Вьетнамга қарши кечган учрашув ўзбек футболи мухлислари орасида катта қизиқишга сабаб бўлди деб айтиш қийин. Сабаби оддий — жаҳон чемпионатига чиқиши кутилган ва умидларни оқлай олмаган жамоа энди Осиё Кубоги учун курашда ҳам қийинчиликка дуч келиб турибди.
Шунинг учун бўлса керак, сешанба оқшомида кечган учрашувга 35 минг киши сиғадиган стадионга бор-йўғи 5675 мухлис ташриф буюрди холос. Аммо мана шу 5675 мухлисдан бирортаси ҳам шу куни «Пахтакор» стадионига келганидан афсус чекмаган бўлса керак. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида бемалол Жамшид Искандеровнинг ўйинини ҳам кўрсатиш мумкин.
Захирадан майдонга тушган бўлса-да, Искандеров ўзини йўқотиб қўймади ва учрашувнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Бежизга ўйин якунлангач мухлислар: «Жамшид, Жамшид» дея ҳайқирмадилар. Йигирма ёшдаёқ мухлислар қалбидан жой олиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Аммо Жамшид Искандеров ўзини ҳали бундай эътирофга ҳақли деб билмайди ва ишлашда давом этиши лозимлигини айтади. У билан қилган суҳбатимиз Вьетнамга қарши ўтказилган ўйиндан ташқари бошқа мавзуларни ҳам қамраб олди.
ВЬЕТНАМГА ҚАРШИ ЎЙИН
— Вьетнамга қарши кечган учрашув бу қадар оғир бўлишини кутганмидингиз?
— Ҳозир ҳамма жамоалар футбол ўйнашни ўрганиб олганлар. Ҳали майдонга тушмай туриб, бирор жамоани мағлуб этиш мумкин эмас. Вьетнам терма жамоаси аввалги учрашувларда ҳам ёмон ўйнамаганди. Шунинг учун бизга осон бўлмаслигини аввалдан билардик.
— Майдонга захирадан тушдингиз. Ўйинга мослашиб кетиш қийин бўлмадими, ҳаяжон халақит бермадими?
— Ҳаяжон ҳар доим бўлади. Майдонга тушгандан сўнг мослашиб кетиш учун бироз вақт керак бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Аммо ўйинга киришиб олганимдан сўнг майдондан ташқаридаги нарсаларни унутиб юбораман. Ҳамма эътибор ўйинга қаратилади.
— Мухлислар сизнинг номингизни айтиб ҳайқиргани майдонга эшитилдими? Ўша вақтда нималарни ҳис қилдингиз?
— Эшитилди, албатта. Мухлисларга мени қўллаганлари учун раҳмат. Бу менга куч беради.
— Жавоб учрашувида оғир бўлмайдими? Вьетнам терма жамоаси бош мураббийининг гапларидан жуда аламзада бўлиб қолгани билиниб турганди.
— Жавоб ўйинида ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Ҳозир осон ўйиннинг ўзи қолмаган. Аммо биз рақибга эмас, ўзимизга қараб иш қиламиз. Агар ўз ўйинимизни намойиш қила олсак, нафақат жавоб ўйинида, балки бутун саралаш босқичида ортиқча муаммо бўлмаслиги лозим.
«ЛОКО»ГА ҚАРШИ ЎЙИН
— Клубингиз борасидаги саволларга ўтсак: «Пахтакор» мавсумнинг биринчи ярмида яхши иштирок эта олмаса-да, охирги вақтларда жуда муваффақиятли ўйин намойиш қилмоқда. Айниқса «Локомотив»га қарши кечган ўйин бошқача аҳамият касб этганди. Ўша ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— «Локомотив» бу йил чемпионлик учун ҳаракат қилмоқда. Юқори ўринлар учун курашаётган жамоалар ўртасидаги учрашув ҳар доим қийин бўлган. Ўйинга аввалдан яхши тайёргарлик кўргандик. Мураббийлар кўрсатмасини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилдик. Ҳамма ўз ишини тўғри бажарди. Шу сабабли ғалабага эришганмиз деб ўйлайман.
— «Локомотив» таркибида кимни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?
— «Локомотив»да кучсиз футболчининг ўзи йўқ. Бутун жамоа яхши ўйнаганди.
— Ўша учрашувда рақиб ҳимоячиси Гоголь сизга нисбатан жуда қўпол ўйнаганди. Бу вазият ҳақида нима дея оласиз?
— Жамоаси мағлубиятга учраётгани учун ҳам асабийлашган бўлса керак, шунга ўта қўпол ўйнагандир. Аммо мен бундай нарсаларни тезда унутиб юбораман. Майдонда бўлган нарса майдонда қолгани маъқул. Ҳеч ким мағлуб бўлишни истамайди.
— Аммо ўша вазиятда атайлаб оёғингизга тепгани учун жамоалар ўртасида жанжал келиб чиқишига бир баҳя қолди. Гоголь билан ораларингизда аввалдан келишмовчилик йўқмиди?
— Йўқ, мен у билан шахсан таниш эмасман, ўйин вақтида ҳам, аввал ҳам ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Шунчаки мен тўпни олиб ўтиб кетиб қолгандим, орқамдан келиб оёғимга тепди. Бундан жамоадошларимнинг жаҳли чиқиб кетди. Бу ҳам учраб турадиган ҳолат. Бундай вақтда рақибга эътироз билдирилиши аниқ. Ҳеч ким жанжал чиқармоқчи бўлмади, шунчаки рақибга бундай қилиш яхши эмаслигини тушунтириб қўйишга ҳаракат қилдилар. Ўйин вақтида ҳамма қизишиб кетади, шунинг учун бироз келишмовчилик бошланиши ҳам мумкин. Аммо келишмовчилик жанжалга айланмади, ҳамма ўзини босиб олди.
ОЧЛ — ОРЗУМИ ЁКИ РЕАЛЛИК?!
— «Пахтакор» учун бу йил анча оғир келди. «Локомотив» устидан қозонилган ғалаба жамоага нима беради?
— Жамоамиз Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун курашмоқда. Бироз вақт олдин бу ҳақида ўйлаш ҳам қийин эди, аммо биз курашда давом этдик, яхши натижаларга эришдик. Энди Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳам яхши имконият пайдо бўлди. Биз бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишни истаймиз. Агар ҳаммаси биз ўйлагандек кечса, янаги йил ҳам Чемпионлар лигасида иштирок этишимиз мумкин бўлади.
— «Пахтакор» клуби ОЧЛ янгича кўринишда қайта ташкил қилингандан буён мунтазам равишда иштирок этиб келаётган ягона жамоа ҳисобланади. Бу анъананинг аҳамияти қай даражада?
— Анъана бўлгани яхши албатта. Аммо биз анъана бузилмай қолишидан кўра, клубимизнинг обрўйи учун курашганимиз маъқулроқ. «Пахтакор» ҳар доим ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб келган. Биздан аввалги авлод мана шу савияни ушлаб тура олган. Демак биз ҳам пастга тушиб кетмаслигимиз лозим.
— Шундай бўлса-да, бу йил вазият анча жиддий эканини айтиш лозим. Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун камида «Локомотив» билан орадаги 4 очколик фарқни йўққа чиқариш лозим.
— Мавсум тугашига ҳали беш тур бор. Биз ўзимизнинг ўйинларда ғалаба қозонсак бўлди, қолганига пешонада бори бўлади. Аммо шахсан ўзим Чемпионлар лигасида иштирок эта олишимизга ишонмоқдаман.
— Чемпионлар лигаси сиз учун қандай аҳамиятга эга?
— Қитъа даражасидаги мусобақаларда катта тажриба оламиз. Кучли клубларга қарши майдонга тушамиз. Агар олий лигада «Локомотив»га қарши ўтказилган ўйинга ўхшаганлари унча кўп бўлмаса, Чемпионлар лигасидаги ҳар бир учрашув бундан қийин ўтса, ўтади, аммо осон бўлмайди. Шундай экан бу мусобақа бизга жуда ҳам керак.
ТЕРМА ЖАМОА ВА ЖЧ
— Сиз узоқ вақт ёшлар терма жамоаси йиғинларида бўлдингиз, мусобақаларда, ўртоқлик ўйинларида иштирок этдингиз. Мана энди миллий терма жамоада ўйнамоқдасиз. Йиғинлар якунлангани ҳамоно клубдаги машғулотлар бошланади. Бу ерда ҳам масъулиятли учрашувларда майдонга тушиш лозим. Оғир эмасми?
— Баъзан оғирлик қилади, албатта. Аммо терма жамоада ўйнаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун чидаймиз. Ўзбекистон шарафи учун майдонга тушиш ҳеч қачон менга оғирлик қилмайди.
— Мухлис ва мутахассисларнинг сиздан умидлари катта. Аммо Туркияда ўтган жаҳон чемпионати ҳамма умидлар оқланди деб айтиб бўлмайди. Жароҳат олмаганингизда вазият бошқача бўлиши мумкинмиди?
— Шунақа жароҳат пешонада бор экан, нима ҳам қила олардим. Жаҳон чемпионатидан кўп нарса кутгандим, аммо ўхшамади. Ҳаммасидан ҳам терма жамоага ёрдам бера олмаганимдан сиқилдим. Ўйнаб турган одам учун бир четда қолиб кетиш оғир бўларкан.
— Жароҳат олганингизда узоқ муддатга сафдан чиққанингизни сезганмидингиз?
— Рақиб қўполлик қилганда жароҳат олганимни, оғриқ жуда қаттиқ эканини ҳис қилгандим. Аммо ёмон нарсалар ҳақида ўйлагим келмади. Ўзимча тезда ўтиб кетишига умид қилдим. Лекин касалхонага боргандан кейин текшириб кўриб, жароҳат оғир эканини айтишди. Гипс қўйишга тўғри келди. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан.
— Бу жаҳон чемпионатидаги энг ёмон хотиралар бўлса керак. Энг яхшилари-чи? Ўша мусобақани эслаганингизда ёдингизга тушадиган энг яхши нарса нима?
— Жароҳат олганимдан кейин гипсда юришга тўғри келди. Бундай вақтда одамнинг кўнгли анча чўккан бўлади. Майдонга туша олмаслигингни билиб, яна жамоа ичида юриш осон эмас. Аммо нимчорак финалда Греция устидан қозонилган ғалабадан сўнг йигитлар мени ҳам табриклаб, елкаларига кўтариб олганларида ҳамма нарсани унутиб юбордим. Жамоадошларим ҳар доим кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилгандилар, бундан жуда хурсанд бўлдим. Оёғим гипсда бўлса ҳам, югуриб кетаёздим....
— Гарчи терма жамоа жаҳон чемпионати чорак финалига чиққан бўлса-да, барибир Франция ва Уругвайга қарши ўтказилган ўйинлар кўнгилни анча хира қилди. Олдинда ҳали масъулиятли мусобақалар кўп бўлади. 2016 йилги Олимпиада учун саралаш баҳслари, МДҲ чемпионати, Осиё ўйинлари — буларнинг барчасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишингиз лозим. Нима деб ўйлайсиз, олдинги камчиликларни тўғрилаш имконияти қай даражада?
— Терма жамоамиз Туркияда ўтган жаҳон чемпионатида бор имкониятини очиб бера олмади. Бунинг сабаблари жуда кўп. Тўғри, тайёргарлик яхши олиб борилди, назорат учрашувлари ташкил қилинди. Аммо бизда барибир бу мусобақада иштирок этиш бўйича тажриба унча катта эмас. Шундай бўлса-да, аввалги жаҳон чемпионатларига қараганда, бу сафар анча яхши натижага эришилди. Биз бундан ҳам яхшироқ ўйнай олишимиз мумкин. Кейинги мусобақаларда кучлироқ, яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Шахсан ўзим Олимпиадага йўлланма олишимизга ҳам, унда яхши ўйин кўрсатишимизга ҳам ишонаман.
«ПАХТАКОР» ВА КЕЛАЖАК
— Ёш ва иқтидорли футболчиларимиз олдида яна бошқа вазифалар ҳам турибди. Яъни кучли чемпионатлар скаутлари назарига тушиш. Шахсан сизга бирор қизиқиш бўлдими?
— Бу ҳақида гапиришни истамайман. Чунки амалга ошмаган иш ҳақида айтиш керак эмас.
— Агар яхши таклиф тушса, «Пахтакор»дан кетишингиз мумкинми? Агар ўша клуб Ўзбекистондан бўлса-чи?
— Мен футболчи сифатида «Пахтакор»да шаклландим, ҳозирча шу ерда тажриба тўплашни истайман. Насиб қилса, кейинчалик яхши таклифлар тушса, албатта кўриб чиқамиз. Аммо мен клуб истагига қарши бориб бирор иш қилмайман. «Пахтакор» — менинг уйим, қадрдон жамоам. Фақат «Пахтакор»ни ҳам, ўзимни ҳам қаноатлантирадиган таклиф тушса жамоадан кетишим мумкин. Ўзбекистондаги бошқа клубларда ўйнашни истамайман. Хориждаги кучли клублардан таклиф бўлса, у ерда асосий таркибда ўйнашимга кўзим етса, кейин кетишим мумкин. Клубимизнинг ўз олдига қўйган мақсади ҳам шу — ёш футболчиларни фақат кучли хорижий клубларга сотиш. Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор. Вақти келса, балки мен ҳам клубдан кетарман.
ТЕРМА ЖАМОА
— Вьетнам мағлуб этилди, аммо ҳали жавоб учрашуви бор. Шунингдек Гонконг ва БАА билан ҳам оғир ўйинлар бўлади. Терма жамоа гуруҳда ғолиб чиқа оладими?
— Албатта. Гонконгга қарши кечган ўйинни ҳам, Амирликлардаги учрашувни ҳам мухлис сифатида томоша қилгандим. Ўша ўйинларда терма жамоамизга бироз омад етишмаганди. Биз Осиё Кубоги йўлланмасини гуруҳ ғолиби сифатида қўлга кирита оламиз. Ҳамма нарсани ўз вақтида қилинса бўлди, терма жамоамиз бемалол бу ишни бажара олади. Вьетнамга қарши ўтадиган жавоб ўйинида ғалаба қозонсак ва Гонконгни сафарда мағлубиятга учратсак, Осиё Кубогига чиқиш учун етади менимча. Тошкентда БААга қарши ўтадиган ўйинда гуруҳ ғолиблигини ҳам қўлга киритиш мумкин.
— Терма жамоа ЖЧ саралашида муваффақиятсизликка учрагач, таркибга ёшларни жалб қилиш ҳақида гаплар бошланиб кетди. Ҳатто федерация раҳбарияти ҳам терма жамоа мураббийлар штаби олдига шундай вазифа қўйди. Бу борада қандай фикрдасиз?
— Тажрибали футболчилар терма жамоага ҳали кўп керак бўлади. Буни ҳамма тушуниб турибди. Шунинг учун мураббийлар ҳам Вьетнамга қарши кечадиган ўйинга уларни чақирдилар. Шахсан ўзим уларга ёшлигимдан мухлислик қилганман. Улар билан ёнма-ён футбол ўйнашни орзу қилганман.
АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди