Биласиз, «Ишлар қандай?» рукни остида собиқ футболчилар билан уюштирилган интервьюларни эътиборингизга ҳавола этиб келмоқдамиз. Саҳифамизнинг бугунги меҳмони - бутсаларини михга илганига унчалик кўп бўлмаган Абдумажид Тоиров.
XXII миллий чемпионатимизни «Навбаҳор»да бошлаган тажрибали ҳимоячи 2-даврадан қадрдон клуби - «Нефтчи»нинг ёшлар жамоасида фаолият юритди. Хўш, унинг мураббийлик соҳасига ўтишига нима туртки берди, миллионлар ўйинидаги қисматидан қониқиш ҳосил қилдими? Шу каби саволлар билан Абдумажидга мурожаат этиб, фикрларини ёзиб олдик.
Мураббийликка ўтиши
- Аслида якунланган мавсум арафасида ҳам футболчилик фаолиятимни давом эттиришга аҳд қилиб, «Навбаҳор» билан шартнома имзолагандим. Лекин 1-даврада жамоанинг ўйинлари унчалик қовушмай, кўплаб ўйинларда мағлубиятга учради. «Навбаҳор» мухлисларининг эса талабчан эканликлари барчага маълум. Улар стадионга келишдими, фақат ғалаба кутишади. Ишқибозларни жамоадаги ички муҳит, молиявий муаммолар, ташкилий ишлар умуман қизиқтирмайди. Ваҳоланки, ўша пайт маошларимизда узилишлар бўлганди. Хуллас, эътирозлар сабаб менда руҳий тушкунлик юзага келиб, футбол ўйнашдан кўнглим совиди ва ўйлаб-ўйлаб раҳбариятга фаолиятимни якунлашимни айтдим.
Давралар оралиғидаги танаффус пайти эса «Нефтчи»да иш бошлаган Амет Мемет мени мураббийликка таклиф этди. Вақтида унинг қўл остида «Қурувчи» («Бунёдкор») ва «Андижон» клубларида ўйнагандим ва Амет Абдуллаевич имкониятларимни яхши билади. Асосийси, қачондир мураббийлик соҳасида иш бошлашим ҳам тайин эди. Бундан ташқари, «Нефтчи» мен учун қадрдон клуб. Қисқаси, юзага келган имкониятни қўлдан бой бергим келмай, унинг таклифини қабул қилдим ва ёшлар жамоасида иш бошладим. Аммо жисмоний ҳолатим яхшилиги боисми, «Нефтчи»га футболчи сифатида фойдам тегиши мумкинлигини инобатга олиб, мени 2-давра «заявка»сига қўшишди. Эрталаб жамоа ўринбосарларини Сергей Ковшов билан бирга шуғуллантирсам, кечқурун ўзим асосий таркиб футболчилари билан машғулот ўтказардим. Тўғри, 2-даврада футболчи сифатида майдонга тушиш насиб этмади, барибир.
Очиғини айтиш керак, футболчилик ва мураббийликнинг орасида катта фарқ бор. Мураббийдан машғулотлар жараёнини режалаштириш, футболчилар ҳаракатларини таҳлил қилиш, кўрсатмалар бериш ва ҳоказолар талаб этилади. Яширмайман, бошланишида 1-2 ой қийналдим. Лекин кейинчалик ҳаммаси изга тушди. Зеро, ёнимда Амет Мемет, Сергей Ковшов ва Элдор Сакаев сингари тажрибали мутахассислар қўллаб-қувватлаб, далда бериб туришди. Бундан ташқари, футболчилик пайти кўплаб таниқли мураббийлар қўл остида тўп суриб, соҳа сир-асрорларини ўрганишга интилганим қўл келди. Шундай устозларимдан бири сифатида Усмон Асқаралиевни келтиришим мумкин. Усмон Аҳмедович қўл остида «Навбаҳор»да ўйнаганимда, у мени худди ўз ёрдамчисидек кўриб, кўплаб маслаҳатлар берарди. Мана, секин-аста мураббийлик соҳасига ҳам кўникяпман. Энди ўзимни майдонда тасаввур ҳам қилолмайман.
ФАОЛИЯТИ
- Худога шукр, футболчилик фаолиятим давомида кўплаб таниқли клублар сафида тўп суриш насиб этди. Хусусан, «Нефтчи» алоҳида ажралиб туради. Футболчи сифатида танилишимда жамоа устози Юрий Саркисяннинг ҳиссаси катта. Фарғоналиклар таркибига 1-лигада фаолият юритган «Сурхон»дан қўшилгандим. Шунга қарамай, Юрий Вазгенович мени қўллаб-қувватлаб, шу даражага олиб чиқди. «Нефтчи» сафида 6 йил тўп суриб, Ўзбекистон чемпиони бўлдим, миллий терма жамоада ўйнадим. Айтмоқчиманки, фаолиятим чакки кечмади. Тўғри, Ўзбекистон кубоги финалида 4 маротаба ўйнаганлигимга қарамай, ҳар сафар жамоамиз мағлубиятга учради ва биллур совринни қўлга киритиш менга насиб этмади. Айнан шу нарса армон бўлиб қолди.
Афсуски, Юрий Вазгенович жорий йили истеъфога чиқарилди. У «Нефтчи»да салкам 30 йил фаолият юритди ва жамоага кўп меҳнати синди. Фарғона футболининг барча муваффақиятлари унинг номи билан боғлиқ. Лекин футбол қонуни шунақа шафқатсиз. Истеъфо ҳар мураббийнинг бошида бор ва бунга тайёр туриш керак, менимча. Лекин очиғини айтиш керак, Юрий Вазгеновичга нима учун жавоб беррилгани менга қоронғу.
ТАҚДИРИ
- «Нефтчи»дан кетган футболчиларнинг ўйинлари унчалик қовушмайди қабилидаги гапларга унчалик қўшилмайман. Барчаси футболчининг ўзига боғлиқ. Тўғри, айрим ўйинчилар Фарғонадан кетиб, бошқа клубларда аввалгидек ўйин намойиш эта олишмаган. Лекин Акмал Холматов, Ғайрат Ҳасанов, Носир Отақўзиев ва Ислом Тўхтахўжаев каби йигитлар янги жамоаларида ҳам етакчиликни ўз қўлларига олишди.
Футболчи бўлмаганимда, ўқитувчилик касбини танлардим. Чунки педаголлар оиласида улғайганман. Отам Узун тумани халқ таълими бошқармасида ишлаган бўлсалар, онам мактабда математика фанидан дарс берганлар. Лекин тақдир экан, футболга қизиқишим устунлик қилиб, миллионлар ўйинига кирдим. Бундан сира афсусланмайман. Қолаверса, мана, энди мураббий сифатида ишлаяпман. Бу ҳам таълим йўналишига яқин, ахир.
Маълумот учун
Абдумажид Тоиров
Туғилган санаси ва манзили: 1974 йил 5 август, Сурхондарё вилояти Узун тумани Футбол билан 10 ёшидан шуғуллана бошлаган Биринчи мураббийи: Адҳам Отахонов Амплуаси: ҳимоячи Ўйнаган жамоалари: «Сурхон» (Термиз) - 1996-1999; «Нефтчи» (Фарғона) - 2000-2005; «Тўпаланг» (Сариосиё) - 2006; «Қурувчи» («Бунёдкор», Тошкент) - 2007; «Олмалиқ» (Олмалиқ) - 2008; «Хоразм» (Урганч) - 2009; «Андижон» (Андижон) - 2010; «Навбаҳор» (Наманган) - 2011 - 2013 йилнинг 1-давраси
Мураббийлик фаолияти: «Нефтчи» (ёшлар жамоаси) - 2013 йилнинг 2-даврасидан
Оилали, 3 ўғилнинг отаси Мухлислик қиладиган клуби: «Бетис» (Испания)
Ёқтирган футболчилари: Криштиану Роналду, Хаби Алонсо
Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди