Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам ва Гонконг сафаридан ғалабалар билан қайтди. Миллий жамоамиз шу тариқа Осиё кубоги йўлланмаси масаласини муддатидан аввал ҳал қилди.
Яқинда тажрибали ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев билан айнан шу ўйинлар хусусида суҳбатда бўлдик. «Локомотив» клуби аъзоси саволларимизга жавоб бераркан, Вьетнам ва Гонконг терма жамоаларининг ўхшаш ва фарқли жиҳатларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, суҳбат чоғи Исломга «Локомотив» клуби ҳақида ҳам бир қатор саволлар билан мурожаат этдик.
САФАР ОЛДИДАН
- Ислом, сафарга кетиш олдидан кайфиятларингиз қандай эди?
- Жуда яхши. Бир мен эмас, бутун жамоада ички муҳит аъло даражада бўлди. Ҳаммаси аввалгидек, футболчиларнинг ўзаро ҳазиллари ҳам, жамоанинг тайёргарлик жараёни ҳам одатий кечди. Бир сўз билан айтганда, терма жамоа сафар ўйинларига тўлиқ тайёр эди ва олдимизга қўйилган вазифани бажарганимиздан хурсандмиз.
- Тайёргарлик жараёни учун вақт ва ўртоқлик ўйини етишмагандек туюлди. Бу ҳолат мураббийлар ва футболчилар кайфиятига таъсир ўтказмадими?
- Албатта, жиддий ўйинлар олдидан тайёргарлик қанча мукаммал бўлса, шунча яхши. Аммо олий лига ўйинлари энди тугаганди ва легионер футболчиларнинг етиб келишларига ҳам вақт кетди. Шуларни ҳисобга олиб, мутасаддиларни ҳам тўғри тушуниш керак. Кейинги учрашувга тайёргарлик жараёни яхшироқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, БАА анча жиддий рақиб ва уни мағлубиятга учратишни ҳамма истайди.
- Мавсум узоқ давом этди. Ўзингизда чарчоқ ҳис қилмаяпсизми?
- Йўқ. Бундай мавсумларга ўрганиб кетганман. Миллий жамоа сафида тўп суришни ҳамма орзу қилади. Менинг бу борада омадим келди, деб айтишим мумкин. Терма жамоа сафида анчадан буён ўйнаб келяпман. Сафардан ғалаба билан қайтдик ва шу билан чарчоқлар ёзилиб кетди.
- Келаси мавсум яна-да оғирроқ ўтиши кутиляпти. Ҳар ҳолда, «Локомотив»нинг Чемпионлар Лигасидаги ўйинлари осон кечмаса керак...
- Бунга тайёрман. ОЧЛда ҳам ўзимни кўрсатишни истайман. Бу мусобақа биз учун жуда муҳим. Ҳар қандай вазиятда клубимга ёрдам беришга тайёрман. Насиб қилса, келаси йил олдимизга қўйилган барча вазифаларни бажариб, мухлислар ва раҳбарият олдида юзимизни ёруғ қиламиз.
РАҚИБЛАР ҲАҚИДА
- Вьетнам ва Гонконг термалари барибир, қитъа футболида етакчиликка даъвогарлик қиладиган жамоалар сирасига кирмайдилар. Балки шу сабаб рақибга жиддий ёндашилмади ва Тошкентдаги ўйинлар анча қийин кечди. Сафар учрашувлари бу ердагисидан қанчалик фарқ қилди?
- Тошкентдаги ўйинларда рақибларни менсимаганимиз ҳақидаги фикрларга унчалик қўшилмайман. Тўғри, Вьетнам ҳам, Гонконг ҳам у қадар кучли эмас. Аммо барча футболчилар бор кучлари билан ўйнагандилар. Ҳозир аксарият жамоалар «қуюқ» ҳимояланишни ўрганиб олганлар. Тошкентда вьетнамликлар дарвозасини ишғол этишда роса қийналдик. Шунингдек, Гонконгга қарши ўйинда ҳам шу муаммо кўзга ташланганди. Бу табиий ҳол - кучсиз жамоа ҳар доим ҳимояни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Бизнинг мақсадимиз аниқ эди - ғалаба қозониш. Аммо бор кучни сарфламай туриб, бунга эришиш мумкин эмаслигини яхши билардик. Шу сабаб анча тер тўкдик. Мураббийлар штаби рақибларни яхшилаб ўрганиб чиқди ва тегишли кўрсатмалар берди. Натижада ғалаба қозондик.
- Тошкентда Вьетнам ҳам, Гонконг ҳам ҳимоядан ўйнагани учун муаммолар сезилгани рост. Аммо сафардаги ўйинларда ҳам рақибнинг тактикалари унчалик ўзгаргани йўқ-ку.
- Ҳа, улар ҳимояда ўйнаш учун аввалдан ўзларини тактик ва руҳан тайёрлаган эканлар. Бор кучни ҳимояга сафарбар этадиган жамоаларга қарши ўйнаш ҳар доим оғир. Айниқса, Вьетнам ва Гонконг каби ҳужумни бутунлай унутиб, ўз жарима майдончасига қамалиб оладиган жамоалар роса муаммо туғдиришади. Гонконг билан Тошкетдаги ўйинда бизга биттагина гол етишмаганди. Агарда ўшанда гол уриб олганимизда, рақиб очиқроқ ўйин намойиш қилиш, ҳужумга ўтишга мажбур бўларди. Умуман, бу жамоага қарши ҳар икки ўйинда тезкор гол уриш вазифасини бажаролмадик. Аммо сафарда босим анча паст эди, шу сабабли ортиқча қийинчиликсиз, барибир, ғалабани қўлга киритдик. Вьетнам борасида ҳам худди шу гапларни айтишим мумкин. Зеро, айнан ҳисобни очганимиздан сўнг вазият ўзгарди.
ЎХШАШ ВА ФАРҚЛИ ЖИҲАТЛАР
- Шу ўйинлардан қай бири оғирроқ кечди, сизнингча? Вьетнам терма жамоаси фақат математик жиҳатдан Осиё кубогига чиқиш имкониятини сақлаб қолганди. Гонконгда эса яхшигина имкон бор эди...
- Икки ўйин бир биридан қолишмади. Чунки рақиблар ўз уйларида ўйнадилар ва маҳаллий мухлислар қаршисида бор куч билан ҳаракат қилдилар. Аммо худди шу нарса бизга қўл келди. Чунки Вьетнам ҳам, Гонконг ҳам, барибир, савия жиҳатидан биздан пастда... Мана, рақиблар бирозгина очиқроқ ўйнагандилар, дарҳол жазоланишди.
- Гонконг терма жамоаси очиқчасига дуранг учун ҳаракат қилди. Шундай бўлишини кутганмидингиз? Ахир бундай ҳолатда рақиб Вьетнамга қарши охирги тур ўйинида ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонишга, бизнинг эса худди шундай ҳолатда БААдан енгилишимизга умид боғларди. Буни эса тасаввур қилиш қийин...
- Албатта, бундай бўлиши жуда қийин масала, аммо гонконгликлар, барибир, ҳимоявий ўйин кўрсатиб, вақтни чўзиш, дурангни ушлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Шундай бўлсада, рақиб мураббийи вазиятга қараб, реал иш тутди, деб ўйлайман. Чунончи, гонконгликлар ҳужумкор ўйнаган тақдирда ҳам, керакли натижага эриша олмасдилар. Аксинча, йирикроқ ҳисобда мағлубиятга учрашлари ҳеч гап эмасди. Дуранг эса уларга умидни бироз сақлаб туриш имконини берарди.
- Бу жамоаларнинг ҳар иккиси Жанубий-Шарқий Осиё вакиллари ҳисобланади. Уларнинг ўйин услубидаги бир бирига ўхшаш ва фарққиладиган жиҳатлар ҳақида нима дея оласиз?
- Бошқалар учун қандай билмадиму, менимча, Вьетнам терма жамоаси ҳужумкорроқ ўйин намойиш қилди. Таркибида техник томондан кучли футболчилар ҳам етарли экан. Гонконг термаси эса кўпроқ ҳимояга эътибор қаратди. Мана шу томонлама улар бир биридан фарқ қилса керак. Ўхшаш томонларига келсак, Вьетнам ҳам, Гонконг ҳам ҳимояга катта эътибор қаратадиган жамоалар тоифасидан. Баъзи ўйинларда буни яхши уддалайдилар ҳам...
- Ўйиндан аввал мураббийлар Гонконг ва Вьетнам термаларининг ўз уйларида ҳужумга ўтишга интилишлари ҳақида гапиришганди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади. Ниманинг ҳисобига тактикани тезда ўзгартира олдинглар?
- Ўйиндан аввал ўтказилган машғулотлар давомида турли услубларни синовдан ўтказгандик. Тўғри, ўртоқлик ўйинида майдонга тушмадик, аммо турли машқлар ва икки томонлама ўйинлар орқали муайян услубларни кўриб чиқдик. Шу сабабли асосий режа иш бермаган тақдирда, гол уришнинг бошқа йўлларини ҳам қўллай олишимизга ишонардик. Умуман, мураббийлар штаби турли йўл-йўриқлар берди. Бунинг устига, ўйин вақти ҳам тезда янги кўрсатмалар берилди. Танаффус вақти эса қандай ишлаш кераклиги айтилди.
- Терма жамоа таркибига илк бора чақирилган ва ўзини кўрсата олган Воҳид Шодиев ҳақида нима дея оласиз?
- Жуда яхши ҳужумчи. Жамоага тезда мослашиб кетди. Унинг голлари эвазига ғалабага эришдик. Демак, фақат илиқ фикрлар билдиришим мумкин.
- Терма жамоага яна бир янги футболчи - Шаҳзодбек Нурматов ҳам чақирилганди. Аммо у ўзини кўрсатиш учун етарли имкониятга эга бўлмади...
- Ҳамма ҳам қачондир, нимадандир бошлайди. Унда ҳам вақти келиб имконият бўлади. Бунга тайёр турса, бас...
ЎЗГАРТИРИЛГАН АМПЛУА
- «Локомотив»нинг бир қатор учрашувларида ҳужумчи ортида ўйнадингиз. Айтиш мумкинки, натижа ёмон эмас: қатор голлар ҳам урдингиз. Шундай бўлишини кутганмидингиз?
- Аввалдан мураббийлар кўрсатмасини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилиб келганман. «Локомотив»нинг ҳужум чизиғида муаммо юзага келгач, олдинга ўтишимга тўғри келди. Фарҳод Тожиев ва Иван Нагаев жароҳатланишди, кейинроқ Виктор Карпенко ҳам сафдан чиқди. Натижада мураббийлар штаби мени олдинроқда синаб кўришга қарор қилди. Албатта, бу ишончни оқлолганимдан хурсандман.
- Вьетнамга қарши ўйинда ҳам бироз вақт олдинда ўйнадингиз. Агар терма жамоада яна ҳужумга ўтиш имконияти берилса, голлар ура олишингизга ишонасизми?
- Албатта. Ўзига ишонмайдиган футболчи майдонга тушгандан кўра, уйида қолгани маъқул. Агар олдинда ўйнаш зарурияти туғилса, бемалол ҳужумга ўтишим мумкин. Аммо очиғини айтсам, бундай бўлишини унчалик истамасдим. Чунки терма жамоада ҳужумда ўйнайдиган яхши футболчилар бор ва уларнинг жароҳатланишларини мутлақо хоҳламайман. Ҳамманинг соғ-саломат ҳолда ўз ўрнида ўйнагани яхши.
- Фаолиятингиз давомида аввал ҳам ҳужумчи ролини бажарганмисиз?
- Ёшлигимизда ўзимизни турли позияцияларда синаб кўрганмиз. Болалар жамоаларида кўпинча амплуани ўзгартириб ўйнашга тўғри келарди.
- Бироз муболаға бўлсада, айтамиз: «Локомотив» ҳужумидаги маҳсулдорлигингиз жаҳон юлдузлари қайд этаётган натижаларни эслатиб юборди...
- (Кулади). Мақтов учун раҳмат, лекин ростдан ҳам, анча ошириб юбординглар. Голларга келсак, ҳар қандай футболчида ҳам майдонга тушаётганида юрагининг бир четида рақиб дарвозасини ишғол этиш истаги бўлади. Мен ҳам ҳатто ҳимояда ўйнаган вақтларда гол уришга интиламан. Футболдан олинадиган асосий лаззат ҳам шу. Аммо ҳимоячининг ўз мажбуриятлари бор ва энг аввало, уларни бажариши керак.
- «Локомотив» нима сабабдан бу йил чемпионликни қўлга киритолмади? Ахир жамоа олдига юқори мақсадлар қўйилгани айтилганди.
- Бунинг сабаблари жуда кўп. Аммо уларнинг ҳеч бирини жиддий, деб айтмаган бўлардим. Қайсидир ўйинда бироз омад етишмади, бошқа бирида эса тажриба. Жамоамиз янгича ривожланиш йўлига ўтганини ҳам унутмайлик. Қисқа вақт ичида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Натижалар ҳам ўзини узоқ куттириб қўймаслигига ишонаман. Фақат бироз сабр қилиш керак. Насиб қилса, келгуси йил чемпионликни тантана қиламиз. Шунингдек, Чемпионлар Лигасида ҳам мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз.
- Ёш бўлишингизга қарамай, олий лига ўйинларида катта тажриба орттирдингиз. Нима деб ўйлайсиз, бу йилги чемпионат ва аввалгилари ўртасида қандай фарқ сезилди?
- Фарқ катта. Чемпионлик учун 3та жамоа кураш олиб боргани бунга ёрқин мисол. Ғолиб номи охирги турдагина маълум бўлди. Буларнинг барчаси чемпионат ривожланиб бораётганини кўрсатиб турибди. Йил ўтган сари майдонлар ва ўйин сифати яхшиланяпти. Илгариги майдонларда қисқа «пас»лар билан комбинацион ўйнаш жуда қийин эди. Баъзи майдонларда умуман «подкат» қўйиб бўлмасди. Мана, сифатли майдонлар анча кўпайди ва шунга яраша ўйин суръати ҳам ошяпти.
- Бу йил жамоангиз Чемпионлар Лигасида кўнгилдагидек натижа кўрсатолмади. Энди бу турнирдан нималар кутяпсиз?
- «Плей-офф» ўйинида маҳорат ва кучдан кўра, омад ва тажрибанинг ўрни кўпроқ. «Ал-Наср»га қарши ўтказилган ўйинда «Локомотив» чакки кўринмаганди аслида. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Аммо бу ҳам биз учун бир тажриба бўлди. Навбатдаги мавсум Чемпионлар Лигасида ҳам жамоамиз олдига жиддий вазифа қўйилиши тайин. Демак, уларни уддалашга зўр берамиз. Умуман, жамоамизга айнан халқаро тажриба зарур.
- Бу йил чемпион бўлолмаганингиздан ранжимадингизми? Футболчилик фаолиятингиз давомида ҳали бирор марта чемпионликка бунчалик яқин келмагандингиз, ахир...
- Хафа бўлдим, албатта. Чунончи, олтин медаль олишимизга ишончим комил эди. Энди келгуси йили бу орзуни амалга оширишга уринамиз...