Қозоғистон чемпионатида тўп сурадиган футзалчиларимиз сафи кенгайди. Жорий мавсум Ўзбекистон миллий жамоасининг нақ 6 нафар аъзоси қозоқ клублари шарафини ҳимоя қилади.
Қаторасига икки йил чемпионат бронза медалларини қўлга киритган «БТА-Футзал» клуби вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатди. Маълумки, бу клуб таркибида терма жамоамизнинг етакчи футзалчилари ўйнашганди. Улар ишсиз қолиб кетишмади. Олий лиганинг қолган клублари ҳамюртларимизни эркин агент мақомида ўз сафларига қўшиб олишди. Жумладан, терма жамоамиз етакчиси Дилшод Ирсалиев Таразнинг «СКА-Юг» клуби билан шартнома имзолади. Якшанба куни Қозоғистонда янги мавсумга старт берилди. Биз илк тур ўйини олдидан Ирсалиевдан махсус интервью олдик.
— Дилшод, «БТА-Футзал» жамоаси фаолиятининг тўхтатилишига нима сабаб бўлди?
— Билишимча, клуб раҳбарияти жамоани пойтахт Остона шаҳрига кўчирмоқчи бўляпти. Лекин ҳозирча бу борада ҳеч қандай амалий ишлар қилинмаган. Бу осон кўчадиган ишга ўхшамаяпти.
— Бу ҳақда аввалдан гап-сўзлар урчиганмиди?
— Йўқ. Бу биз — футзалчилар ва мураббийлар штаби учун кутилмаган ҳолат бўлди.
— Жамоанинг футзалчилар ёки мураббийлардан қарзи борми?
— Очиғи, бу ҳақда батафсил маълумотга эга эмасман.
— Шахсан сиз билан клуб ўтган мавсум учун ҳисоб-китоб қилганми?
— Ҳа. Легионерларга белгиланган маош вақтида тўланган.
— Умуман, БТАдаги фаолиятингиздан кўнглиз тўлдими? Ўзингиз учун молиявий тарафдан ташқари, бошқа плюс томонлари ҳам бўлдими?
— Албатта. Жамоа таркибида чемпионат бронза медалларини қўлга киритдим. Қолаверса, катта тажриба тўпладим. Қозоғистон чемпионати бизникидан анча кучли. Легионерлар, айниқса, бразилиялик футзалчилар чемпионат савияси ошишига хизмат қилишяпти. Деярли барча клубларда хорижлик футзалчилар бор.
— Янги иш жойи топиш қийин кечмагандир?
— Бу масалада муаммо сезилмади. Ўтган мавсумдаги ўйинларимни кузатиб борган клублардан таклифлар тушди. Уларни тарозуга қўйиб, якунда Таразнинг «СКА-Юг» клуби вариантида тўхтадим. Зеро, бу жамоа ҳар томонлама қулай ва манфаатли таклиф билан чиқди.
— Қанча муддатга шартнома имзоладингиз?
— Бир йилга.
— «БТА-Футзал»да ўйнаган бошқа футзалчиларимиз тақдирлари нима бўлди?
— Фарҳод Абдумавлонов ва Жамолиддин Шарипов мен каби «СКА-Юг» билан бир йиллик шартнома имзолашди. Шуҳрат Тожибоев ҳамда Нодир Элибоев Жанаузеннинг «ОзенМунайГаз» клубига кўчиб ўтишди. Терма жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабони Рустам Умаров ҳам шу жамоа билан келишувга эришди.
— Эртага (суҳбат 26 октябрь куни уюштирилган, — муал.) Қозоғистон чемпионати янги мавсумига старт берилади. Раҳбарият жамоангиз олдига қандай вазифа қўйди?
— Шубҳасиз, совринли ўринлар учун курашиш вазифасини. Афсуски, мамлакат кубоги баҳсларидан чиқиб кетдик. Ярим финал йўлланмаси учун ўтказилган гуруҳ босқичида аламли тарзда иштирокимизни тўхтатишга мажбур бўлдик. «А» саралаш гуруҳи ўйинлари Семей шаҳрида ўтказилди. Бизнинг жамоа жойлашган «В» гуруҳи баҳсларига эса Жанаузен шаҳри мезбонлик қилди. 6та жамоа ярим финалга бериладиган 2та йўлланма учун майдонга тушди. Бу жамоалар орасидан иккитаси 1-лига вакили эди. Мезбонларнинг «ОзенМунайГаз», «Бургилау» ва «Профилекс», шунингдек, «Оқжайиқ», «Оят» ва «СКА-Юг» клублари 2та чипта учун кураш олиб боришди. Афсуски, дастлабки 3та ўйинда мен, Фарҳод Абдумавлонов ва Жамолиддин Шарипов жамоамизга ёрдам беролмадик. Бизнинг халқаро трансфер сертификатимиз ўз вақтида Қозоғистон ФФга етказилмади. Шу сабаб билан дастлабки 3та ўйинда майдонга тушолмадик. Бу СКА учун катта йўқотиш эди. Шундай бўлсада, илк ўйинда жамоамиз сўнгги дақиқаларда урилган голлар эвазига «Оят»ни 3:1 ҳисобида енгди. Саралашнинг сўнгги куни марказий учрашувда мезбонларнинг «ОзенМунайГаз» клуби билан тўқнаш келдик. Биринчи бўлимнинг ўзида майдон эгалари 4:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Кейин ҳисоб 1:5га етди. Мезбонлар ўйинчиси қизил карточка олиб, рақибимиз майдонда бир киши кам бўлиб қолганидан сўнг ташаббус биз томонга ўтди. Дарвозабонимиз Дмитрий Козулькин ўрнига бешинчи футзалчи майдонга туширилди. Қайрат Кульбараков 3та гол уриб, ҳисобни 4:5 кўринишига олиб келди ва «интрига»ни қайтарди. Аммо якунда барибир 4:7 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Айтганча, бу ўйинда рақиб жамоа таркибида Нодир Элибоев 2та тўп киритди. Жамолиддин эса ўз дарвозамизни ишғол қилиб қўйди. Агар мезбонлар сафида Рустам Умаров майдонга тушмаганида, ғалаба қозонишимиз аниқ эди (кулади). Эътиборлиси, ғолиб жамоага ўзбекистонлик мутахассис, «Ардус»нинг собиқ устози Александр Петров бош мураббийлик қилмоқда. Ўтган йили Петров «БТА-Футзал»да катта мураббий сифатида ишлаганди. Якунда «ОзенМунайГаз», «Оят» «СКА-Юг» клублари бир хил — 12тадан очко жамғаришди. Тўплар нисбатига кўрагина биз курашдан чиқиб кетдик. Энди 7 декабрь куни ўтказиладиган ярим финалда «Тулпор» «Оят» билан, «ОзенМунайГаз» эса мамлакат чемпиони — «Қайрат» билан ўйнайди. Ўз ўрнида «ОзенМунайГаз» клубида ўйнаётган ва саралаш ўйинларида гол уришган дўстларим Шуҳрат Тожибоев ва Нодир Элибоевга ярим финал учрашувида омад тилайман.
— Қозоғистон футзали байроқдори «Қайрат» бошқа жамоаларга қараганда сезиларли даражада кучли. Бу йил мамлакат чемпионига қайси клублар рақобатчилик қилишлари кутиляпти?
— Бежиз алматиликлар шу йили клублар ўртасида Европа чемпиони бўлишмади. Сўнгги йилларда Қозоғистон футзалида «Қайрат»га тенг келувчи рақиб топилмаяпти. Бу йил «Тулпор», «ОзенМунайГаз» ва албатта, «СКА-Юг» клублари чемпионлик йўлида «Қайрат»га жиддий рақобат кўрсатишади.
— Янги клубингизда шароитлар қандай? Жамоанинг ўз зали, базаси борми? Сизларга алоҳида уй беришдими?
— Уччаламизга битта уй ажратишди. Шароитлар маъқул келгани учун шу клуб билан шартнома имзоладик. Ҳозирча жамоамизнинг ўз базаси йўқ. Аммо уни қуриш режага киритилган. Шунингдек, янги зал ҳам бунёд этиляпти.
— Ўтган ҳафта Ўзбекистон чемпионати ҳам бошланди. Кузатиб боряпсизларми?
— Албатта. «Ардус», «Локомотив» клубларида ўйнаётган дўстларимиз билан гаплашиб турибмиз. Айтишларича, бу йил «Когон» ва дебютант «Дўстлик» клублари мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлашибди. Дастлабки турда кутилмаган натижалар қайд этилибди. Янги рақобатбардош жамоаларнинг пайдо бўлиши жуда яхши ҳолат. Бу чемпионатимизда ўсиш борлигидан дарак беради.
— Собиқ жамоангиз «Ардус» икки йилдан бери ўз мавқеини бериб қўйяпти...
— Афсуски, шундай. Жамоа таркибида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Клуб раҳбарияти асосий эътиборни ёшларга қаратяпти. Хуллас, таркиб сезиларли тарзда ёшартирилди. Бу йигитларнинг натижа беришлари учун ҳали вақт керак. «Ардус» ҳар қандай ҳолатда ўз анъаналарига эга жамоа. Таркиби сезиларли даражада кучсизлансада, аввалги мавқеини сақлаб қолди, деб ўйлайман.
— Миллий жамоамиз Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтган Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашолмади. Сафар олдидан мураббийлар ва футзалчилар мақсад чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиш эканлигини айтишганди. Сизнингча, нисбатан омадсиз иштирокнинг сабаби нима?
— Кимга қандай билмадиму, лекин унчалик ёмон қатнашмадик. Тенг курашлар остида кечган ўйинда Японияга 4:5ҳисобида ютқазиб қўйдик.
— Умуман, терма жамоада шу пайтгача ишлаган қайси мураббий ўзидан энг яхши таассурот қолдирди?
— Шубҳасиз, бразилиялик Сержио Сапо ҳамда испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес. Мария ҳозирда Таиланд клубида ишлаяпти ва яқинда жамоаси билан бирга Осиё чемпиони бўлди. Сапо даврида эса Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида мазмунли ва ҳужумкор ўйин намойиш этиб, кумуш медалларни қўлга киритгандик.
— Дилшод, шу ўринда ўқувчиларимизга ўз ҳақингизда ҳам маълумот берсангиз. Чунки бизда футзал нисбатан камроқ ёритиладиган спорт тури ҳисобланади...
— 1983 йилнинг 31 декабрь куни, яъни Янги йил кечаси Тошкент шаҳрида дунёга келганман. Миллионлар ўйинига қизиқиш аввалига футбол мактаби, кейин эса Республика Олимпия захиралари спорт коллежига етаклаб борди. Футболда илк мураббийим — Ренат Аметович. Катта футболдан сўнг қизиқиш кучлилик қилдими, футзалга ўтдим. Ёқтирган таомим — ош. Бўш вақтда китоб мутолаа қилишни ёқтираман. Севимли машинам — Mersedes Brabus. Севимли қўшиқчим — Мустафо, футболчилардан Зайниддин Зиданга ихлосим баланд. Футзалда Фалкаонинг ўйинларидан роҳатланаман.
— Европа Чемпионлар Лигасида қайси жамоага мухлислик қиляпсиз?
— «Реал»га. Ёшлигимдан шу клуб иштирокидаги ўйинларни мароқ билан томоша қиламан. Ўйлайманки, «Реал» бу мавсум тажрибали Карло Анчелотти бошчилигида янги совринларни қўлга киритади. Мана, ЕЧЛда ҳам муваффақиятли одимлаяпти.
— Сизнингча, Европадаги саралаш босқичидан Бразилия-2014 йўлланмасини қўлга киритган кутилмаган жамоа бўлдими?
— Йўқ. Фақат Россиянинг Португалияни «плей-офф»га равона қилишини кутмагандим. Исландиянинг «плей-офф»га чиққанини ҳам айтиш ўринли. «Плей-офф» жуфтликлари орасида айнан Исландиянинг рақибига енгилроқ бўлади, чоғи. Мени кўпроқ Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритолмагани ҳайрон қолдирди. Бундай имконият яна бўлармикан?
Дилшод билан суҳбатлашиб бўлгач, Қозоғистондаги бошқа ҳамюртларимизга ҳам мурожаат этиб, уларнинг фикрларини ёзиб олдик. Хурсанд қиладиган томони, легионерларимиз янги клубларида юксак марраларни забт этишни кўзлашаётганини яшириб ўтиришмади. Албатта, вакилларимизни хорижда тажриба оширишлари терма жамоамиз манфаатларига хизмат қилишидан умидвормиз.
— Қозоғистон чемпионатида 2 йилдан бери ишлаяпман. «БТА-Футзал» клубида катта мураббий вазифасида фаолият юритдим. Ўтган вақт мобайнида қўшни чемпионат ўйинлари ҳавосидан баҳраманд бўлиб, деярли ўзимизники қилиб олдик (кулади). Қолаверса, янги жамоамда ёлғиз эмасман. Мен билан бирга Шуҳрат Тожибоев, Нодир Элибоев ва миллий жамоамиз дарвозабони Рустам Умаров ҳам шу клубга кўчиб ўтишди. «БТА-Футзал» фаолияти вақтинча тўхтатилиши ойдинлашгач, шу жамоадан таклиф тушди. Ўйлаб кўрдик, клуб раҳбарияти билан гаплашиб олганимиздан сўнг таклифни қабул қилдик. Жамоа олдига жиддий мақсадлар қўйилган. Қозоғистон кубоги ярим финалига чиқиб, минимум вазифани уддаладик. Аммо бу босқичдаги рақибимиз ўта жиддий. Қозоғистон футзалининг байроқдори — «Қайрат»ни енгиш осон эмас. Лекин иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Энг муҳими, ғалабага иштиёқ сўнмасин. (Александр Петров, «ОзенМунайГаз» клуби бош мураббийи).
— Шуни айтишим керак, қўшни давлат чемпионати бизникидан кескин фарқ қилади. Ўзбекистондан фарқли равишда, бу ерда ўйинлар уй-сафар тизимида олиб борилади. Бир жамоа билан икки кун ичида 2та учрашув ўтказилади. Тўртта даврададан иборат чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Қозоғистон чемпионатининг кучини легионерлар белгилашади. Бразилия, Россия, Украина, Озарбайжон ва Европанинг бошқа давлатларидан келган легионер футзалчилар эвазига Қозоғистон чемпионати йилдан-йилга кучайиб боряпти. (Нодир Элибоев, «ОзенМунайГаз» клуби ўйинчиси).
— Мен, Нодир Элибоев ва Рустам Умаров «ОзенМунайГаз» клуби билан шартнома имзоладик. Ўйлайманки, бу қароримиз тўғри бўлди. Чунки раҳбарият жамоа муваффақияти учун катта куч сафарбар қилган. Мавсумдаги мақсадларимиз ҳам жиддий. Клуб раҳбарияти томонидан қўйилган минимум вазифа кучли учликдан жой олиш. Лекин имкон қадар чемпионлик учун кураш олиб борамиз. Тўғри, бу осон кечмайди. (Шуҳрат Тожибоев, «ОзенМунайГаз» клуби ўйинчиси).
— Легионерлик мақоми менга илк бор насиб этмади. Аввал Россия чемпионати олий лигасида бир неча мавсум ўйнаганман. Ўйлайманки, ўша пайтда тўплаган тажрибам Қозоғистон чемпионати баҳсларида қўл келади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида Осиё чемпионатларида ҳам бой тажриба тўплаганман. Мақсадимимиз ўзимизнинг йигитлар билан «ОзенМинайГаз» жамоаси муваффақиятига ҳисса қўшиш. (Рустам Умаров, «ОзенМунайГаз» клуби дарвозабони).
— Йигитлар билан маслаҳатлашиб, Тараз шаҳри жамоасини танладик. Бизга бу ерда яратилган шароитлар маъқул келди. Кейин жамоанинг танлаган йўли ҳам ёқди. Умид қиламизки, янги жамоамизда совринли ўринлардан бирини қўлга киритамиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Фақат тўплар нисбатига кўра, кубок баҳсларидан эрта чиқиб кетганимиз яхши бўлмади. Энди бор эътиборни чемпионат баҳсларига қаратамиз. (Жамолиддин ШАРИПОВ, «СКА-Юг» клуби ўйинчиси).
— Янги клубимиз ўйинига мослашиб кетиш қийин кечмади. Кубок баҳсларида тўп киритишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон чемпионати билан таққослаганда, ўйинлар суръати бирмунча тез. Бир жамоада 3 нафар ўзбекистонлик футзалчининг борлиги энг катта ютуғимиз. Ўзимизни умуман бегона ҳис қилмаймиз. Керак пайт бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. (Фарҳод Абдумавлонов, «СКА-Юг» клуби ўйинчиси).
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди