Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Нафиса Мўминова: «Ўзбекистон ифтихори» деган номга лойиқ бўлишим керак»

Баҳо:
+-1 | -

Нафиса 1990 йилда Фарғона вилоя­ти Ўзбекистон туманида туғилган. Тўрт ёшида унга отаси Алишер Мўминов шоҳмот ўйнашни ўргатган. Айни пайтда у Тошкент давлат жисмоний тарбия институти талабаси.

Нафиса 2002 йилда 12 ёшгача қизлар ўртасида 1-ўринни, 2005 йилда Тошкентда ўтказилган аёллар ўртасидаги чемпионатда 3-ўринни, 2007 йилда жаҳон чемпионатига минтақавий саралаш мусобақасида 1-ўринни, 2008 йилда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 2-ўринни, 2009 йилда «Gurgaon open» ва «Мalaysian open» xалқаро турнирларида 1-ўринни, 2010 йилда «Parsvnath» xалқаро турнирида 1-ўринни эгаллаган. 2011 йилда Марказий Осиё кубоги ғолиби, 2012 йилда «Toshkent open» xалқаро турнири ғолиби, «Moscow Open-2014» турнирида 2-ўрин соҳиби, «4th HDBank Cup International Open Chess tournament 2014» ғолиби бўлган.

— Аввало, оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.
— Онам — Қаноатхон Мўминова уй бекаси. Ҳар бир мусобақада биз учун мухлислик қилади, жон куйдиради. Иккала синглим ҳам шоҳмот ўйнайди. Ёшлигимизда оилавий турнирлар уюштирар эдик. Охирги пайтлар турли машғулотлар, мусобақалар билан бўлиб, бунга вақтимиз етишмаяпти. Сингилларимдан ­Гулруҳбегим Тоҳиржонова яқинда бўлиб ўтган «Moscow Open-2014» турнирида қатнашди. Ҳозир ёши 14 да, ФИДЕ устаси. Ўйлайманки, у келажакда мендан ҳам яхшироқ натижалар кўрсата олади. Унинг ёшида менинг рейтингим бунақа баланд бўлмаган. Яна бир синглим Ҳулкар Тоҳиржонова ҳам халқ­а­ро мусобақаларда муваффақиятли қатнашмоқда. 

— Мусобақалар олдидан ҳаяжонланасизми?
— Ҳар қандай мусобақада ҳаяжон бўлади. Xалқаро мусобақаларда масъулият ҳисси икки карра ортади. Рақиблар ҳам ўз мамлакатининг энг кучли шоҳмотчиси ҳисобланади. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимнинг энг яxши ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Тўғриси, қийин деган сўзни ишлатишни ёқтирмайман. Ҳаётда нимагадир эришиш учун меҳнат қилиш зарур. Баъзида одамлар ўзига ишонмайди, гоҳида эринчоқлик қилади. Мақсад сари дадил ҳаракат қилиш керак.

— «Moscow Open-2014» турниридаги иштирокингиз ҳақида гапириб берсангиз?
— Бу турнирда биринчи маротаба қатнашдим. Турнирни яxши бошладим. Кетма-кет учта баҳсда ғалаба қозондим. Кейин Арабидзе, Северина ва Ванг Жуелар билан бўлган партияларда яxши позициялардан фойдалана олмадим. Турнирдаги энг ёмон ўйнаган партиям бу 8-турда Даулейти билан ўйиним бўлди. Мусобақа менда катта таассурот қолдирди. Бизнинг жамоамиз жуда аҳил. Ёшимиз ҳам тенг, ҳар доим бир гуруҳда ўйнаганмиз. Турнир якунида кумуш медаль олганимдан жуда хурсанд бўлдим.

— Президентимиз томонидан ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикрингиз?
— Президентимизнинг менга кўрсатаётган ғамxўрлигидан жуда ҳам xурсандман! Ўтган йили 8 март арафасида менга замонавий компь­ютер жамланмасини совға қилдилар. Бу компьютер менинг шоҳмотдаги фаолиятимда жуда зарур ва муҳим ўрин тутади. 2013 йил охирида «Ўзбекистон ифтихори» фаxрий унвони билан тақдирландим. Кўрсатилаётган эътиборга муносиб ва «Ўзбекистон ифтихори» деган номга лойиқ бўлишим керак, деган фикр янада кўпрок ишлашга ва яxши натижалар кўрсатишга ундайди.

Ўзбекистонлик хотин-қиз шоҳмотчилар орасида биринчи бўлиб мен халқа­ро гроссмейстер унвонини олдим. Бу ўз олдимга янада катта мақсадлар қўйишимга туртки бўлди. Вьетнамда ташкиллаштирилган «4th HDBank Cup International Open Chess tournament 2014» мусобақасида иштирок этдим. 16 март куни якунига етган бу турнирда ғолиб бўлиб, кубок ва махсус диплом билан тақдирландим.

Режаларим ҳақида олдиндан гапиришни ёқтирмайман. Чунки, аввал унинг уддасидан чиқиш керак. Асосий мақсадим имкониятларимдан тўлиқ ва унумли фойдаланиш, ўзим иштирок этадиган ҳар бир мусобақада фақат ғолиблик учун курашиш.

«Ўзбекистон овози» мухбири
Темур АЪЗАМ суҳбатлашди

Манба: www.uzbekistonovozi.uz
Киритилди: 20:30, 18.03.2014.
Ўқилди: 3607 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.