"Металлург" - "Нефтчи" жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейин мезбонлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқов ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бу йилги чемпионатнинг уйимиздаги охирги ўйинида мухлисларни хурсанд этишни кўнглимизга туккан эдик. Дастлабки дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олдик ва тан олиш керак, бугунги ёмон ўйнамадик, аммо натижа бизни қониқтирмади.
Кетма-кет мағлубиятлар мухлисларимизни ранжитганлиги бор гап. Шунинг учун ҳам ўйинга пухта тайёргарлик кўрдик. Бироқ ўйинни кўрганлар айтсин, гол кирмаса кирмас экан. Ўйинчиларимизда қанча имконият бўлди. биргина Суннатилла Мамадалиевнинг ўзи “Нефтчи” дарвозасига учта тўп киритиши мумкин эди. Сардор Расулов, Шуҳрат Йўлдошев, Шаҳзодбек Нурматовдаги имкониятлар-чи... Ғалабани жудаям қаттиқ истаганимизданми, футболчиларда босим юқори бўлди. Ҳаяжон эса аниқ ўйнашларига халақит берди. Бугун омад биздан очиқчасига юз ўгирди. Мусобақа жадвалидаги мавқеимизни яхшилаш учун ҳали имконият бор. Ғузорда охирги турда ғалаба қозониш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз", дейди Мирсодиқов.