Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Муаммо мураббийлардами?

Баҳо:
+ | -

Ўтган якшанба куни аксарият футбол мухлислари теннис бўйича Австралия очиқ чемпионати финал учрашувини мароқ билан томоша қилишди. «Юқори савиядаги теннис баҳси ҳафсалани пир қилувчи футбол учрашувидан афзал», - дейишди улар кафтларини бир-бирига ишқаб. Финал учрашуви кутилганидек, қизиқарли кечди. Машҳури жаҳон Рафаэль Надаль Станислас Вавринка томонидан таслим этилди. Бунгача у чорак ва ярим финалда Новак Жокович ҳамда Томаш Бердихни енгганди.

Хўш, швейцариялик теннисчи қандай қилиб, кучлиларни енгишнинг уддасидан чиқди? Ахир Жокович ва Надаль шуҳрати олдида унча - бунча теннисчи қалтираб қоларди-ку! Станислас Вавринка қандай куч эвазига бу руҳий босимни енгиб ўтди? Ҳаммаси оддий. У мураббийи Магнус Норман кўрсатмаларига тўлиқ амал қилди, холос. Шу тариқа азалий ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топди, яъни спортчи ёки жамоа кучсизроқ бўлса, унга кучли ва фавқулодда фикрлайдиган, номдорлардан чўчимайдиган ва уларга қарши қандай ўйнашни биладиган мураббий зарур. Энг қизиғи, Станислас Вавринка Рафаэль Надалга нисбатан кўпроқ хатога йўл қўйди ва ғалаба қозонишга эришди. Нега? Негаки, Магнус Норман Рафаэль Надалнинг заиф нуқтасини кўра билди ва шогирдининг кучли жиҳатини ўша заиф нуқтага йўналтирди. Натижада Станисласнинг учрашув давомида йўл қўйган ўта жўн хатолари ҳам ёпилиб кетди. Қарама-қаршиликни томоша қила туриб, ундаги ҳолатларни футболимиздаги вазиятлар билан таққосладик. Эътибор берган бўлсангиз, клубларимиз ва терма жамоаларимиз халқа­ро ўйин­ларда жуда кам хато қилишади ва бир-икки хато эвазига кўпинча мағлуб бўлишади.

Қаранг, кимдир кўп хато қилса-да, ғалаба қозонмоқда. Бизда эса бунинг тескариси. Аксар ҳолларда оғзимиздаги ошни олдириб, тилимизни тишлаб қолаверамиз. Нега биз мана шу анъанавий муаммо жабрини тортаверамиз? Умуман, бу муаммонинг илдизи қаерда? Такрор бўлса ҳам айтамиз, футболимиз муаммоларининг асосий қисми мураббийлар савиясига бориб тақалади. Келинг, шу сафар шароитни рўкач қилмайлик. Зеро, шароит яхши бўлмаган давлатларда ҳам футбол ўйнашмоқда. Ўйнаганда ҳам шароити яхши жамоаларни шошилтириб қўйишмоқда. Назаримизда, бундай жамоаларга ўзгача фикрлаш тарзи ва иштиёқ қўл келмоқда. Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритсак. Ўзгача фикрлаш тарзининг ўзи юқори савияни белгилайди, албатта. Масалан, Ироқ ёшлар терма жамоасининг мураббийи Ҳаким Шокирни ўзгача фикрловчилар тоифасига киритиш мумкин. Лекин у Европа савиясидаги юқори малакали мураббий даражасига кўтарилмаган. Шундай бўлса-да, ҳозирги ҳолатида ҳам у бизнинг ҳавасимизни келтирмоқда. Шокир шогирдларига гоҳ секинлашиб, гоҳ тезлашадиган кадрлар мисол ўйнаш услубини сингдириб бўлибди. Унинг шогирдлари рақиб жамоа кучини майдонда ҳис қиладилар, англайдилар ва шунга яраша услуб уларнинг ўйинида намоён бўлади. Бошқача айтганда, уларнинг арсеналида услублар қатлами мавжуд ва зарур бўлганда қайсидир вариант авангардга айланади. Йўқ, бу билан биз Ироқ футболи ҳаддан зиёд илгариб кетди, демоқчи эмасмиз. Шуҳрат Мақсудов шогирдлари ироқликлар билан ҳеч бўлмаса, дуранг ўйнашлари мумкин эди. Яна озгина ирода кўрсатишганида, дурангга эришишарди ҳам. Ҳа, айнан ирода ҳисобига дуранг натижа қайд этиш мумкин эди. Шакллантирилган, сингдирилган, ўзгача услуб ҳисобига эмас, албатта. Бунақа услуб бизнинг жамоа ўйинида кўзга ташланмади. Бунга жамоанинг янги шакллантирилгани ва етарлича тайёргарлик кўрилмагани сабабми? Йўқ, асло! Чунки бу муаммо бутун футболимизга тааллуқли, десак асло хато қилмаймиз.

Уммонда бўлиб ўтган Осиё чемпио­нати Ироқ терма жамоаси намойиш этган ўйин услуби, унинг жозибаси билан кўпроқ ёдда қолди. Бошқа бирор жамоанинг ўйин услуби мухлисларни энтиктирмади. Замонавий футболнинг табиати шундай. У индивидуал маҳорат завқи ва услуб жозибаси уйғунлигини истамоқда ва бу уй­ғунликка эришган жамоани рағбатлантирмоқда. ЕЧЛнинг ўтган мавсуми ярим финалида «Барселона»ни енгган «Бавария» бугун шундай мақомда. Ўтган шанба оқшоми мюнхенликлар Менхенгладбахда «Боруссия» меҳмони бўлишди ва мезбонларни хотиржамлик билан мағлубиятга учратишди. Энг муҳими, жамоа Роббен, Рибери, Швайнштайгер, Мартинес, Манжукич каби футболчиларсиз ҳам ўз услубида ўйнай олди. Демак, «Бавария» услуби маълум футболчиларга боғлиқлик муаммосини енгиб ўтибди.

Сал аввал Арсен Венгер етакчи футболчиларни сотиб юборган «Арсенал»да шундай ишни амалга оширганди. «Милан»да эса буни эплашолмади. Савол туғилади: «Бунёдкор»да бу жараён қандай кечади? Игнатий Нестеров, Жасур Ҳасанов, Лутфулла Тўраев ва Анвар Ғофуровсиз қолган «қалдирғочлар» аввалги шашту шижоатни сақлаб қолишни уддалашадими? Ҳозирча бу тўғрида аниқ хулоса айтиш қийин. Аммо бир фикр­ни таъкидлаш жоиз: таркибдаги ўзгаришлар сабаб жамоа ўйин услубидаги кишини чарчатадиган асабий руҳ йўқолса, яхши бўларди. Тўғриси, Миржалол Қосимов футболчилик фаолияти давомида ўзлаштирган услублар ҳозирга келиб эскирди. Энди унга ҳеч бир мураббий онгу тафаккурига келмаган футбол фалсафаси зарур. Бунинг учун бутун бошли илмий гуруҳни ишга солса арзийди. Биз унинг қарорлари рақиб жамоалар мураббийларини ҳайратда қолдиришини истаймиз. Унутмаслик керакки, ҳаётдан орқада қолаётган ўйин услуби нафақат мураббий, балки жамоани ҳам жазолайди, мухлислар қалбини эса жароҳатлайди. Муаммо шундаки, мамлакатимиз олий лига жамоаларида асосан фао­лиятларини якунлаган футболчилар мураббийлик вазифасини бажаришади. Ҳа, айримларни ҳайрон қолдириб, бу ҳолатга муаммо сифатида қарамоқдамиз. Негаки, улар Европадаги мураббийлар тайёрловчи курсларда таҳсил олишмаган ва кўпроқ футболчилик даврида тўплаган тажрибаларига суянишади. Бу тажрибалар эса юксак даражадаги мураббийлик фаолияти учун муносиб пойдевор бўлолмайди. Пойдеворга муносиб тажриба еврофутболдан озиқланади. Бизда эса Европада тўп сурган футболчи йўқ. Россия ҳисоб эмас, унинг футбол борасида Европа миқёсига тенг­лашолмаслиги барчамизга аён...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:09, 29.01.2014.
Ўқилди: 4292 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.