Хабарингиз бор бундан саноқли кунлар муқаддам Қозоғистонда бокс бўйича жаҳон чемпионати якунига етди. 120 га яқин давлат спортчилари ўртасидаги мусобақада мамлакатимиз спортчиларидан Жасур Латипов кумуш, Ойбек Мамазулунов бронза медалга эга бўлди.
Чемпионат бошланишини интизорлик билан кутган ва кейинчалик ҳаяжон ва эътибор билан кузатиб борган ОАВ ходимлари ва мухлислар салкам икки ҳафта давом этган мусобақанинг натижаларидан унчалик қониқмади. Сабаби эса оддий - бу гал ҳам боксчиларимиз олтин медалдан қуруқ қолди. Зеро, ўзбек боксчилари жаҳон миқёсида ўз ўринлари борлигини аллақачон исботлаб бўлишган.
1974 йил бокс бўйича биринчи жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Руфат Рисқиев оламшумул ғалабани қўлга киритган бўлса, мустақиллик йилларида Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров ва Аббос Атоев олтин медалга сазовор бўлган. Шунингдек, спорт оламининг энг нуфузли мусобақаси – ёзги Олимпия ўйинларида ҳам ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган.
Бир сўз билан айтганда, боксчиларимиз мустақиллик йилларида Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ғалабалари билан мухлисларни хушнуд этиб келган. Шу боис мухлисларимиз боксчилардан нуфузли мусобақаларда олтин медаль кутади ва бу табиий ҳол.
Бу йилги жаҳон чемпионатида мухлису мутахассисларнинг янада юқори натижа кутгани кўп жиҳатдан терма жамоага ўз вақтида жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида ўзини кўрсатган спортчиларни тарбиялаган Марс Қўчқоровнинг бош мураббийлик қилиши билан ҳам боғлиқ.
Биринчи раунд: натижа яхшими ёки ёмон?
Дабдурустдан кўндаланг қўйилган бу саволга оддий мухлис назари билан яхши ёки ёмон, дея лўнда жавоб бериши мумкин. Аммо, озми-кўпми ана шу терма жамоани кузатиб борадиган журналист сифатида бундай тарзда жавоб беришдан ўзимни тияман. Негаки, ҳар қандай медалнинг ҳам икки томони бўлгани каби бу натижаларнинг ҳам ўзига яраша ижобий жиҳатлари борки, улардан кўз юмиб бўлмайди.
Аввало, бош мураббийликка муносиб кўрилган Марс Галиевич Қўчқоров маҳаллий мутахассис бўлиб, ўзбек боксчиларининг ўзига хос томонларини ва асосийси уларнинг тилини яхши билади. Лекин сўнгги йилларда тажрибали мутахассис хорижда –Хитой, Хитой Тайпейи, Жанубий Кореяда муваффақиятли фаолият олиб борди. Унининг хизматига хориж мамлакатларида эҳтиёж бўлса-да, у Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни маъқул кўрди.
Қозоғистонда ўтган жаҳон чемпионати унинг учун узоқ танаффусдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги биринчи катта мусобақаси бўлди. Гарчи тайёргарлик жараёнида турли турнирларда иштирок этиб, муносибларни саралаб олиш имкони бўлган бўлсада, барибир унинг учун баъзан очиқ баъзан пинҳона тўсиқлар ҳам бўлди. Ўзига хос имтихонга шайланган мутахассис уларни баъзан ақл баъзан эса кучга куч билан жавоб бериш орқали енгиб ўтмоқчи бўлди, гўё.
Бундай вазиятларда ҳар қандай иссиқ жон борки, яхшигина “энергия” сарфлайди. Истаймизми йўқми, ҳаёлан икки фронтда курашади. Демакки, бош мураббийнинг фикрию зикри бир жиҳатга- терма жамоанинг мукаммал таркибини шакллантириш ва тайёргарликка қаратилмади. Аслида ҳар бир спорт турида бўлгани каби, боксда ҳам мураббийлар штаби бор. Ана шу штаб, сарбонни зарур пайтда энг муносиб йўлга чорлаб туриши ва керак вақтда турли муаммолардан сақлаши лозим. Агарки, ана шу қўрғон ўз вазифани уддалай олмаётган экан, бош мураббий ҳам уларни танлашда хатога йўл қўйган бўлиб чиқади. Оқибати эса аён...
Бир сўз билан айтганда, 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ўйинлари олдидан биринчи имтиҳонга кирган таниқли мутахассис жаҳон чемпионати ва якунланаётган мавсум борасида ўзига яраша хулосага эга бўлди, дейиш мумкин. Ҳар қалай боксда шундай - биринчи раунд рақибни ва шу билан бирга ўз имкониятини синашга кетади. Иккинчи томондан, “дастлабки раунд” натижа нуқтаи назаридан айтганда, бизнингча Марс Қўчқоровдек бокс профессорининг номига муносиб бўлмади.
Таркиб
Холбуки, натижа борасида гап кетар экан, таркибни эсламасдан иложимиз йўқ. Терма жамоанинг бу сафарги таркибидан Лондон олимпиадасида иштирок этган Жасур Латипов ҳамда Фазлиддин Ғойибназаров ўрин олган бўлиб, қолганлари (Шаҳриёр Исоқов, Санжар Раҳмоновдан ташқари) илк бор бундай нуфузли чемпионатда иштирок этишди.
Демакки, қийин вазиятда барча масъулиятни ўз бўйнига оладиган ва керак пайтда камчиликларни ёпиб кетадиган яққол лидер таркибда йўқ эди. Негаки, икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев 75 кг вазндан кутилмаганда 91 кг вазнга ўтишга мажбур бўлди ва у ҳали янги вазн етакчиси бўлишга улгургани йўқ. Терма жамоанинг энг кўзга кўринган вакили Элшод Расулов эса жорий йил кутилган натижани бермади, Қозондаги Жаҳон универсиадасида ҳам ҳали у қадар танилиб ургурмаган рақибга имкониятни бой бериб, учинчи ўрин билан чекланди. Уни 2012 йил мағлубиятга учратган қозоғистонлик Адилбек Ниёзимбетовни эса ҳали деярли ҳеч ким танимайдиган Ойбек Мамазулунов Бутунжаҳон талабалар мусобақаси билан параллел ўтган Иорданиядаги Осиё чемпионати финалида мағлуб этди. Ундан ташқари, мураббийлар штаби наздида синов жангида Ойбек терманинг етакчисига нисбатан яхшироқ “форма”га эга эди. (Агар шундай деб билишмаганида, шубҳасиз, терма жамоа сардори қўшни давлатдаги чемпионатга бориши аниқ эди. Негаки, ҳар қандай янги бош мураббийга натижа керак. Шундай экан, бирор бир медаль олиши мумкин бўлган, жуда ҳам маҳоратли спортчини қолдириб, ҳали у қадар тажрибига маҳорати бўлмаган боксчини таркибга жалб қилиши мантиққа тўғри келмайди).
Шундай бўлса-да, авлодлар алмашувини бошидан кечираётган ва Бразилиядаги Олимпия ўйинлари олдидан илк синовга жалб этилган бу таркиб, ёмон иштирок этмади. Чунки, биринчи даврада биргина Хуршид Норматов кубалик рақибига имкониятни бой берган бўлса, қолганлари камида иккитадан жанг ўтказишди. Беш нафари эса чорак финалга қадар етиб келди. Энг енгил вазн 49 кгда таркибдан ўрин олган Қозондаги мусобақада ягона олтин медалга эга бўлган Ҳасанбой Дўсматов мезбонлардан бири Биржан Жакиповни бу сафар ҳам яна бир карра мағлуб этсада, ғалаба мезбонга берилди.(Буни қозоғистонлик ҳамкасбларимиз ҳам тан олишгандек бўлди). Ва алалоқибат ташкилотчилар Биржанни шоҳсупанинг энг юқорисига кўтаришди. Қолаверса, яна икки нафар ҳамюртимизни мағлуб этган боксчилар ҳам ғолиблар сафидан ўрин олишди. Демоқчимизки, вакилларимиз ютқазган тақдирда ҳам рингга бошни баланд кўтарган ҳолда тарк этди.
Бирор бир спортчимиз Лондон Олимпиадасида кузатилганидек, биринчи раундда яхши ишлаб сўнг “орқага” кетмади, балки сўнгги раунднинг сўнгги сонияларида ҳам ўзини жанговор ҳолатини намоён эта олди. Жумладан, бу сафарги чемпионатда кумуш медалга эга бўлган Жасур Латипов ҳал қилувчи финалда 1-2 ҳисобида россиялик жаҳон чемпиони Миша Алоянга имкониятни бой берди. Аслида жанг тенг бўлган, ўша вазиятда бир ҳакам рус боксчисига эмас, Ўзбекистон вакили фойдасига очко берганда ҳам ҳеч ким уни нохолисликда айбламас, терма жамоамиз жаҳон чемпионатидан олтин медаль билан қайтган бўларди. Ва аксинча, агар шундай бўлганда, россияликлар олтин медалсиз қолишарди. Ким билади, бир вақтлар номдор армреслингчиларимиздан бири Мирзоҳид Шаропов айтганидек, ўша ҳакам кичкина давлат спортчиси, деб катта давлат вакиллари билан тескари бўлиб қолишни истамагандир. Яна ким билади, дейсиз.
Ютуқ
Албатта, худди деҳқончиликда бўлгани каби спортда ҳам натижа олинган ҳосилга – медалларга қараб белгиланади. Агар аввалги 2011 йил Бокуда ўтган жаҳон чемпионатидаги кўрсаткич – иккита бронза медалини инобатга оладиган бўлсак, ўсиш бор. (Эътиборлиси, ўшанда ҳам айнан 52 ва 81 килограммдаги спортчиларимиз Жасур Латипов ва Элшод Расулов совриндор бўлганди) Шунингдек, яна шундай “ўсиш” борки, бу келажак учун жуда ҳам муҳим. Яъни терма жамоа таркибидаги кучли рақобат пайдо бўлди. Ҳозирда Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида иштирок этишга муносиб бўлган яна бир неча ўнлаб захирадаги боксчилар бор. Булар айниқса, енгил ва ўрта вазнда кўпроқ кўзга ташланмоқда. Жумладан, Достон Турдиев, Қобилжон Бобожонов, Нодирбек Қосимов, Отабек Ибрагимов, Элнур Абдураҳимов, Исроил Мадримов, Шуҳрат Абдуллаев .... Бу ва бу каби истеъдодли спортчиларимиз 2014 йил таркибдан ўрин олиш учун қаттиқ курашга шайланган.
Ҳозирда бокс бўйича мураббийлар штабининг ҳам асосий мақсади Рио-де Женейрода ўтадиган ХХХI ёзги олимпия ўйинларига муносиб спортчиларни саралаб олишдан иборат. Кучли ва ҳалол рақобат эса бунга имкон беради. Қолаверса, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Бокс федерацияси чарм қўлқоп усталарини бўлажак Олимпиадага муносиб тайёрлашда кўп шларни амалга оширмоқда. Олимпия қўмитаси олимпия дастурига кирган спорт турлари вакиллари учун нафақат барча шароитлар яратиб бермоқда, балки натижасига қараб етарли даражадаги маблағларни ҳам ажратмоқдаки, бу ўз ўзидан спортчи ва мураббийларни янада изланишга ҳар қандай вазиятда ҳам асосий таркибда бўлишга ундаяпти. Шубҳасиз, бу ҳам ўз навбатида барча мутахасислар каби Марс Қўчқоровнинг кўзлаган режаларини амалга оширишда жуда катта ёрдам бўлади.
Камчиликми ё қийинчилик?
Камчилик ҳам бўлдими? Албатта, бўлди. Бусиз иложи ҳам йўқ. Зеро, барчамиз яхши билганимиз иш бор жойда камчилик бўлади. Бизнингча, биринчи навбатда бош мураббий соғлом муҳитни ярата олиши лозим. Янги иштиёқ ва янги “ғоя”лар билан термага келган Марс Қўчқоровга бу борада ўзида борини намоён этиши учун бироз вақт керак бўлади. Бундан ташқари, у асли андижонлик, аниқроғи Избоскан туманидан. Андижон бокс мактаби борасида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Шундай экан, гарчи бу вилоят спортчиси кучли бўлган тақдирда ҳам таркибдан ўрин олишини бошқа вилоят спортчи ёки мураббийлари баъзан тўғри қабул қилади баъзан эса йўқ... Ҳар қандай муносиб, деб билган спортчини мусобақага жалб этиш асносида истаймизми йўқми. унинг туғилган жойига ҳам “андак” эътибор бериб қўйишга мажбур бўлади. Ҳарқалай суяксиз тил, деймизу, кўнгил деган нозик хилқат ҳам борда! Шундай экан, боксни ҳаёти, деб билган ва шу орқали нон топаётган инсонлар нима бўлган тақдирда ҳам терма жамоа бош мураббийи бошиданоқ айтганидек, бирор бир вилоят ёки шаҳар шарафи учун эмас балки, мустақил ЎЗБЕКИСТОН ва унинг шаъни учун курашиши керак.
ХУЛОСА
Бу йил ҳисобидан аксарият спорт турлари каби боксда ҳам энг нуфузи мусобақалар ортда қолди. Янги 2014 йилнинг дастлабки ойидан бошлаб эса янги мавсум ва янги масъулият эшиклари очилади. Шундай экан ҳозирданоқ жорий йилги ишлар сарҳисоб қилиниб, қатъий режалар ишлаб чиқилади. Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси терма жамоасининг бу йилги фаолиятига қандай баҳо беради, билмадик, аммо фикримизча, 2013 йил боксчиларимиз учун ёмон ўтмади. Аввало муносиб бош мураббий тайинланди. Биринчи “раунд”ни у аввалги йиллардаги натижалардан кам бўлмаган кўрсаткичлар билан якунлаш билан бирга XXXI ёзги Олимпия ўйинлари учун дастлабки дадил қадамини қўя олди. Ўзига хос тарзда ўтилаётган машғулотлардан энг асосийси спортчилар мамнун. Марс Қўчқоров хорижда ўрганганларини умумлаштирган ҳолда тайёргарликларга бир қатор янгиликлар олиб кирди. Жумладан, авваллари машғулотнинг бошланғич қисмида мушакларни қизитиш учун югуриш ва бир қатор машқлар бажариларди. Бу одатий машқ учун спортчиларнинг тахминан 20-25 дақиқа вақти ҳамда 30 фоиз энергияси сафланган бўлса, ҳозирда эса деярли 5-6-дақиқа ичида спортчилар организми юклама олишга шай бўлмоқда. Бу билан нафақат вақт балки, энергия ҳам тежалмоқдаки, бу асосий машғулотларнинг янада кўтаринки ва шиддатлироқ ўтишига замин яратяпти. Шунингдек, “ўзбек боксининг профессори” кўп йиллик тажрибасига таянгани ҳолда спортчиларни безитадиган бир хилликдан қочиб, турли усуллар билан спортчиларга юклама бермоқдаки, бу уларнинг янада берилиб машғулот ўташига замин ҳозирламоқда.
Спортчиларнинг кўзларида ғалабага иштиёқ ва ўзига бўлган ишонч ортиб боряпти. Натижада терма жамоа йиғинларида яна авалгидек бутун зални титратиб, қўлқоплар овози “жаранглай” бошлади. Мавжуд 10 вазн тоифасига муносиб бўлган деярли учта таркиб шаклланмоқдаки, бу ҳар қандай “юлдуз”нинг бирдам ҳотиржам бўлишига йўл қўймайди. Кези келганда яна бир муҳим жихатни ҳам айтиб ўтиш керак деб ўйлаймиз. Ҳозирда бутун дунёда спорт илмий асосда ривожланмоқда. Эндиликда, фақат “қоп” ёки “лапа” уриш, тинимсиз машғулотлар ёинки, жисмоний куч билангина натижага эришиб бўлмайди.
Инсон организми ҳам бир уммонки, уни ўзлаштирилмаган минг бир қарралари бор. Шундай экан унга тўғри ва ақл билан ёндашган ҳолда юклама бериш талаб этилади. Бунинг учун эса биринчи навбатда илмий ёндашув жаҳон боксидаги сўнгги янгиликлардан бохабар бўлишни талаб этилади. Шу маънода бош мураббийнинг Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Ҳолмуҳамедов билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйгани ҳам бунга мисол бўла олади. Бу ҳамкорлик самараси ўлароқ, Ўзбекистон бокс федерация томонидан Рустам Деҳқонович Алмати шаҳридаги чемпионатини илк бор (!) бевосита кузатди ва ишонч билан айтиш мумкинки, ён дафтарига кўп нарсаларни қоралаб қайтди. Бу қораламалар янги мавсум тайёргарлиги ва энг эътиборлиси спортнинг катта қозонида қайнаш учун ҳозирлик кўраётган бугунги талабалар учун муҳим қўлланма бўлиши ҳам табиий.
Яна бир эътиборли жиҳати қўлқопини яқиндагина михга илган Ўткирбек Ҳайдаров, Рустам Саидов, Тўлқин Қиличев, Абдували Шомирзаев, Жасур Қурбонов каби ёш интилувчан мутахассислар ҳам мураббийлар штаби таркибида тажрибасини оширяпти. Шундай экан бу ва буларнинг самаралари яқин йилларда бир биридан улкан бўлади, десак хато бўлмас.
Улуғбек Ҳакимжонов