Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Алибобо Рахматуллаев: «Нестеровнинг кетиши «Бунёдкор» учун катта йўқотиш бўлди»

Баҳо:
+-1 | -

 

“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси Алибобо Раҳматуллаев учун 2012 йилги мавсум кўтаринки руҳда ўтганди. Ёш бўлса-да, Алибобо тажрибали “қалдирғочлар” орасида “парвоз” қила олганди, аммо якунланган мавсумда яримҳимоячи ўзини у қадар ҳам кўрсата олмади. Бунинг сабабини ва янги мавсумга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида билиш мақсадида Arena.Uz мухбири Раҳматуллаев билан суҳбат уюштирди.

- Алибобо, “Бунёдкор” янги мавсумга тайёргарлик бошлади. Машғулотлар қандай кечмоқда?  
- 14 декабрь куни “Бунёдкор”да йиғилдик. Шу куни стадионда жойлашган тиббий марказда юрагимизни кўрикдан ўтказдик. Кейинроқ “Футбол-МЕД”да ҳам кўрикдан ўтамиз. Бу худди асосий кўрик учун тайёргарликка ўхшайди. Миржалол ака, ҳар доим юрагимизга жиддий аҳамият беришимизни таъкидлайдилар.

15 декабрдан бошлаб машғулотларга киришдик. Машғулотлар “Бунёдкор”нинг бошқа майдонларида ўтказилмоқда. Дастлабки икки кун бир маҳалдан шуғулландик. Бугундан кунига икки маҳалдан машғулот ўтказяпмиз (суҳбат 17 декабрда уюштирилган - муаллиф).

- Бир йил аввалги мавсумга тайёргарликнинг илк куни билан бу йилгисини орасида қандайдир фарқ сездингизми?
- Шароитлар ва жамоа олдига қўйилган вазифалар ўша-ўша. Бу томондан ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Битта фарқ шу: клубни бир қатор фуболчилар тарк этган. Табиийки, уларнинг ўрни билинмоқда. Акаларимизнинг ўрнини биз каби ёшлар тўлдирган. Яна кимлар кетади ва кимлар келишини билмаймиз.

- Жамоадаги ҳозирги ички муҳит қандай? Айтганингиздек, кетганларнинг ўрни билинган. Айниқса, машғулотларда бу яққол сезилади.
- Албатта. Шахсан мен жамоа билан хайрлашган Лутфулла Тўраев, Игнатий Нестеров, Жасур Ҳасанов ва Анвар Ғофуров билан яхши муносабатда эдим. Улар менга жуда кўп маслаҳат беришарди, ёрдамларини аяшмасди. Айниқса, Жасур ака билан анчагина қалин эдик. Бундай акаларни соғинамиз, кўришганда ҳурматларини жойига қўямиз. Бироқ уларнинг кетгани жамоанинг ўйинига таъсир қилмайди. Биз тажрибали акаларимиз кетди, дея ўйинимизни сусайтириб юбормаймиз.

- Энди собиқ жамоадошларингизга қарши ўйинлар қандай ўтади деб ўйлайсиз?
- Жуда қизиқ бўлиши аниқ. “Локомотив”га қарши кечган бу йилги беллашувлар ҳам қизиқарли ўтди, аммо янги мавсумдагиси икки баробар қизиқ ўтишига ишонаман.

- Шуниси яхшику, мураббийлар штаби ҳам, сизлар ҳам уларнинг имкониятини жуда яхши биласизлар ва табиий ҳолатда шунга мос равишда тайёргарлик кўрасизлар?
- Гарчи акаларимизнинг имкониятини билсак-да, уларга қарши баҳсларда бизга осон бўлмайди. Чунки уларнинг барчаси тажрибали ўйинчилар.  

- Кетган футболчиларнинг қайси бири “Бунёдкор” учун катта йўқотиш бўлди деб ўйлайсиз?
- Фикримча, Нестеровни. Сабаби, Игнатий нафақат “Бунёдкор”нинг, балки миллий терма жамоамизнинг ҳам биринчи рақамли дарвозабони саналади. Қолганларнинг ўрнини тўлдирса бўлади. Жамоанинг захирасида иқтидорли ёшлар талайгина, аммо Нестеров бошқа эди. Бироқ айтишим мумкин, Мурод ака Зуҳуров ва Акбар Тўраев ҳам унинг йўқлигини билдирмайди. Уларга ишонсак бўлади. Боиси, ҳар иккала дарвозабонимиз ҳам миллий терма жамоага номзод посбонлардан биридир. Айниқса, Акбарда майдонга тушиш учун иштиёқ кучли.

- Таркиби сезиларли даражада кучсизланган “Бунёдкор” ҳар доимгидек чемпионлик учун кураша оладими? Айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида?
- Ҳали бу якуний таркиб эмас. Мавсум бошлангунига қадар жамоага яна кимлардир келиши ёки кетиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам олдимизга қўйилган вазифа ўзгармайди. Мавсумни февраль ойида Чемпионлар лигаси ўйини билан бошлаймиз. Айнан шу баҳсни кўтаринки руҳда ўтказиб олсак, қолгани бир маромда кетади. Бизда ғалабаларга бўлган иштиёқ юқори.

- Машғулотларда нималарга эътибор қаратилмоқда?
- Тайёргарлик эндигина бошланди. Шунинг учун жисмоний тайёргарликка аҳамият қаратяпмиз. Тренажер залида шуғулланишдан ташқари, кросс ҳам бўляпти. Январь ойидан бошлаб машғулотларга жиддий тарзда киришилади. Келаси йилнинг илк ойида Дубайда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказамиз. У ерда “Спартак”, “Шахтёр” ва Москванинг “Динамо”сига қарши назорат учрашувларида майдонга тушамиз. Бу беллашувлар орқали биз кўп нарсаларга эга бўлишимиз аниқ.

- Якунланган мавсум ҳақидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
- Анчагина қизиқарли мавсумни ўтказдик, дея бемалол айта оламан. Чемпионлик масаласини сўнгги турда ҳал қилганимиз ҳам сўзимга исбот бўла олади. Асосий рақибимиз “Локомотив” ва “Насаф” олтин медалларни қўлга киритиш учун роса курашишди. Мавсумни яхши бошлай олмаган “Пахтакор” ҳам чемпионат сўнггида бошқача куч билан ҳаракатга тушди, бироқ уларга озгина вақт камлик қилди. Хуллас, айтганимдек, жуда қизиқ мавсум бўлди. Биз кучли ва омадлироқ эканмиз, якунда чемпионликни қўлга киритдик.

- Ҳозир сўнгги турдан ўрин олган “Сўғдиёна”га қарши ўйин “Бунёдкор” учун осон кечмади дейишингиз мумкин, аммо ҳеч ким жиззахликлар сенсация қилишига ишонмаганди.
- Лекин бизда босим ва ҳаяжон бўлди. Сабаби, бундай баҳсларда хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам босим бўлади. Энг ёмони, бу босим жамоанинг ўйинига салбий таъсир қилиши мумкин. Миржалол ака “Сўғдиёна”га қарши ўйинга қадар шуни тинмай уқтирдилар. Оддий мисол, ўтган йили рақобатчиларимиздан сезиларли очколар фарқи бўйича олдинда бўлсак ҳам якунда чемпионликни бериб қўйгандик. Ушбу мавсум аввалида маълум муддат “Локомотив” пешқадамлик қилди. Кейин биз биринчи ўринга чиқдик. Якунда биргина хато туфайли яна чемпионликдан “қуруқ” қолишимиз мумкин эди. Қолаверса, Зоминдаги майдоннинг ҳолати жуда ёмон экан. Ҳайронман, бу майдонда футбол ўйнаш учун қандай қилиб рухсат беришган? Шундай бўлса-да, шу куни биз ғалабага лойиқ ўйинимизни намойиш қилиб, якунд чемпионда чемпионликни қўлга киритдик.

- Ўзингиз учун мавсумдан кўнглингиз тўлдими?
- Йўқ. Албатта “Бунёдкор” мамлакат Кубоги ва чемпионлигини қўлга киритганидан хурсандман, аммо ўз ўйинимдан кўнглим тўлмади. Боиси, 2012 йилги мавсум мен учун бундан-да, яхшироқ ўтганди.

- Бунга нима сабаб бўлди?
- Ҳайронман, ҳақиқат шуки, инсон ҳар доим айбни ўзидан қидириши керак.

- Ҳаётда яна бир ҳақиқат бор: ҳатто кийим ҳам инсоннинг руҳиятига салбий таъсир қилиб, уни ўзгартириб юбориши мумкин. Балки 2012 йилги омадли мавсумдан кейин сизда ҳам салбий тарафга руҳий ўзгаришлар бўлгандир?

- (кулиб) Балки?! Бу саволга аниқ жавоб беришим мушкул.

- Ушбу мавсумда олий лигада 13та учрашувда майдонга тушдингиз. Бу кам эмасми?
- Албатта кам. Атиги бир ўйинни асосий таркибда бошладим. Икки беллашувда иккинчи бўлимда майдонга тушдим. Қолган баҳсларда 70 дақиқадан сўнг ҳаракат қилдим. Бу йил кам ўйнаганим учун янги мавсумга катта иштиёқ билан тайёргарлик кўряпман.

- Мураббийлардан нега майдонга тушмаяпман, дея камчиликларингиз ҳақида сўраганмисиз?
- Ҳа, сўраганман. Менинг энг катта камчилигим нима эканлигини биламан. Машғулотлардан сўнг, Мурод ака Отажонов, Ҳикмат ака Эргашев билан бу борада алоҳида ишлаймиз. Ҳамма ўйинчини бир минус тарафи бўлади. Қолаверса, балки қайсидир ўйинларда хато қилгандирман?!

- Мураббийлар билан камчилигингиз устида ишлаганингиздан сўнг ўзингизда қанчалик ўзгариш сездингиз?
- Рости, олдин қўрқадиган одатим бўларди. Ҳозир шу салбий жиҳатим йўқолди. Қолаверса, якка курашларда ҳам ёмон ҳаракат қилаётганим йўқ. Дриблинг томондан ҳам ҳам ўсишга эришдим деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам машғулотларда ишлаб, қолган камчиликларимни тўлдириб боришга ҳаракат қиламан. Болалигимда мураббийларимиз уришса, хафа бўлардик. Аслида мураббий шогирдини ўзига яқин олсагина уришар экан. Унинг иқтидорини пайқаб, “йўқолиб” кетмаслиги учун жой куйдиради. Агар мураббий футболчининг камчилигини айтмаса, демак, устоз шогирди учун жой куйдирмайди. Шунинг учун мураббий уришса хурсанд бўлиш лозим. Миржалол ака айтганидек, “футболчи мураббийга керак бўлсагина уришади”. Устозимиз бизни ўз ўғилларидек, уришадилар, камчиликларимизни тўғирлайдилар.

- 13та ўйинда майдонга тушганингиз учун чемпионликда менинг ҳиссам йўқ деган фикрга бормадингизми?
- “Бунёдкор”нинг чемпионлигида нафақат футболчиларни, балки ошпаздан тортиб, ҳайдовчи-ю, қоровулнинг ҳам ҳиссаси бор. Бизда мен камроқ ўйнадим, бу жамоадошим кўпроқ учрашувда майдонга тушди, деган гап йўқ. Жамоамиз аҳил коллективдир. Зоминдаги ғалабадан кейин мазза қилиб, хурсандчилик қилдик. Чемпионлик ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, мен илгари бундай унвонни қўлга киритмаганман. Болалигимда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Шу боис, “Сўғдиёна”ни ютганимиздан сўнг стадионда мазза қилиб, бақириб, ўйнаб, кулдик.

- Таркибга бир қатор ёшлар жалб қилинди. Яна захирада қолиб кетишингиз мумкин? Бундан ташқари, мураббий яхши ўйнаётган футболчини захирага ўтқазиб қўймайди.
- Албатта кўп нарса мураббийга боғлиқ. Лекин шуниси ҳақиқатки, ҳар томонлама тайёр ва кучли футболчига барибир имконият берилади. Ҳатто мураббий ўша ўйинчини ёмон кўрса ҳам барибир уни майдонга туширади. Тўғри, “Бунёдкор”га янги ўйинчилар келмоқда, лекин мен ўз устимда ишлашдан тўхтамайман ва ўзимни асосий таркибда ўйнаш лойиқлигимни исботлашга ҳаракат қиламан.

- Янги мавсумдан нималар кутяпсиз?
- Жуда кўп нарса. Ҳозир айни ўйнайдиган ёшдаман. Агар мураббийлар менга ишонч билдиришса, уларнинг ишончини оқлайман.

- Энди Осиё Чемпионлар лигаси ҳақида. Қуръа “Бунёдкор” учун осон келдими?
- Мен ундай демаган бўлардим. Боиси, Осиё Чемпионлар лигасидек мусобақада кучсиз жамоа қатнашмайди. Қолаверса, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. оддий мисол, мусобақанинг бу йилги баҳсларида гуруҳда жиддий рақибларга ютқазмасдан биринчи ўрин билан чиққандик. Аммо бизг қарши майдонга тушган жамоалар орасидаги энг кучсизи бўлган “Бурирам Юнайтед” тўсиғидан ўта олмадик. Миржалол ака, ҳар ўйинга финалга чиққандек чиқинглар дейди. Шундагина мақсадга эришиш мумкин.

- “Бунёдкор” билан бир гуруҳдан ўрин олган жамоалар тўғрисида нима дея оласиз?
- Айтганимдек, бундай мусобақада кучсиз жамоа қатнашмайди. Лекин биз ҳеч қайси рақибдан қўрқмаймиз. Чунки улардан кучлилари билан ҳам ўйнаганмиз, керак бўлса, ажойиб ғалабаларга эришганмиз.

- Икки йиллик танаффусдан кейин яна Ғарбга қайтдинглар. Бу жамоа олдига қўйилган вазифани осонлаштирадими?
- Буни жуда катта фарқи йўқ деб ўйлайман. Сабаби, корейслар билан ҳам, араблар билан ҳам ўйнаш қийин. Араблар қарши ҳужумда зўр ҳаракат қилишса, корейслар ҳар қандай вазиятда ҳам очиқ футбол намойиш қилишади. Лекин айтишим мумкин, икки йиллик танаффусдан кейин Ғарбда ҳам ўз имкониятларимизни чамалаб олсак, ёмон бўлмасди.

- Энди финалга қадар Шарқ вакиллари билан тўқнаш келинмайди. Қайсидир маънода бу ҳам “Бунёдкор”га ёрдам бўлиши мумкин?
- Тўғри, нисбатан осон, аммо арабларда ҳам кучли клублар кўп. Бу беллашувларда ҳам бизга осон бўлмаслиги айни ҳақиқат.

- Ёшлар терма жамоаси йиғинларига чақирилмаганингизни қандай қабул қилдингиз. Ваҳоланки, сиз номзодлар орасида бор эдингиз.
- Очиғи, Осиё чемпионатига боришга умидим катта эди. Тўғри, бу мураббийларнинг, қолаверса, ЎФФнинг қарори, аммо МДҲ Кубогига 1993 йилда туғилган болалар, Уммонга биз борсак мақсадга мувофиқ бўлармиди? Ҳар ҳолда саралаш ўйинларида биз қатнашганмиз. Мусобақа ростакамига биз учун аталган эди. Гарчи аралаш таркиб бўлса ҳам терма жамоага тенгдошларимдан кам футболчини таклиф қилишган. Биз терма жамоада ўйнаган йигитлар аллақачон мусобақа ҳақида ўйлаб, ўзимизни руҳан тайёрлай бошлагандик. Аҳамиятлиси, гуруҳимиздан 2000 йил бизни жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум қилган Саудия Арабистони жой олганди. Уларга қарши алоҳида тайёрланаётгандик. Балки “Бунёдкор”нинг асосий таркибида мунтазам равишда ўйнамаганим учун чақиришмагандир? Терма жамоадаги ички муҳит ажойиб руҳда эди. Насиб қилса, бу тенгдошларим билан миллий терма жамоада кўришамиз.

- “Бунёдкор” орқали миллий терма жамоада ўйнаб кетиш қанчалик осон?
- Миллий терма жамоадан таклиф олиш ҳар доим қийин бўлган.

 

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 20:43, 18.12.2013.
Ўқилди: 5747 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.