Кириш Регистрация
28/09 00:00 Вальядолид 1-2 Мальорка
28/09 16:30 Ньюкасл 1-1 Манчестер Сити
28/09 17:00 Хетафе 2-0 Алавес
28/09 17:00 Бунёдкор 2-2 Насаф
28/09 18:00 Удинезе 2-3 Интер
28/09 19:00 Арсенал 4-2 Лестер
28/09 19:00 Брентфорд 1-1 Вест Хэм
28/09 19:00 Эвертон 2-1 Кристал Пэлас
28/09 19:00 Ноттингем Форест 0-1 Фулхэм
28/09 19:00 Челси 4-2 Брайтон
28/09 19:15 Райо Вальекано 1-1 Леганес
28/09 21:00 Женоа 0-3 Ювентус
28/09 21:30 Реал Сосьедад 3-0 Валенсия
28/09 21:30 Вулверхэмптон 1-2 Ливерпуль
28/09 23:45 Болонья 1-1 Аталанта
29/09 00:00 Осасуна 4-2 Барселона
29/09 15:30 Торино - Лацио
29/09 17:00 Сельта - Жирона
29/09 18:00 Рома - Венеция
29/09 18:00 Комо - Верона
29/09 18:00 Ипсвич - Астон Вилла
29/09 19:15 Атлетик Бильбао - Севилья
29/09 20:30 Ман. Юнайтед - Тоттенхэм
29/09 21:00 Эмполи - Фиорентина
29/09 21:30 Бетис - Эспаньол
29/09 23:45 Наполи - Монца
30/09 00:00 Атлетико - Реал Мадрид
30/09 23:45 Парма - Кальяри
01/10 00:00 Вильярреал - Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут - Саутгемптон

Яна бир янги умид - Жамшид Болтабоев

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2012 йили Осиё чемпиони сифатида келгач, ЎФФ матбуот хизмати ходими, яхши журналист Муҳрим Аъзамхўжаев билан ўртамизда тахминан қуйидагича суҳбат бўлиб ўтган эди:

- Терма жамоанинг ўйини ёмон эмас, лекин битта камчилик - таркибда яққол ажралиб турадиган етакчи футболчи йўқ экан.

- Нега йўқ, Жамшид Болтабоев бор-ку.

- Марказий ҳимояда ўйнаган болани айтяпсизми? Қандай қилиб ҳимояда ўйнаб, етакчи бўлиш мумкин?

- Жуда етакчи, деб бўлмайди-ку, лекин ҳимояда яхши ўйнади. У билан «Монако» қизиқяпти, шекилли...

Ўшанда Жамшид Болтабоев тугул, бутун бошли ўсмирлар терма жамоасини ҳам унча яхши билмас эдим, очиғи. Телевизор орқали кўрган 2та ўйин билан бирор хулоса чиқариш эса жуда қийин. Муҳрим эса Эронга борган ва маълум муддат терма жамоа билан бирга бўлгани учун бу борада етарлича маълумотга эга эди. Менинг эътирозимга жавобан Жамшиднинг техник жиҳатдан етарлича иқтидори борлиги, майдонни яхши кўриши ва яна ҳоказоларни исбот ўлароқ келтирганди. Осиё чемпионати ўйинларини бевосита кузатган ҳамкасбимнинг фикри мен учун ҳар қанча қизиқ бўлса-да, тан олишим лозим, Жамшид Болтабоевнинг фавқулодда кучли футболчи эканига барибир, ишонолмагандим.

Бунга кейинроқ, унинг БААда ўтган жаҳон чемпионатидаги ўйинларини кузата туриб, ишонч ҳосил қилдим. Аммо шунда ҳам бир нарсани қўшимча қилиш лозим - ўша мусобақада Жамшид марказий ярим ҳимоячи сифатида ўйнади. Бунинг эса яхши биласизки, жуда катта фарқи бор.

ФАРҚ

Ҳозир футболдаги амплуалардан бирортасини ёмонлаш ниятим йўқ. Футбол - жамоавий ўйин ва яшил майдонда ҳар бир амплуанинг ўзига яраша ўрни бор. У хоҳ ҳимоя бўлсин ёки ярим ҳимоя - якуний натижага тенг ҳисса қўшади. Аммо шу ўринда бир нарсани айтишга изн берсангиз - одатда Жамшидга ўхшаган футболчилар кенгроқ имкониятга эга жойда ўйнасалар, бор иқтидорларини очиб берадилар. Сабаби оддий - бундай футболчиларда ижодкорлик хислати кучли бўлади. Бу фазилатни эса ҳимоя ёки қанотда тўлиқ намоён этиш имконияти жуда паст. Бундай ҳолатда бўғилиб қолади футболчи.

Жамшид Болтабоевда яхши футболчи бўлиш учун барча нарса бор. У чаққон, эгилувчан, тезкор ва техник жиҳатдан яхшигина иқтидори бор. Шу билан бирга жисмоний жиҳатдан ҳам бинойидек кучга эга. Аммо энг катта фазилати - майдонни кўра олиши. Бундай иқтидор соҳиблари футболда жуда қадрланадилар. «Реал»даги Хаби Алонсо айнан шу хислати эвазига 33 ёшга тўлган бўлса-да, клуб билан янги шарт­нома имзолади ва маошини ҳам яхшилаб олди. «Реал»да эса яхши биласизки, унча-мунча футболчи бемалол ўйнолмайди.

Жамшид учун «Реал» коинотдаги юлдузлардек масофада. Ҳозирча шундай. Бироқ у ҳам ўз жамоасида ўша Хаби Алонсо бажарган ишни қила олишини айтсак, асло муболаға бўлмас. Жамшид БААда ўтган жаҳон чемпионатида таянч ярим ҳимоясида ўйнади ва жамоаси ўйинига мувозанат олиб кирди. Бунинг исботи Гондурасга қарши кечган учрашувда яққол кўриниб қолди. Ўша учрашувни Болтабоев ўтказиб юборди ва терма жамоанинг майдон марказидаги ўйини «сочилиб» кетди.

Дилшод Нуралиев жаҳон чемпионатига тайёргарлик давомида Жамшиддаги мана шу иқтидорни ўз вақтида пайқа­ган ва уни ҳимоядан ярим ҳимояга ўтказганди. Менимча, мураббийнинг энг тўғри қарори шу эди. Натижа эса ўзингизга яхши маълум - терма жамоа мазмунли ўйин кўрсатди, жаҳон чемпионати якунига етгач эса, Болтабоевга Германия ва Франция клублари жиддий қизиқиш билдирдилар. Афсуски, «Пахтакор» Жамшидни сотишни истамади ва у Тошкентда қолди. Балки яхшиликкадир, аммо буниси энди буткул бошқа масала. Бугун сиз билан мутлақо бошқа нарса ҳақида гаплашмоқчимиз.

БОШҚА МАСАЛА

Яхши биласиз, «Пахтакор» ёшлар жамоаси ўтган ҳафта Италиядаги «Копа Карнавале» мусобақасида иштирок этди. Жамшид Болтабоев ҳам бу мусобақада майдонга тушди ва битта гол урди. Аммо бу сафар Жамшид аввалгидек марказий ярим ҳимоя эмас, балки ўнг қанот ҳимоясида ўйнади. Янги амплуа. Шу вақтга қадар Жамшидни асосан марказий ҳимоя ва ярим ҳимояда кўргандик. Аммо «Пахтакор» ёшлар жамоа­си бош мураббийи Илҳом Мўминжонов унинг айнан ўнг қанотда кўпроқ фойда келтиришига ишонмоқда. «Бизнинг жамоамизда Жамшидни марказий ярим ҳимоя­га қўйиш эҳтиёжи йўқ. Сабаби бу жойда истеъдодли футболчиларимиз етарли. Шу сабабли Болтабоевни ўнг қанот ҳимоясида синаб кўрмоқчимиз. Ўтказилган назорат учрашувларида Жамшид ўнг қанотда ҳаракатланди ва жуда яхши ўйин намойиш қилди. Учрашувларни кузатиб борган бошқа мутахассисларга ҳам унинг ҳаракатлари жуда ёқди. Жамшид «Копа Карнавале»да ҳам шу жойда тўп суради. Албатта, вазиятдан келиб чиқиб, унинг ўрнини ҳам ўзгартиришимиз мумкин. Зеро, Жамшидда универсаллик хусусияти жуда катта ва исталган жойда ўзини кўрсатиши мумкин», - деган эди мураббий мусобақага кетиш олдидан.

Албатта, биз мураббийга мутлақо эътироз билдиролмаймиз. Шуниси билан ҳам у мураббий. Жамшид Болтабоевни биздан кўра, юз чандон яхшироқ билишига ҳам шубҳа йўқ. Аммо фақатгина марказий ҳимояда истеъдодли футболчилар етарли бўлгани учунгина Болтабоевни ўнг қанот ҳимоя­сига ўтказиш тўғримикан? Албатта, яхши тушунамиз, мураббий энг аввало, ўз жамоаси натижасига жавоб бериши керак. Бироқ «Пахтакор» ёшлар жамоасининг яна бир вазифаси асосий таркибга иқтидорли футболчиларни тарбиялаб бериш ҳам эмасми?

 ГИГГЗ КАБИ

Бизда «Копа Карнавале» учрашувларини томоша қилиш имконияти чекланган ва фақат ўйинлар қайдномаларига қарабгина хулоса чиқаришга мажбурмиз. Қайднома эса шуни кўрсатиб турибдики, Жамшид ўнг қанот ҳимоясида ҳам ёмон ўйин кўрсатмаган, гол урган. Демак, ундаги иқтидор бу ўринда ўйнаш учун ҳам етарли экан ва балки мураббий тўғри қарор қабул қилгандир.

Аммо шу ўринда бир мулоҳаза билдириб ўтсак. Илҳом ака айтганидек, иқтидорли футболчи ҳар қандай жойда ўзини кўрсатиб кетаверади - бунга гап бўлиши мумкин эмас. Узоқдаги Райан Гиггзни овора қилмайлик, ўзимизнинг Одил Аҳмедов ҳам яққол мисол бўла олади. Унинг шу вақтга қадар қилмаган иши фақат дарвозада туриш холос, буни яхши биламиз. Шундай экан, Жамшид Болтабоев ҳам зўр бўлса, майдоннинг исталган жойида ўзини кўрсатиши шарт. Бироқ бир нарсани эътиборга олишингизни сўрардим - Одил Аҳмедовдан фарқли ўлароқ, Жамшид энди ўсиб келаётган футболчи. Бундай ёшда футболчининг ўйин услуби шаклланади ва мураббий томонидан бирозгина нотўғри ёндашув ҳам унинг бутун фаолиятига таъсир ўтказиши мумкин. Келинг, шу ўринда гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир мисол келтирсак.

 ШЕРЗОД КАРИМОВ

«Пахтакор» клубининг яна бир вакили Шерзод Каримов ҳам вақтида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида порлаб чиққанди. Ўшанда кўпчилик унга ўзбек футболи келажаги сифатида қараганди. Шунга монанд Шерзод ҳам ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ажойиб ўйин намойиш қилди. Ўша вақтлар анча содда эдик - Мисрда ўтадиган жаҳон чемпионатида Шерзоднинг ўйинини кўриб, Европадан келган скаутлар шоша-пиша нав­батга туришларини кутдик. Аммо қарангки, бундай бўлиб чиқмади. Хўш, бунга сабаб нима?

Биз энди бу савол жавобини яхши биламиз. Ҳар ҳолда, ўша мусобақадан буён яна 3та жаҳон чемпионати ўтказдик, тажрибамиз ошди. Бу ёшдаги футболчилар Европа клубларини кўп ҳам қизиқтиравермас экан, билдик. Шерзод Каримов нима бўпти, манаман деган африкалик иқтидорлар ҳам кўринмай кетишди-ку. Аммо тан олайлик, ўша мусобақада Шерзод ҳам ўзини мутлақо кўрсатолмаган эди. Бунга эса, бош мураббий қарори сабаб бўлганди. Мисрда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоа бош мураббийи Аҳмаджон Убайдуллаев кўплаб хатоларга йўл қўйди. Оқибатда терма жамоа салоҳия­тининг ярмини ҳам намойиш этолмай ортга қайтди. Бунинг учун уни кўп айбладик. Аҳмад аканинг энг катта хатоларидан бири эса, Шерзод Каримовни марказдан олиб, чап қанотга қўйгани эди. Шунга қадар майдон марказида туппа-тузук ўйнаб турган Каримов қанотга ўтгач, анча сиқилиб қолгандек кўринди. Ганага қарши кечган учрашувда урган голи ҳам ягоналигича қолиб кетди. Шерзод Каримов ке­йинчалик «Пахтакор»га ўтгач ҳам, қанотда ўйнашда давом этди. Оқибатда биз уни аста-секин унута бошладик. Ўзбек футболи келажаги бўлиши кутилган навбатдаги «юлдуз» мана шу тарзда оддий футболчилар қаторига кириб қолди.

 ДАНИ АЛВЕШ КАБИ

Ҳозир Илҳом Мўминжонов ҳам Убайдуллаев каби хатога йўл қўймоқда дейишдан йироқман. Балки Жамшид айнан қанот ҳимоясидаги ўйини билан танилиб кетар. Аммо шахсан ўзим оддий мухлис сифатида айтар гапим - Жамшид Болтабоевда ноёб иқтидор бор ва футболимизда бундайлар ҳар доим ҳам учрайвермайди. Жамшиддаги қобилият фақат ён чизиқ бўйлаб югуриш учун кўплик қилса керак, назаримда. Бунинг учун «Локомотив»даги «ёш ва қария» Жасур Ҳасановлардаги каби тезлик ва бироз техника бўлса кифоя, қолгани ортиқча. Жамшид Болтабоевда эса соф футболча ақл ҳам борки, буни қанот чизиғи аро сочиб юборсак, увол бўлармикан, деб қўрқади киши. Ахир яхши биламиз-ку, Дани Алвеш яна 10 йил «Барселона»да ўнг қанотни «гуллатса» ҳам ҳеч қачон Хави ёки Иньестага тенг келолмайди. Шунингдек, Виталий Денисов ҳам фаолиятининг охирига қадар Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин, аммо миллий жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишни барибир, Одил Аҳмедовдан кутаверамиз.

Жамшид Болтабоев эса келажакда камида Одил Аҳмедовдек бўлиши лозим. Камида...

Зафар Қосимов.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:08, 21.02.2014.
Ўқилди: 6849 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.