Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Биз нега ютқаздик?!

Баҳо:
+ | -

Уммонда бўлиб ўтаётган 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати биз учун ниҳоясига етди. Саудия Арабистони билан бўлган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси имкониятни бой берди. Ҳа, гарчи бу жуда аламли ҳолат бўлса-да, айни ҳақиқат. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: биз нега ютқаздик? Бу саволга эса жавоблар бисёр.

БИЛИБ-БИЛИБ БОСИЛГАН ТИКАН
Олдинроқ бу мусобақа борадиган футболчилардан кўнглимиз тўқ эди. Боиси, айнан мана шу ёшлар жаҳон чемпионатида қатнашиб, дунёнинг кучли саккизлигига кириб келишган, бу йўлда эса Чехия каби қатор Европа жамоаларини ҳам таслим этишганди. Бу эса бир қарашда хотиржам тортишимизга етарлидек туйилганди. Аммо...

Одатда, халқаро мусобақаларда иштирок этадиган терма жамоани тажрибали, бош мураббийлик борасида етарлича амалиётга эга бўлган мутахассис бошқаради, мусобақага тайёрлайди. Бунга кўникиб бўлганмиз, аслида, муваффақиятга эришишнинг калити ҳам шу. Айнан мана шу ҳолатни инобатга оладиган бўлсак, Шуҳрат Мақсудовнинг бош мураббий этиб тайинланишини на исботлаб бўлади, на ҳазм қилиб. Тўғри, бу инсон Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Ёки Саудия Арабистони билан бўлган ўйинни шарҳлаган журналист таъкидлаганидек, ўз даврида миллий терма жамоа сафида қатор совринларни қўлга киритган. Аммо бу мустақил равишда бирор-бир жамоани бошқара олади, дегани эмас-ку! Борди-ю, бош мураббий этиб тайинланиши керак бўлса (!) бошқа бирор клубни бошқариши лозим эмасмиди? Хўп, у агар Ўзбекистон U 22 терма жамоасидан бошқаргиси келса ҳам, шуни айнан халқаро мусобақадан олдин қилиш шартмиди? Ахир ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган инсоннинг бутун бошли терма жамоага бош мураббий (мураббий ёрдамчиси бўлса ҳам майли эди) бўлиши қайси мантиққа тўғри келади?!

Биз бу фикрларни бежиз келтирмадик. Сабаби, Шуҳрат Мақсудов гуруҳ ўйинларида тажриба бобида анча нўноқ эканлигини кўрсатиб қўйди. Биринчидан, аслида, жаҳон чемпионатида қатор жамоаларни ер тишлатган ўйинчиларни йиғиш керак эди. Чунки улар бир бутун бўлиб ҳаракат қилишга ўрганишган, бир-бирларини жуда яхши тушунишарди. Ана шунда Жамшид Искандаровнинг ақлли тўп узатишлари бесамар кетмаган, ана шунда ҳужумларимиз бемақсад зарбалар билан якунланмаган бўларди.

Ироққа қарши кечган ўйинда мағлубият сабабларидан бири сифатида бир ҳужумчи билан ўйналгани, аслида, икки ҳужумчи тактикасига асосланиши кераклиги қайта-қайта таъкидланган, бу камчилик Саудия Арабистони билан бўладиган ўйинда тўлдирилишига умид қилинганди. Аммо Шуҳрат Мақсудов анчадан бери йўлимизда қора мушук бўлаётган ўша машъум анъанага содиқ қолди. Тўғри, кейинчалик уч ҳужумчи билан ўйнадик, аммо карвон кетиб бўлгандан кейин югурганга на ҳожат!

Шунингдек, яна бир жиҳат борки, буни ҳазм қилиш қийин. Клубларимиз ва миллий терма жамоа дуранг натижа ҳам қониқтирадиган қатор ўйинларда муроса кўчасини танлаш учун интилган ва оқибатда мағлубиятга учраганди. Бу биз учун катта сабоқ бўлиши керак эди. Бу сафар ҳам ана шу сценарий такрорланмасин-да, дея юрак ҳовучлаб тургандик. Бироқ Шуҳрат Мақсудов яна ўша усулни такрорлади. Биз оёғимиз остидаги тиканни кўра-била туриб босдик. Хўш, бошқа усуллар бўла туриб, таркибда ҳужумчилар етарли бўлганда яна ўша эски, ўзини оқламаган таркиб билан тўп суришни қандай изоҳлаш мумкин? Бу — сўқирлик, бу — тажрибасизлик!

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтсак. Бош мураббий ўйиндан кейин мағлубиятнинг асосий сабабларидан бири сифатида тайёргарлик қисқа бўлганини айтиб ўтди. Аммо бу баҳона бўла олмайди, қолаверса, бунга ўзимиз айбдормиз. Ахир ташкилотчилар мусобақа бўлишини кеча айтиб, бугун ўтказиб юборгани йўқ-ку!

АСЛИДА, ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК ЭДИ?
Тўғриси, Алексей Естафеевни ёрдамчи мураббий ўрнида кўриб, бироз ажаблангандик. Ахир мана шу мутахассис жаҳон ареналарида ўзбек футболи шуҳратини дунёга таратганди. Демак, у бош мураббий бўлишга кўпроқ лойиқ эди. Аммо...

Футболчиларимизнинг ўйинида эса тактикадан асар ҳам кўринмади. Тўғри, одатдагидек майдон марказида тўпни бир-бирига узатиш, қанотга етказиб бериш, сўнг ҳаводан рақиб жарима майдончасига ошириш каби кўз кўриб ўрганиб бўлган усуллар қилинди. Лекин самара сезилмади. Ўйиндан олдин рақиб мураббийси: “Биз Ўзбекистоннинг камчилиги нима эканлигини, қандай ўйнашини биламиз”, қабилида фикр билдирганди. Қолаверса, шундоғам ўйин олдидан бўлажак рақибнинг ўйин услуби ўрганилиши сир эмас. Шу боис Ўзбекистон терма жамоаси ўйинига янги руҳ, янги тактика олиб кирилиши керак эди. Бироқ, таассуфки, бундай бўлмади. Оқибатда араблар олдиндан нима бўлишини билиб ўйнашди, бу эса ҳужумларимиз бесамар якунланаверишига сабаб бўлди.

Бутун ўйин давомида атиги бир маротаба жиддий вазият яратдик. Ўшанда ҳам тўп рақибнинг бир эмас, иккала қўлига теккан, буни эса ҳакам кўрмай қолганди (бу вазиятни кўрмаслик мумкин эмасди, аслида). Қолган дақиқаларда эса ҳея нарса қила олмадик.

Агар вазият шу тарзда кетаверса, кейинги жаҳон чемпионатига ҳам чиқа олмаслигимиз мумкин. Шу ўринда таъкидлаш керак, футболчиларда айб йўқ. Улар етарлича тажрибага эга. Фақат ана шу тажрибани тўғри йўналтира оладиган, бу футболчиларни керакли жойда ўйната оладиган мутахассис керак. Ана шунда Игор Сергеев қанотда эмас, ўз ўрнида ўйнайди, ана шундагина бирор-бир арзирли натижага эришамиз. Ахир Жамшид Искандаров, Игор Сергеев, Аббос Махситалиев ва шу каби иқтидорли ёш футболчиларимиз бўла туриб, халқаро мусобақаларда иштирок эта олмасак... Ҳар ҳолда, бу бизга ярашмайди. Биз эса яна умид билан яшайверамиз.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:11, 17.01.2014.
Ўқилди: 4775 марта.
Фикрлар: 25 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.