спартакча"га яқин ўйин намойиш қила бошладик. Таркиб ҳам кучли эди: Егор Титов, Андрей Тихонов. Барча шароитларга эга эдик: янги стадион, сафарларга чартер рейс, меҳмонхоналар, хизмат машинаси. Биздан бошқа ҳеч кимда бундай шароит йўқ эди. Лойиҳа узоқ муддатга мўлжалланганди. Янги пойтахтда махсус суперклуб ташкил қилинганди. Афсуски, барча яхши нарсалар тез тугаб қолади. Бизда клубнинг норасмий президенти — Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаевнинг куёви Данияр Ҳасенов ўйнарди. Унинг боши билан боғлиқ қандайдир муаммо пайдо бўлди ва Германияда 3 ҳафта кома ҳолатида ётди. Табиийки, усиз ҳеч нарса ҳал бўлмасди. У қайтганидан кейин вазият яна изига тушаётгандек кўринди, аммо бу нарса узоқ давом этмади. Эшитишимча, Данияр қайнотаси билан муаммоларга дуч келган ва у футболдан ҳам кетди. Ҳаттоки Назарбаевнинг қизи билан ажрашибда деган гап чиқди.

— Қозоғистон чемпионатининг савияси қандай эди?
— Мен маҳаллий футболни яхши тушунардим. Ҳар ҳолда Тошкентда туғилганман. Қозоғистонда тўп билан ҳаракатланишни яхши кўришади, аммо футболчилар дангаса. Уларни югуришга мажбур қилиш оғир. Мен буни билардим. Мураббийларга қийин бўлган. Юран юқори оҳангда гапирарди, аммо футболчилар унинг талабларини бажара олмасликларини ёки буни истамаётганликларини тушуниши қийин эди.

— "Локомотив" Тихонов ва Титовга қолган пулларини барибир бермади. Сизга ҳам шундай қилишганми?
— Ҳамон "Локомотив" билан судлашяпман. Қолган қарз каттагина. Боз устига, клуб огоҳлантиришсиз, бир томонлама шартномани бекор қилди. Шартномага мувофиқ, мен бу клубда яна бир йил ўйнашим керак эди. Тўрт йилдан бери Лозаннадаги суд қарорини кутяпман. Унинг қачон қарор қабул қилишини ҳеч ким айта олмайди. Бундай ишлар у ерда тўлиб ётибди. Тезлаштиришларини илтимос қиляпман, боиси бу масала мен учун муҳим. Ҳеч бўлмаса қандайдир жавоб оламан деган умиддаман.

Сотиб олинган унвон
— Қозоғистондаги сафардан кўп ўтмасдан яна Киевга қайтдингиз...
— Вячеслав Грозний билан қўнғироқлашдим. У билан кўришдик, суҳбатлашдик ва у мен "Арсенал"га таклиф қилди. Вячеслав Викторович билан биз "Спартак"да бирга ишлагандик. Бу жамоада у жисмоний тайёргарликка масъул эди. Бу жамоада эса ўзини бошқа томонлама ҳам кўрсата олди. Унинг машғулотлари қизиқ ва турлича. Қисқа ва ўрта пасларга асосланган "спартакча" машғулотлари бор эди. Машғулот пайтида у ҳеч кимга бақирмасди, ўшқирмасди, барчага ҳазил билан ёндашарди. Босимни ҳис қилмасдик. Ўйинда эса барчаси бошқача, унда ҳазилнинг ўрни эмас.

— "Арсенал"нинг собиқ президенти Вадим Рабинович ҳақида матбуотда нималар ёзилмаган дейсиз. Аслида у қанақа инсон эди?
— У ҳақида ёмон фикр билдира олмайман ҳаттоки 1-2 марта ёқимсиз ҳолатлар юз берган бўлса-да. Масалан, хурсанд пайтида президент икки карра кўп мукофот ваъда қиларди. Лекин бу нарса фақат сўзда қолиб кетган, бизгача мукофот етиб келмаган. Ачинарли. Инсон, боз устига, бундай лавозимни эгаллаб турган шахс айтдими, демак, уни бажариши керак.

— Совринларингиз орасида 2005 йилда Осиёнинг энг яхши танловида 2-ўрин ҳам бор. Мукофотлаш маросими қачон ва қаерда бўлган?
— 2005 йилга қадар мен ушбу совринга номзод сифатида икки марта киритилганман. Тақдирлаш маросими эса "Динамо"нинг Чемпионлар лигасидаги ўйинларига тўғри келиб қолган. Табиийки, мен Куала-Лумпурга уча олмаганман. Кейинчалик билишимча, соврин фақат тақдирлаш маросимига келган футболчига бериларкан. Бу сафар ҳам менинг ташрифимни кутишмаган. Саудия Арабистонидан 18-19 ёшли бола келган ва бу ердан мен ҳам етиб борганман. Ташкилотчилар нима қилишни билмасдан бошларини ушлаб қолишган: нима қилиш керак?

Тақдирлаш маросими бошланди. Лекин совринни ўша саудияликка топширишди. Боиси, ушбу мамлакатдан казо-казо инсонлар келишганди. Ўша маросимда Европадан ҳам кўпгина мутахассислар иштирок этишганди. Улар ҳам бу ҳолатдан шокка тушиб қолишган.

Шундан кейин мен расман баёнот берганман: бундан кейин мени номзодлар сафига киритманглар, мен бошқа бу ерга келмайман. Ҳозир эса очиғигини айтаман, ўша соврин сотиб олинганди. Лекин нима учунлигини билмайман. Ачинарлиси, ўша пайтда совринга мен муносиб эдим. Ҳам терма жамоа, ҳам клубда яхши меҳнат қилгандим. 25 соат вақт сарфлаб учиб борсаму, совринни футбол ўйнашни энди бошлаган қандайдир болакайга беришса. Бундай бўлишини билганимда тақдирлаш маросимига умуман бормасдим. Менга ушбу кумуш соврин асло керакмасди.

"Фақат битта нарсага афсус қиламан"
— Сиз руссиз, бир неча йил Россияда ўйнагансиз. Россия терма жамоасида ўйнаш имконияти бўлганми?
— 1996 йилда агентим Володя менга танлаш имкониятини берди — Ўзбекистон ёки Россия. Узоқ ўйлаб ўтирмадим ва мен ўз Dатанимни танладим. Ёшлар терма жамоасидан иштирокимни бошлаб, миллий терма жамоагача етиб бордим. Ушбу қароримдан ҳеч қачон мутлақо афсусланмаганман. Фақат битта нарсадан афсусдаман — жаҳон чемпионатида ўйнай олмадим. Икки марта плей-офф ўйинларида қатнашиб, ҳар сафар муваффақиятсизликка учрадик. 2005 йилда эса Мундиалга чиқишимиз керак эди, аммо ўзимизни ўзимиз расво қилдик. Уйда Баҳрайнни минимал ҳисобда мағлуб этдик, аммо ҳакам қоидаларни аралаштириб юбориб, муаммони юзага келтирганди. Федерациямиз ФИФАга хат ёзиб, 3:0 ҳисобидаги техник ғалабани талаб қилганди. ФИФАдан жавоб келди: ўйин қайтадан ўтказилади. Уйда 1:1 ўйнаган бўлсак, сафарда 0:0. Аламли тарзда ЖЧдан қуруқ қолганмиз. 

— Ўзбекистон терма жамоасини кузатишда давом этяпсизми?
— Албатта! Терма жамоамиз ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиб, тарих яратиши мумкин эди. Корея билан сафарда дуранг ўйнаб, тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлиш лозим эди. Лекин плей-оффга тўғри келдик ва Иорданияга ютқазишди. Бу жамоадан ўтган тақдирда ҳам Жанубий Американинг бешинчи жамоаси билан ўйин кутаётганди. Бу йўл орқали имконият жуда паст эди.

— Жонажон Тошкентга бориб турасизми?
— Терма жамоадаги фаолиятимни якунлаганимдан кейин умуман бормадим. У ерда яқинлардан ҳеч ким қолмади. Ота-онам гоҳида менинг уйимда — Киевда, гоҳида акамнинг Москвадаги уйида яшашяпти. Деярли барча дўстларим у ердан кетишган. Фақат бир неча нафар маҳаллий футболчилар қолишган. Умуман олганда, у ерга бориш учун сабаб ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Қачондир дўстларим билан йиғилиб, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш учун боришим мумкин.. Шахсан ўзим фақат Самарқандни айланганман, шунда ҳам юзакироқ.

— Акангиз ҳам футболчи бўлган. Унинг фаолияти қандай кечган?
— Жуда аламли. Олег шунчаки қобилиятли футболчи эмас, у юксак иқтидор эгаси эди! Совет Иттифоқи олимпия терма жамоаси сафида ўйнаганди. 85 дақиқа майдонда кўринмай юриб, 5 дақиқада иккита гол уриши мумкин эди. Жуссаси кичик, тезкор футболчини рақиблари ушлай олишмасди. Ракетадек юқори тезлик оларди. Натижада у ҳеч кимни аямасдан янчарди. Деярли ҳар бир ўйиндан кейин мен уни қўлимда кўтариб кетардим. Охири уни тиззасини синдиришди. У икки марта операция қилинди ва шифокорларнинг хулосаси: футболга қайтсанг — бутун умр чўлоқ бўлиб қолишинг мумкин. 24 ёшида футболни тўхтатишга тўғри келди.

“Оқсоқол амаки Цвейба”
— Бир йил аввал Егор Титовнинг Москвада уюштирилган хайрлашув баҳсига ташриф буюрдингиз. Бир олам ҳиссиётларни бошдан кечирдингизми?
— Ҳа, энг ёрқин таассуротлар қолди. Ҳали фаолиятини якунламаган кам сонли футболчилар орасида мен ҳам бор эдим. Кимдир қорин билан, яна кимдир яна қандайдир ҳолатда келганди. Бошида шунчаки ўйнаш учун таклиф қилишган деб ўйладим. Ўйин бошланди — биринчи голни ўтказиб юбордик, кейин иккинчиси. Нимадир қилиш кераклигини ўйлаб, аста-секинга уларга етиб ола бошладик. Обҳаво таъсир қилган бўлса-да, байрам амалга ошди. Сел қуймаганида янада кўпроқ мухлислар келишарди. Аввал фақат телевизор орқали футболчилар билан танишдим. Ўйиндан аввал кийиниш хонасида қарасам оқ соч-соқолли амаки ўтирбди. Йигитлардан сўраяпман: "Бу ким?" Амаки эса майдонга чиқди ва шундай ўйнашни бошладики! У Ахрик Цвейба экан. Кейин у билан илиқ суҳбатлашдик. Менга бир-икки маслаҳатлар берди. Яхши йигит!

— Бир неча ой аввал сизга "Кубань" ва "Крилья Советов" қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот тарқалганди. Булар аниқ таклифлар эдими?
— Красдондарликлар менга ярим ярим йиллик шартнома таклиф қилишди. Уларга ҳужумчи керак эди. Мен эса ўткир ҳужумчи сифатида ўйнамаганимга анча бўлди. Ёшим катта бўлганидан кейин гол сезиш қобилиятим йўқолган бўлиши мумкин. "Кубань" мураббийларини уялтириб қўйишни истамадим. Ўша пайтда жамоани ўз вақтида "Арсенал"да ишлаган Леонид Кучук бошқарарди. Мен очиғини айтдим, бундай вазифага тайёр эмасман. "Крилья" варианти ҳам бор эди. Лекин нимагадир бу вариант амалга ошмади.

— Россия чемпионатида қайси жамоага мухлислик қиласиз?
— Москванинг "Локомотив" жамоаси ўйинларини кузатаман. У ерда ҳам мураббий Кучук, ҳам дўстим Виталий ДЕнисов фаолият олиб бормоқда. Ишончим комил, "темирйўлчилар" аввалги ўринларига кўтарила олишади. Улар совринли ўринлар учун курашишади. Янги бош мураббий ҳаммасини йўлга қўяди, жамоани янги йўлга бошлайди.

Умуман олганда, "Зенит" яққол етакчи бўлса керак деб ўйлагандим. Питерликлар юлдузларни сотиб олишган бўлса-да, ҳозирча депсинишмоқда. ЦСКАнинг натижаларига қараб туриб, бу жамоа аниқ чемпион бўлса керак деган фикр келганди. Лекин армиячиларда йирик трансферлар йўқ. Битта таркиб билан ўйнаб, барча грандларни мағлуб этишмоқда.

"Анжи" борасида эса ҳамиша бир фикрни такрорлаб келганман: бу яхшиликка олиб келмайди. Бронза медаллари, Кубок финали? Ҳайрон қоласан! Клубга қанча маблағ сарф қилинди? Учта Москвага жамоасига сарфланадиган маблағ "Анжи" сарф қилинди. Ҳа, ўтган йили биринчи даврадан кейин махачқалъаликлар чемпион бўлишлари керак эди. Лекин футболда пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Натижада барча футболчилар сотиб юборилди.

— Украинада Россия билан қўшма чемпионатга танқидий муносабатда бўлишмоқда. Сизнинг муносабатингиз қандай?
— Амалда буни қандай рўёбга чиқариш мумкинлигини тушунмаяпман. Украинани оламиз: «Динамо», «Шахтер», «Металлист», «Днепр» ва яна 2та жамоа. Қолган 7-8 жамоа қаерда кун кўради? Йиллар давомида тўпланган рейтинг очколари қандай ҳисобланади? Қайси жамоа Чемпионлар лигасида, қайси жамоа Европа лигасида иштирок этади?

Бошқалар ҳайрон бўла бошлашди. Бельгия ва Голландия билан бирлашади, Австрия эса Германия ва Швейцария билан. Уларга мумкину, нима учун бизга мумкин эмас? Тушунаман, "Газпром" икки томонга бир милиларддан пул берди. Бир-икки давомида у қўллаб-қувватлаб туриши мумкин, кейин эса "Газпром" тупуради. Нимага керак менга бу турнир дея. Кейинчи? Ҳамма ўз чемпионатига қочадими? Турли гап-сўзлар бор, аммо УЕФА бунга рухсат бермаса керак. Биринчи канал кубоги каби ўртоқлик мусобақаларини ташкил қилиш мумкин. У менга ёқди. Жамоаларга ҳам, мухлисларга ҳам яхши бўлади.

“Рекордгача 5та гол”
— Украина чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар бўлишингизга яна бешта гол қолди. Сергей Ребровни қачон ортда қолдиришни режалаштиряпсиз?
— Ҳеч қачон статистика ортидан қувмаганман. Хаёлингни нима биландир банд қилсанг, аксинча, бошинг тормозланиб қолади. Рекорд натижага қанча гол қолганни ўзим билмасдим. Дўстларим эса ҳисоблаб боришади ва менга эслатиб туришади. Албатта, Ребровнинг натижасини яхшиласам, ёқимли бўлади. Лекин бунга ёпишиб олмайман. Кўриб турганингиздек, мен майдонда эгоист эмасман. Жамоавий ўйинчи сифатида жамоа манфаатини биринчи ўринга қўяман.

— Оилали инсон сифатида катта тажрибага эгасиз. Шундай эмасми?
— Турмуш ўртоғим билан 20 йилдан бери биргамиз. Икки нафар қизимиз бор. Каттаси Рената 18 ёшда. У институтда халқаро менежмент ва меҳмонона бизнеси йўналиши бўйича таҳсил олади. У онаси билан кўчада кетаётганида, уларни опа-сингил деб ўйлашади. Кичкина қизим Кристина эса олтинчи синфда ўқийди. Бир жойда ўтирмайди. Акробатикага қатнайди, мусиқа билан шуғулланади, куйлашни яхши кўради. Ҳозир уни тележурналистика мактабига ўқишга берамиз. Албатта, ўғлим бўлишини ҳам истардим. Бу йўналишда ҳам ишлаяпмиз (кулади).

— "Арсенал" билан шартномангиз "1+1" кўринишида. Кейинчалик нима қиласиз?
— Умид қиламан, мавсум тугаши билан шартнома автомат равишда узайтирилади. Мен кучга тўламан, меҳнат қилишга тайёрман. Бошқа томонга қарамаяпман. Ҳозирча соғлигим жойида, жамоага фойда келтира оламан. Йиғиштириш кераклигини сезсам, ўзим кетаман. Шунчаки маош учун захира ўриндиғида ўтиришни истамайман.

Манба: www.gazeta.ru
Киритилди: 17:37, 09.10.2013.
Ўқилди: 6377 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.