Келгусидаги қишки Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг сони шахматчилар ҳисобига кўпайиши мумкин.
Маълумки, XXII қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистондан уч спортчи иштирок этмоқда (Миша Ге — фигурали учиш, Артем Воронов ва Ксения Григорьева — тоғ чанғиси).
Халқаро Шахмат Федерацияси Президенти (ФИДЕ) Кирсан Илюмжиновнинг айтишича, шахмат қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши мумкин.
«Ҳозирда биз қишки спорт турлари комиссияси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Чунки ёзги Олимпия ўйинлари дастури тўлиб бўлган, қишкиси эса унчалик даражада эмас. Шахматни олимпия дастурига киритиш ташаббуси Халқаро Олимпия Қўмитаси аъзолари томонилдан илгари сурилмоқда», — таъкидлайди ФИДЕ раҳбари.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕ таснифи бўйича бешинчи жаҳон чемпиони (2004) ҳисобланади. 2012 йилда Нодирбек Абдусатторов Словениянинг Марибор шаҳрида 8 ёшгача болалар ўртасидаги ўтказилган Жаҳон чемпионати ғолиби бўлди. Ўтган йилнинг май ойида Грециянинг Порто Каррас шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Темур Игонин бронза медалини қўлга киритди. 2013 йилнинг декабрь ойида Баҳора Абдусатторова Бирлашган Араб Амирликларидаги Ал-Айн шаҳрида ўтказилган 18 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати кумуш медалига сазовор бўлди. Шуларни эътиборга олсак, келгусида шахмат қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилгудек бўлса, Ўзбекистон медалларга ҳам даъвогарлик қилиши мумкин.