Кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мажлислар залида ўтказилган Республика от спортининг навбатдан ташқари Конференциясида бу ҳақда атрофлича сўз борди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда от спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, сўнгги йилларда юртимиз чавандозлари эришаётган муваффақиятлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этдилар.
Жумладан, 2013 йилнинг 4-6 ноябрь кунлари Монтрё (Швейцария) шаҳрида ўтказилган Халқаро от спорти федерациясининг Бош Ассамблеясида Ўзбекистонда от спортини тараққий этириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга юқори баҳо берилди ва махсус кубок билан тақдирланди. Бундан ташқари истеъдодли чавандозимиз Умид Комилов конкур бўйича ўтказилган Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси мусобақаларида (уч босқичда ўтказилган) биринчи ўринни эгаллаб, 2014 йилнинг 17-21 апрель кунлари Франциянинг Лион шаҳрида ўтадиган финал босқичига йўлланма олди. Эътиборлиси, Жаҳон кубогининг хал қилувчи босқичида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг лицензиялари ҳам ўйналади ва финал босқичида ҳам Умид Комиловга омад ва зафарлар тиланди.
Конференцияда эришилган муваффақиятлар билан бирга мавжуд камчиликлар ва уларнинг бартараф этиш чоралари хусусида ҳам сўз борди. Хусусан, вилоятларда от спортини ривожлантиришга етарли даражада эътибор қаратилмаяпганлиги, Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида мавжуд от спорти мактабларини капитал таъмирга мухтожлиги, зотдор отларни витеринария кўригидан ўтказиш борасидаги муаммолар ва бир қатор камчиликлар бўйича танқидий фикрлар билдириб ўтилди.
“Энг асосийси бизда мустаҳкам пойдевор мавжуд. Давлатимиз томонидан от спортини ривожлантириш борасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун аввало масъуллар ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, фидоийликни оширишлари лозим. Шукурки, юртимизда иқтидорли ёшларимиз сафи йилдан-йилга ортиб боряпти. Улар орасида от спортига мехри баланд ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Агарда жойларда селекция ишлари тўғри йўлга қўйилиб, оммавийлик даражасини янада оширсак, натижалар ҳам кўкка бўй чўзаверади. Шу билан бирга Халқаро от спорти федерацияси билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган сайи-харакатларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилади. Бу борада Миллий Олимпия қўмитаси яқиндан кўмак беришга доимо тайёр – деди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усманов.
Конференцияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Шу пайтга қадар Ўзбекистон от спорти федерациясига раҳбарлик қилиб келган Э.Қудратов ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Конференция қатнашчилари ушбу лавозимга “Асака” давлат –акциадорлик тижорат банки (ОАЖ) Бошқаруви раиси Қаҳрамон Ариповни бир овоздан сайладилар.
От спорти федерациясининг навбатдан ташқари Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икрамов иштирок этди.