Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Марат Бикмаев: «Майдонга сентябрь ойида қайтаман»

Баҳо:
+ | -

Айни футбол ўйнайдиган даврида жароҳатини даволаш билан банд бўлаётган ҳужумкор ярим ҳимоячи Марат Бикмаев учун сўнгги икки йил деярли омадсиз келди. Кетма-кет олинган жароҳатлар футболчининг майдон ташқарисида қолиб кетишига сабаб бўлди. Шундай бўлишига қарамай, мавсумлар оралиғида бу йил ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйган Тошкентнинг «Локомотив» клуби раҳбарияти келажакни ўйлаб, тажрибали Бикмаев билан шартнома имзолади. Табиийки, ОЧЛнинг «плей-офф» босқичида омадсизликка учраган «темир­йўлчилар» энди бор эътиборларини Ўзбекистон чемпионатига қаратишади ва шу орқали қитъамизнинг энг нуфузли мусобақасининг гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишга интилишади. Бу борада эса Марат каби тажрибали, халқаро ўйинларда суяги қотган футболчилар асқотади. Лекин суҳбат жараёнида шунга амин бўлдикки, ҳаммаси рисоладагидек давом этса, Марат сўнгги икки ярим-уч ойгина Вадим Абрамов жамоасига ёрдам бера олади, холос.

- Марат, суҳбатимиз аввалида «Локомотив» клубига ўтишингиз ҳақида маълумот берсангиз. «Темирйўлчилар» билан шартнома имзолаш варианти қандай пайдо бўлди? Сизни клубга ким таклиф қилди?

- Янги йил байрами арафасида «Локомотив» клуби бошлиғи Алишер Пўлатов билан учрашдик. Бир пиёла чой устида кечган суҳбатимизда Алишер ака мени жамоага таклиф қилдилар. У киши озод агент мақомида эканлигим, лекин жароҳатим сабабли, ўтган мавсумни ўтказиб юборганимни биларди. Жамоа бошлиғи «Локомотив» менинг хизматларимга эҳтиёж сезаётгани, жароҳатни даволаш, муолажаларни олиш, тикланиш ва индивидуал машғулотларни ўтказиш учун барча шароитлар яратиб берилишини айтди. Ўз ўрнида менга таклиф этилган шартнома шартлари ҳам маъқул келди. Очиғи, бу таклифдан лол ҳам қолдим. Боиси, жароҳатланган футболчи билан жуда камдан-кам ҳолатларда шартнома имзоланади. Жароҳатим сабабли, мавсумнинг дастлабки ўйинларида жамоага ёрдам бера олмасамда, улар келажак учун мен билан шартнома имзолашди. Тўғриси, бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ўйлайманки, менга билдирилган ишончни оқлайман ва «Локомотив»­нинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишга астойдил ҳаракат қиламан. Жамоа бошлиғи билан учрашувимиздан сўнг маълум вақт ўтгач, клуб президенти қабулида бўлдим. Айнан шу учрашувдан сўнг «Локомотив» билан расман шартнома имзоладим. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ўзим учун ҳам жуда қизиқ эди. Умид қиламанки, мен учун қора кунлар ортда қолди ва энди бу ёғига фаолиятим фақат «оқ чизиқ» бўйлаб давом этади.

- «Актобе»дагилар олиб қолишмадими?

- «Актобе» янги мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Табиийки, жамоага тайёр футболчилар керак. Айниқса, легионер масаласида бу жиддий масала. Бундан хафа бўлганим йўқ ва клуб раҳбарларини тўғри тушундим. Шартномам ҳам якунига етганди. Қозоғистон жамоалари легионерларга тахминан 10-20 минг доллар атрофида ойлик маош тўлашади. Юқори савияли хорижлик футболчининг ойлиги ҳам шунга яраша бўлади. Қозоғистон чемпионатида бундай легионерлар сони кўпайиб боряпти. Шундан келиб чиқиб, айтадиган бўлсам, легионернинг жароҳат сабабли, узоқ муддат майдон таш­қарисида бўлиши клубга фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради.

- Демак, савия жиҳатидан Қозоғистон чемпионати бизнинг биринчиликдан юқори, деган хулосага келишимиз мумкинми?

- Билмадим. Лекин менинг назаримда шунга ўхшаяпти. Қозоғистон клублари бюджет, маошларни вақтида тўлаш бў­йича биздан устун. Кейин чемпионлик учун 4-5та, совринли ўринлар учун 7-8та жамоа кураш олиб боради. Клубларнинг савияси деярли тенглашиб қолган. Лекин футболчиларнинг маҳорати ва ижрочилар борасида бизникилар устун. Стадион, база, машғулот майдонлари, умуман, футбол инфраструктураси бў­йича бизнинг жамоаларда устунлик бор. Сўнгги 2-3 йил ичида мамлакатимизда жаҳон андозаларига жавоб берадиган бир нечта стадионлар бунёд этилди. Мавжудлари реконструкция қилинди. Мана эртага (суҳбат 15 март куни уюштирилган, - муаллиф) Олмалиқ шаҳрида янги стадион очиляпти. Қозоғистонда эса «Қайрат», «Остона», «Актобе» клубларига тегишли стадионлар барча талабларга жавоб беради. Лекин 35 минг томошабинга мўлжалланган муҳташам «Астана Арена»га кўп мухлис келмайди. Мухлислар ташрифи бўйича «Актобе» пешқадам. Ўз ўрнида мен ҳам энди «Актобе»га мухлислик қиламан. У ерда дўстларим Кападзе ва Гейнрих қолишди. Бу футболчиларимиз жамоа ғалабаларига муносиб ҳисса қўша олишади. Уларнинг Актобе клубида мавқе­лари баланд. Балки менга яна қачондир Қозоғистон чемпионатида ўйнаш насиб этар. Ўшанда ўзимни яна ижобий томондан кўрсатаман.  

- Жароҳатни даволаш қандай кечмоқда? Майдонга қачон қайтасиз?

- Декабрь ойида Германияда жарроҳлик столига ётдим. Немис шифокорлари тизза орти хочсимон боғламаларининг узилганлиги тўғрисидаги ташхисни қўйишди. Унга кўра, биринчи жарроҳлик амалиётидан тўрт ой ўтиб, яна такрорий операция қилиниши керак эди. Режа бўйича, апрель ойида мана шу операция бўлиб ўтади. Кейин уч ҳафтадан сўнг тикланиш даври бошланади. Ҳаммаси кўнгилдагидек давом этса ва спорт формамни тиклаб олсам, июль ойининг охири ёки август­нинг бошида югуришни бошлайман. Сентябрь ойига келиб, майдонга қайтишим кутиляпти.

- «Локомотив»нинг  ОЧЛ «плей-офф» босқичидаги мағлубиятига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?

- Албатта, жамоамизнинг илк саралаш ўйинидаёқ мағлубиятга учраб, мусобақани муддатидан аввал тарк этиши жуда ачинарли ҳолат бўлди. Айниқса, рақибга ўз майдонимизда имкониятни бой берганимиз ҳаммасидан ўтиб тушди. Менимча, йигитлар ўша ўйинга керагидан ортиқ руҳий жиҳатдан тайёргарлик кўриб юборишди. Айтишадику, «ёниб кетишди», деб. Ўша учрашувда ҳам худди шундай бўлди. Ҳаддан зиёд истак якунда зиёнга ишлади. Бу эса мақсадга эришиш учун тўсқинлик қилди. Қувайт клуби дарвозасини ишғол қилиш учун имкониятлар жуда ҳам кўп бўлди. Лекин вазиятлардан унумли фойдалана олмаслик жамоамизга панд берди. Шу куни омад ҳам меҳмонлар томонида бўлди. Футболда омад муҳим роль ўйнайди. Ўйлашимча, қувайтлик футболчилар бизни мағлуб этишмади, аксинча, биз ўзимиз ўйинни уларга бой бердик. Рақиб жамоа юзага келтирган вазиятларидан тўлалигича фойдаланди, биз эса йўқ.

- Яқинда «Локомотив»да мураббийлар штаби алмашди. Сиз эса Ҳаким Фузайлов даврида жамоа билан шартнома имзолаган эдингиз. Бўлиб ўтган бу ўзгариш сизнинг клубдаги келажагингизга салбий томондан таъсир қилмайдими?

- Албатта йўқ. Вадим Абрамов билан аввал ҳам бирга, бир жамоада ишлаганман. Мен Вадим Карленовичнинг нималарга қодир мураббий эканлигини жуда яхши биламан. Ўз ўрнида у ҳам менинг ўйинларимдан хабардор. Умид қиламанки, биз ўзаро тил топиша оламиз. 

- Сиз аввалги клубларингизда турли позицияларда ўйнагансиз. «Локомо­тив»да қайси чизиқда ҳаракат қилишингизни эса мураббийлар ўша вазиятдан келиб чиқиб, ҳал қилишади. Ўзингиз учун қаерда ўйнаш маъқулроқ?

- Абрамов менга ҳамиша сен ҳужумчисан, дерди. Мураббий футболчининг қайси чизиқда кўпроқ фойда келтиришини ўйлаб, майдонга туширади. Ўзим учун ҳам кўпроқ ҳужумда ўйнаш ёқади.

- Бу йилги чемпионатдан нималарни кутяпсиз?

- Менимча, чемпион бўлиш учун «Локомотив»да барча имкониятлар етарли. Имконият деганда, футбол инфратузилмаси, стадион, база, сифатли майдон, машғулот ўтказиш учун юқори даражадаги шароитни назарда тутяпман. Клуб раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган бу шароитлардан нолишлик гуноҳ бўлади. Футболчилардан фақат натижа кўрсатиш қоляпти, холос. Муҳими, биз - ўйинчилар ўз мажбуриятимизни унутиб қўймасак бўлгани. Йигитлар бу йил ҳам мамлакат чемпионлиги ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишади. Бугун чемпионлик сари илк қадам ташланди. Иван Нагаевнинг ягона голи «Навбаҳор» устидан қозонилган муҳим ғалабани таъминлади. Водийда ўйнаш ҳамиша қийин бўлган. Қолаверса, мавсумнинг очилиш ўйинига мезбонлар яхшигина тайёргарлик кўришган. Илк турда чемпионлик учун даъвогар саналган барча жамоалар муҳим уч очкони ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Шуни ишонч билан айта оламанки, 23-миллий чемпионат ўйинлари аввалги йиллардан муросасизлиги билан фарқ қилади. 

- Ўзбекистон терма жамоаси таркибида майдонга тушишни соғингандирсиз?

- Бўлмасам-чи? Терма жамоа либосини кийиш ҳар бир футболчи учун шараф. Терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш, бу Ватанни ҳимоя қилишдек гап! Ишончим комил, ҳали ҳаммаси олдинда. Насиб қилса, Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятли юриши келаси йили Австралияда ўтказиладиган Осиё кубоги-2015дан бошланади. Тезроқ жароҳатимдан фориғ бўлиб, терма жамоа таркибига киришга ва Осиё чемпионатида иштирок этишга ҳаракат қиламан. 

- Айнан шу Осиё кубогининг БАА терма жамоасига қарши Тошкентда бўлиб ўтган сўнгги саралаш учрашувини томоша қилдингизми?

- Ҳа, ўйинни бевосита стадионда кўрдим. Баҳс жуда ҳам яхши бўлди-ю, лекин ғалаба қозониш учун яна битта гол етишмади. Сўнгги пайтларда ҳам клуб, ҳам терма жамоа миқёсида футболчиларимиз гол ўтказиб юборилганидан сўнг, янада кучли ўйин намойиш этишяпти. Балки, учрашувнинг бошларида футболчиларимизни ҳаяжон босгандир? Ёки ўзларига нисбатан ишончсизлик бўлдими, ҳайронман.

- БААни бу сафар ҳам ўз майдонимизда мағлуб эта олмадик. Улар шунчалик ноқулай рақибми ёки биздан ростдан ҳам кучлими?

- Биздан кучли бўлмаслиги мумкин, лекин сўнгги 2-3 йилда ҳақиқатан ҳам БАА терма жамоаси кучайди. Деярли бир хил таркиб ўзгармасдан ўйнаб келмоқда. Футболчилар бир-бирларини бир қарашда тушунишяпти. Бу илк муваффақият гарови ҳисобланади. Аммо «Бун­ёдкор» стадионида кечган ўйинда ғалаба қозонишимиз керак эди.

- Бунга нима тўсқинлик қилди? Майдоннинг ҳолатими ёки бизда ҳали мавсум бошланмагани таъсир қилдими?

- Ҳар икки омилни ҳам сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Лекин бу фақат сабаб, баҳона бўлмаслиги керак. Майдоннинг қандай ҳолатда эканлигини барча кўрди. Бундай сифатсиз майдонда мазмунли ва тезкор футбол намойиш этиб бўлмайди. Футболчилар одатдагидан икки баробар кўп куч сарфлашди. Йигитлар ҳам рақиб, ҳам майдон билан курашишди. Бу каби майдонларда ҳимояланаётган жамоага нисбатан осонроқ. Энг муҳими, Осиё кубоги йўлланмаси муддатидан аввал қўлга киритиб бўлинганди. Акс ҳолда, жуда қийин бўларди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 21:12, 21.03.2014.
Ўқилди: 3923 марта.
Фикрлар: 49 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.