Икки йилдирки, дунёнинг профессионал бокс маркази ҳисобланган АҚШда фаолиятини давом эттираётган ҳамюртимиз Баҳодир Мамажоновнинг (16-1-10 КО) афсонавий промоутер Дон Кинг билан шартнома имзолаганидан хабарингиз борми? Ҳаваскор боксда Осиё чемпиони, Ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Баҳодир профи боксда ҳам ўз сўзини айтмоқда. Қўқон бокс мактаби тарбияланувчиси 61 кг вазн тоифасида ўз жангларини ўтказиб келяпти. У сўнгги жангида Крис Линсонни (21-5-11 КО) мағлубиятга учратган. Ваъда қилганимиздек, бугун эътиборингизга океан ортида фаолият юритаётган Мамажонов билан уюштирилган эксклюзив суҳбат ҳамда АҚШдан жўнатилган фото жамланмани ҳавола қиламиз.
— Баҳодир, суҳбатимиз аввалида ўқувчиларимиз яқиндан тасаввурга эга бўлишлари учун ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз. Ҳаваскор бокс билан неча ёшингиздан бошлаб шуғуллангансиз? Оилангизда сиздан бошқа спортчилар борми? Илк мураббийингиз ким? Кимга ҳавас қилиб боксни танлагансиз?
— Ҳаваскор бокс билан олти ёшимдан шуғулланаман. Оилада тўрт фарзандмиз: уч ўғил ва бир қиз. Спортчилар оиласида вояга етдим, дея олмайман. Биргина мен спортни танладим. Лекин шу даражага етишимда онамнинг хиссалари катта бўлган. Улардан бир умр миннатдорман. Боксдаги биринчи мураббийим эса Рафиқ ака Мавлонов бўлганлар. 1993-1998 йиллар оралиғида у кишидан бокснинг илк сабоқларини олдим. 1998 йилдан то шу кунгача Алишер Мамазияев қўл остида шуғулланиб келяпман. Шунингдек, ўз вақтида Республика Олимпия захиралари коллежида Мансур Маҳмудов, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтида эса, ушбу илм даргоҳи проректори Рустам Холмуҳаммедовлар менга мураббийлик қилишди. Асосан ўзимизнинг боксчиларга ҳавас қилганман. Улар орасида Артур Григорян, Руслан Чагаев, Алишер Раҳимов, Сергей Михайлов каби кўзга кўринган чарм қўлқоп усталаримизнинг жангларини мириқиб томоша қилардим. Артур акага ўхшаб профессионал боксда Жаҳон чемпиони бўлишни истардим. Яратганга шукрки, орзуимга поғонама-поғона эришиб келяпман. Айни пайтда WBA қитъалараро чемпионлик камари эгасиман.
Баҳодир Мамажонов: “Орзуимга поғонама-поғона эришиб келяпман”
— Адашмасам, сиз ҳаваскор боксда Осиё чемпиони, Ҳарбийлар ўртасида эса жаҳон чемпиони бўлгансиз...
— Худди шундай. 2005 йили Покистонда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. 2007 йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган Бутунжаҳон Ҳарбийлар ўйинларида барча рақибларимни мағлубиятга учратиб, чемпион бўлдим. 2008 йили эса Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдим. 2005 йилги Осиё чемпионатидан кейин менга халқаро тоифадаги спорт устаси унвони берилди.
— Вазн тоифангизда Ўзбекистонда қайси боксчилар асосий рақибингиз бўлган?
— Яратган раҳматига олган бўлсин, ўсмир ва ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Илҳом Раҳимов рингдаги асосий рақибим эди. Эътиборлиси, илк мағлубиятимни ҳам Раҳимов билан бўлган жангда қабул қилиб олганман. Катталар терма жамоасида халқаро тоифадаги спорт усталари – Жаҳонгир Сувонқулов ва Бекзод Ҳидиров асосий рақибим бўлган.
— Нима учун ҳаваскор боксдан профессионалга ўтдингиз? Олимпиада медалини қўлга киритиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
— Олимпиадада қатнашиш ҳар бир спортчининг орзуси ҳисобланади. Афсуски, мен учун бу ушалмас орзуга айланди. Албатта, Олимпиадада иштирок этишни жуда-жуда истаганман. 2008 йили саралаш мусобоқасига боришим керак эди. Лекин негадир ўша пайтда мени жамоага олишмаган. Бекзод Ҳидиров бу вазнда биринчи рақамли боксчи бўлгани учунми, айнан у саралаш мусобақасига борган. Лекин Пекин Олимпиадасига йўлланмани қўлга кирита олмаганди. Шундан сўнг ўзимни профессионал боксда синаб кўришга ва шу орқали Ватанимиз довруғини янада дунёга танитишга қарор қилдим. Ҳозир бор эътиборимни профессионал боксда айтишга ва вақт ўтиб эслашга арзигулик натижа кўрсатишга қаратганман.
Баҳодир Мамажонов: “Орзуимга поғонама-поғона эришиб келяпман”
— Профессионал боксдаги фаолиятингиз қандай бошланди? Қайси мураббийлар билан ишладингиз? Илк жангларингиз қийин кечгандир?
— Профессионал бокс ҳаваскордан озгина фарқ қилади. Профессионал боксда жисмонан ва руҳан кучли бўлиш керак. Ҳаваскорда эса кўпроқ тезликка эътибор қаратилади ва асосан очколар ҳисоби бўйича ғалаба қозонишга ҳаракат қилинади. Профессионал боксда эса кўпроқ нокаутларга эътибор беришади. Ҳозиргача 16 та жанг ўтказган бўлсам, шулардан 15 тасида ғалаба қозондим. Ҳисобимда битта мағлубият бор. Шу кунгача кўзга кўринган боксчилар билан рингда тўқнаш келдим. Жумладан, Арчи Рай Маркес – ўша пайтда у WBА ҳамда WBО йўналишларида кучли ўнталикда бўлган. Мичел Кларк эса собиқ жаҳон чемпиони, Дарлей Перез WBО, WBC, WBА ва IBF йўналишлари бўйича кучли ўнталикда эди. Анхел Сантана WBА қитъалараро чемпионлик камари соҳиби. Айнан унинг чемпионлик камарини тортиб олдим. Сир эмас, АҚШ дунёнинг бокс маркази ҳисобланади. У ердаги мураббийларимиздан профессионал бокс сир-асрорларини ўргандим. Ўз ўрнида улар бизнинг урф-одатларни ҳурмат қилишади ва бу борада ҳамиша қулайлик яратишга интилишади. Бунинг учун Кен Ричардсондан миннатдорман.
— ХХ асрнинг афсонавий промоутери Дон Кинг билан қачондан ҳамкорлик йўлга қўйилди ва умуман бу учрашув қандай содир бўлди?
— Таклиф Дон Кингнинг ўзидан чиққанди. Анхел Сантана Доннинг охирги ва ишонган боксчиси эди...
... Суҳбатнинг давомини эртага ўқишингиз мумкин
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди