19 март, чоршанба куни Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси 3-тури доирасида Эроннинг “Фулад” клубини қабул қилади.
Аввало, “қалдирғочлар”нинг чоршанба кунги рақиби – “Фулад” клуби ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Ахваз шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи ушбу клуб 1973 йилда ташкил этилган. Жамоанинг тўлиқ номи “Фулад Хузестан” футбол клуби. “Фулад” уй учрашувларини 51000 мухлисга мўлжалланган “Ғадир” стадионида ўтказади. Клуб вакиллари ҳозирча биргина ютуқ – 2005/2006 йилги мавсумларда қўлга киритилган Эрон чемпионлиги билан мақтана олишади холос. Ахвазликлар Осиё Чемпионлар лигасида иккинчи бор иштирок этишмоқда. Бунгача улар 2006 йилги мавсумда Қувайтнинг “Ал-Қодисия”, Ўзбекистоннинг “Пахтакор” ва Суриянинг “Ал-Иттиҳод” клублари билан гуруҳ босқичида куч синашиб, плей-оффга йўлланма ололмаганди.
“Фулад”га қарши учрашув “Бунёдкор” ва Эрон клублари қарама-қаршилигидаги 13-тўқнашув сифатида қайд этилади. Бунгача ўтказилган 12та ўйиннинг 5тасида “Бунёдкор”, 3тасида эронликлар ғалаба қозонишган. 4та учрашувларда кучлар тенг келган. Тўплар фарқи – 18:14, “Бунёдкор” фойдасига.
“Бунёдкор”нинг чилилик ҳужумчиси Хосе-Луис Вильянуэва ўзаро ўйинларда энг кўп тўп киритган футболчи ҳисобланади. Хосе эронликларга қарши атиги икки баҳсда майдонга тушган бўлса-да, рақиб дарвозасига 4та гол уришни уддасидан чиққан.
Ўзаро ўйинларда энг кўп майдонга тушган футболчи ҳақида гап кетганда Азизбек Ҳайдаровни айтиб ўтиш даркор. Ҳозирги пайтда БАА чемпионатда фаолият юритаётган ҳамюртимиз эронликларга қарши “Бунёдкор” сафида 11та учрашув ўтказган.
“Фулад” ҳозирча Осиё Чемпионлар лигасида саккизта учрашув ўтказган. Шуларнинг 4тасини уйда ва шунчасини сафарда. Эътиборлиси, ахвазликлар ҳали меҳмондаги ўйинларда ғалаба қозона олишмаган. 4 ўйин, 2 дуранг ва 2 мағлубият. Тўплар фарқи – 0:4.
“Бунёдкор”нинг “Фулад”га қарши Тошкентдаги баҳси “қалдирғочлар”нинг Осиё Чемпионлар лигаси тарихидаги 55-учрашуви сифатида қайд этилади. “Бунёдкор” ҳисобида 22та ғалаба, 16та дуранг ва 16та мағлубият бор. Тўплар фарқи – 68:64.
“Фулад” жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси тарихида Ўзбекистон клублари билан 2006 йилда рўбарў келган. Ўшанда эронликлар “Пахтакор” билан куч синашишиб, ҳар иккала баҳсда ҳам мағлуб бўлишган. Тошкент 2:0, Эронда 1:3.
“Бунёдкор” ва Эрон клублари қарама-қаршилигида етти мамлакат ҳакамлари фаолият юритишган. Улар ичида қатарлик Абдуллоҳ Балидеҳ ва хитойлик Сун Баожи икки маротабадан ўзаро ўйинларда ишлашган. 19 март кунги баҳсда илк бора қувайтлик бош ҳакам “Бунёдкор” ва Эрон клублари учрашувини бошқариб боради.
“Қалдирғочлар”нинг Эрон клублари билан ўзаро ўйинларини эслаб ўтарканмиз, 2009 йилнинг 27 май санасида бўлиб ўтган “Пирузи” – “Бунёдкор” баҳсига тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Боиси ўша учрашувни томоша қилиш учун “Озоди” стадионига 95225 нафар мухлислар ташриф буюрган ва бу кўрсаткич Осиё Чемпионлар лигаси тарихида ўзига хос рекорд ўрнатган эди.
Мухлисларни 19 март оқшомида “Пахтакор” марказий стадионида Ўзбекистоннинг Осиё Чемпионлар лигасидаги ягона вакили – “Бунёдкор”ни қўллаб-қувватлашга чорлаб қоламиз.