Гарчи мавсум-2013 Тошкентнинг «Пахтакор» клуби учун омадсиз якунланган бўлса-да, «шерлар» таркибидаги бир қатор ёшлар ўзларини ҳар томонлама кўрсатишди. Шундай футболчилардан бири - иқтидорли ҳужумчи Игорь Сергеев.
У жорий йилнинг ёзида Туркияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги (U-20) жаҳон чемпионатида иштирок этиб, терма жамоамизнинг кучли саккизликдан ўрин эгаллашига муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, илк марта миллий термамизга ҳам жалб этилди ва ўз голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди.
Игорь билан мулоқотимиз «Пахтакор»нинг якунланган мавсум ўзи иштирок этган барча мусобақалардаги омадсизлиги хусусида бошланди. Ёш ҳужумчининг айтишича, гарчи вазифалар бажарилмаган бўлсада, жамоа футболчилари катта тажриба тўплашган ва бу ке-йинги йили қўл келиши мумкин:
- Албатта, жорий йил ҳам жамоамиз олдига энг юқори вазифалар қўйилганди. Афсуски, уларни уддалолмадик. Лекин бунинг ўзига хос сабаблари йўқ эмас. Жумладан, мавсум давомида бир қатор етакчи футболчиларимиз жароҳатланишди, айрим жамоадошларим (шулар қаторида ўзи ҳам - IF.) миллий ва ёшлар терма жамоаларимизга жалб этилишди, яъни таркибимиз кўплаб баҳсларда оптимал кўриниш олмади. Бу табиийки, натижаларимизга таъсир ўтказмай қолмади. Бундан ташқари, айрим ўйинларда омад биздан очиқчасига юз ўгирди. Масалан, ўртамиёна клублар билан баҳсларда кўп очко йўқотдик. Давралар оралиғида клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби хатолардан келиб чиқиб, машғулотлар тизимига ўзгартириш киритди. Шунингдек, барча чизиқларни кучайтиришга ҳаракат қилинди. Натижада 2-даврада анча мазмунли ўйин намойиш этдик. Лекин мавсумнинг биринчи қисмида йўқотилган очколар якунда ўз сўзини айтди. Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокимизга келсак, бунда ҳам омадсизлик панд берди. Аслида гуруҳ босқичидан бемалол ўтишимиз керак эди. Бироқ мавсум бошида ўйинимиз тўла шаклланмагани панд берди... Ўзбекистон кубоги баҳсларида эса бу йилги бронза медали соҳиби «Насаф»га имкониятни бой бериб, финалга чиқолмадик. Нима дердим, футболда баъзан омадсиз даврлар ҳам бўлади. Якунланган мавсум совринсиз қолган бўлсакда, у биз учун ғоят фойдали ўтди. Хусусан, тажрибамиз анча ошди. Энди келаси йили албатта, совринли ўринлар, янада аниқроғи, чемпионлик учун курашамиз, деган умиддаман. Ахир «Пахтакор»ни медалсиз қолиб кетиш у ёқда турсин, ҳаттоки, 2 ёки 3-ўрин ҳам сира қониқтирмайди. Хуллас, ишонтириб айтаманки, жамоамиз навбатдаги мавсумда фақат ва фақат олтин медалларни кўзлайди. Менимча, бунга салоҳиятимиз етади.
Суҳбатдошимиз ортда қолган чемпионат баҳслари ҳамда шахсан ўзи намойиш этган ўйинлар хусусида қандай фикрда?
- Якунланган мавсум учрашувлари анча ёрқин ва томошабоп кечди. Чемпионлик тақдирининг сўнгги турда ҳал этилиши, «олтин»га бирданига 3та жамоа даъвогарлик қилиши сўнгги 3-4 йилда умуман кузатилмаганди. Умуман, чемпион номи 2-3та тур олдин аниқланишига ўрганиб ҳам қолгандик. Ушбу омил ҳам бу йилги мавсумнинг «интрига»га бой ўтганлигидан далолат беради.
Ўз ўйиним борасида тўхталадиган бўлсам, таъкидлашим жоиз, мавсум клубимиз учун муваффақиятсиз якунланганига қарамай, менга анча омадли келди. Ахир ўтган йилги мавсум «Пахтакор» таркибида жуда кам, бунинг устига, асосан захирадан майдонга тушгандим. Жорий йил эса клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби менга катта ишонч билдирди ҳамда буни оқлаш учун астойдил ҳаракатландим. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатида иштирок этдим. Жамоамиз жаҳоннинг кучли 8та жамоаси орасидан ўрин олди. Тўғри, чорак финалда францияликларга йирик ҳисобда (0:4) ютқазиб қўйганлигимиз афсусланарли ҳолат. Лекин дунёнинг энг сара жамоалари иштирок этган мундиалда кучли саккизликдан ўрин олиш ҳам катта натижа. Асосийси, миллий терма жамоамиз таркибида дебют қилишдан ташқари, илк голимни уришга муваффақ бўлдим. Қисқаси, барчаси шахсан мен учун унчалик ёмон кечгани йўқ. Лекин ўйинларимдан тўла қониқиш ҳосил қилмаганим ҳам рост. Миллий жамоамизда ўз ўрнимга эга бўлиш учун бундан-да ёрқинроқ ўйнашим талаб этилади.
Сергеев фаолиятида илк марта гарчи ёшлар ўртасидаги бўлсада, ЖЧда иштирок этди. Бундан ташқари, ҳам ёшлар, ҳам миллий терма жамоамизнинг ўқув-йиғин машғулотларида қатнашди. Хўш, Туркия мундиали унда қандай таассурот қолдирди? Ёшлар ва бош жамоамизнинг машғулотлари ўртасида қандай фарқ сезди?
- Фаолиятимдаги илк мундиалдан яхши таассуротлар қолди. Ахир ЖЧда бошқача футбол намойиш этилади, ҳис-ҳаяжонлар ҳам ўзгача бўлади. Шунингдек, бизга қарши ўйнаган бир қатор футболчилар ўз мамлакатлари миллий жамоаларида тўп суришяпти. Мисол сифатида Пол Погбани келтириш мумкин. Умуман олганда, ЖЧ-2013 хотирамда муҳрланиб қолиши аниқ. Айниқса, мухлисларимизнинг бизни қандай қўллаб-қувватлашгани эсимдан чиқмайди. Очиғи, Туркияда ўзимизни худди Ўзбекистонда ўйнаётгандек ҳис қилдик. Бунинг учун ортимиздан Туркияга борган мухлисларга катта раҳмат.
Албатта, ёшлар ва миллий жамоа машғулотлари орасида катта фарқ бор. Зеро, бош жамоамиз таркибидан тажрибали, тезкор ва юқори савияли футболчилар ўрин олишган. Уларга бирор нарсани тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Кези келганида таъкидлаш жоиз, «Пахтакор»даги ўйинларимдан ташқари, ёшлар ўртасидаги ЖЧда қатнашганим, унда жамоамизнинг муваффақиятли иштирок этганлиги ҳам миллий термадан чақирув олишимга туртки бўлди, менимча. Умуман олганда, нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам муваффақиятга эришганим, Тошкентда Вьетнам терма жамоасига қарши кечган кечган баҳсда иккинчи тўпни киритиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшганлигимдан бахтиёрман. Албатта, кейинги баҳсларда ҳам майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз ва мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз. Мана, жорий йил футболчилик фаолиятимда янги саҳифа очилди. Келажакда ўз устимда тинмай ишлаб, янада юксак чўққиларни забт этишни хоҳлайман. Ўйлайманки, жорий йил ўзлаштирилган тажриба менга келажакда кўп қўл келади.
Игорь миллионлар ўйинига қандай кириб келган? У болалигидан ҳужумда ўйнаганми? Ўз назарида замонавий форвард қандай бўлиши керак?
- Барча ўғил болалар сингари мен ҳам болалигимда кўча-кўйда футбол ўйнаб чарчамасдим. Айтганча, оиламизда мендан олдин ҳеч ким футболга унчалик қизиқмаган. Кейинчалик тенгдошларим билан футбол тўгарагига ёзилдик. Ўша пайт мен билан бирга машғулотларга борган оғайниларимнинг кўплари ҳозир бошқа соҳаларда ишлаяптилар. Чунончи, футболчиликнинг ўзига яраша машаққати бор. Насиб экан, футбол билан шуғулланишда давом этиб, «Пахтакор»га қарашли БЎСМга кирдим. Кейин Республика олимпия захиралари коллежида таҳсил олиб, 2005 йили «Пахтакор»да фаолиятимни бошладим.
Болалигимдан Мадриднинг «Реал» клуби мухлисиман. Айниқса, Зайниддин Зидан ва Дэвид Бекхэм ижросидаги ўйинлардан катта баҳра олардим. Ҳозирги футболчилардан эса Криштиану Роналду, Карим Бензема, Златан Ибрагимович ва Роберт Левандовскини эътироф этаман. Асосан ҳужумчиларга эътибор қаратишим табиийки, амплуам билан боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, болалигимдан ҳужум чизиғида тўп сураман. Тўғри, истисно тариқасида баъзан бошқа позиция, масалан, ҳимояда ҳам ўйнашимга тўғри келган. Лекин айнан олдинда ўзимни эркин ҳис қиламан. Замонавий ҳужумчи қандай бўлиши керак? Сир эмас, ҳозирги футболда универсаллик ғоят қадрланади. Шу маънода айтганда, ҳужумчидан фақат ўз вазифаси билан чегараланиб қолмасдан, ҳимоя ҳаракатларида ҳам фаол бўлиш талаб этилади. Умуман, форвард учун энг зарари - тўғри позиция танлаш хусусияти. Яна бош билан ўйнаш қобилияти ҳам муҳим. Шунингдек, вазиятлар қадрига етиши керак. Бу ҳам позиция танлашга боғлиқ.
Кўплаб иқтидорли футболчиларимиз бирор нуфузли мусобақада иштирок этгач, дарров «юлузлик касали»га чалиниб, «йўқолиб қолишмоқда». Суҳбатдошимиз бу ҳақда қандай фикрда? У «юлдузлик касали»га чалинишдан чўчимайдими? Маълумки, «Пахтакор» таркибида ёш футболчилар кўп. Бу ҳолат Сергеевга плюсми ёки минус?
- Ҳаммаси футболчининг ўзигагина боғлиқ. Шахсан мен «юлдузлик касали»га чалиниш хусусида хавотир чекмайман. Зеро, улкан мақсадларни кўзлаб қўйганман. Хуллас, ҳали тўхтамоқчи эмасман. Қолаверса, ҳозирча мақташга арзирли натижага эришганим йўқ. Истеъдод тинимсиз машқлар орқали юзага чиқишини ҳам яхши биламан. Агар озгина бўшашсам, захирада қолиб кетишим мумкинлигини ҳам. Шундай экан, нималарга қодирлигимни исботлаш йўлида ҳали кўп ишлашим керак. Энг асосийси, ўз имкониятларимни жуда яхши биламан. «Пахтакор»даги ҳолатга келсак, футболчи учун ўз тенгқурлари орасида тўп суриш енгилроқ, албатта. Мана, жамоадаги кўплаб футболчилар билан анчадан буён биргамиз. Шу боисми, майдонда ўзаро тил топишиб тўп суришимиз нисбатан осонроқ. Қолаверса, инсонга хос хислатлардан бири - бу ўз тенгқурларидан ортда қолмаслик ҳаракати. Ўйлайманки, айнан шу ҳолат барчамизнинг ўсишимизга катта туртки беради.
«Пахтакор» кўп йиллик тарих ва ўз анъаналарига эга обрўли клуб. Бундай жамоада тўп суришнинг масъулияти оғир. Игорь масъулиятни қандай тушунади? Унинг бош орзуси нима?
- Менимча, нафақат «Пахтакор», балки ҳар бир клубда ўзига яраша босим, масъулият мавжуд. Ўз имконияти даражасида тўп суролмаган, масъулиятни тўла англамаган футболчига нисбатан клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва мухлислар томонидан эътирозлар бўлиши ўз-ўзидан аён. Бунга тўғри ёндашиш керак. Баъзан шундай босим ҳам футболчиларга қўл келиб, улар янада яхшироқ ўйнашга интилишади. Менимча, масъулият - бу жамоадошларни уялтириб қўймаслик ҳисси, аввало. Агарда кимда-ким бутун жамоа учун ўйнашини унутса, демак, у масъулиятни тўлиқ тушунмайди.
Орзу? Ниманидир мўлжалламаган футболчи борми? Мен айнан битта маррани бош орзу сифатида кўрмайман. Аксинча, орзуларим хилма-хил ва бисёр. Айримлари футболга боғлиқ, бошқалари ҳаётга. Хусусан, футболга тўхталсам, келажакда Европада ўйнаш, ЖЧ финал босқичида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайман.
Маълумот учун
Игорь Сергеев
Туғилган санаси ва манзили: 1993 йил 30 апрель, Тошкент шаҳри
Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган
Биринчи мураббийи: Дмитрий Ким
«Пахтакор» футбол мактаби ва Республика олимпия захиралари коллежини тамомлаган
Амплуаси: ҳужумчи
2005 йилдан буён «Пахтакор»да
Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди