Наманганнинг «Навбаҳор» клуби янги мавсумга тайёргарликнинг сўнгги босқичини ҳам пойтахтимизда олиб бормоқда. Яқинда наманганликлар сафига «Нефтчи» ярим ҳимоячиси Бахтиёр Ёқубов қўшилди. У аввалроқ «Бухоро»нинг машғулотларида қатнашганди. Қадрдон клубини тарк этиши сабаби, «Навбаҳор»га қўшилишдан мақсади ва бошқа масалалар хусусида футболчини суҳбатга чорладик.
«Навбаҳор»га қўшилиши, «Нефтчи»дан кетиши сабаблари
- «Навбаҳор»нинг Тошкентдаги ўқув-машғулотлар йиғини қизиқарли кечмоқда. Хабарингиз бор, «Нефтчи»да кўп йиллар мобайнида таниқли мутахассис Юрий Саркисян қўл остида тўп сурдим. Юрий Вазгенович машғулотлар жараёнида асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини яхшилашга интиларди. Наманган жамоасининг ҳозирги устози Бахтиёр ака Ашурматов ҳам эътиборини кўпроқ шунга қаратмоқда.
«Нефтчи»ни тарк этганимдан кейин «Бухоро»дан таклиф тушди. Жамоада мени яхши кутиб олишди. Бир-икки кун машғулотларда қатнашганимдан сўнг шартнома тузишларини билдиришди. Фурсатдан фойдаланиб, «Бухоро» клуби раҳбарлари ва мураббийларига бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Бироқ шу пайтгача водий клубларида ўйнаганим ва уйимизга яқин жойда фаолият юритганим боис таклифни қабул қилишда бироз иккиландим. Шунда «Навбаҳор»дан чақирув бўлди. Наманган уйимга яқин, қолаверса, жамоанинг ҳозирги устози Бахтиёр акани яхши биламан. Хуллас, «Бухоро» машғулотларидан «Навбаҳор»никига қўшимганим боиси шу.
Бахтиёр Ашурматов борасида тўхталсам, уни футболчи ҳамда мураббий сифатида жуда ҳурмат қиламан. Мана, Бахтиёр ака билан бирга фаолият олиб боришга яқин турибман. Бундан ташқари, «Навбаҳор»нинг барча футболчилари билан яхши танишман. Худо хоҳласа, тез кунлар ичида жамоа билан шартномага имзо чекаман.
«Нефтчи»да 10 йил тўп сурдим ва ўз-ўзидан жамоа менга анча қадрдон бўлиб қолганди. Қисқаси, клубни тарк этишим осон кечмади. Лекин мураббийлар штаби шундай қарорга келишган экан, на илож? Мисол учун, «Фарғона вилоят ҳокими кубоги» турнирида мени бор-йўғи 1та ўйинда майдонга туширишди. Мусобақа якунланганидан сўнг эса ўзимга бошқа жамоа топишим лозимлигини айтишди. Ростини айтганда, уларнинг нега бундай йўл тутишганини тушунмадим. Умуман айтганда, ўтган йилги мавсум «Нефтчи»да тўп сурган кўплаб футболчилар клубни тарк этишди. Балки биз Юрий Саркисян қўл остида ўйнаганлигимиз боис шундай қарорга келишгандир, буниси энди менга қорон-ғу. Лекин очиқ айтганда, клуб таркибига қўшилган янги ўйинчилар кетганлардан кучли эмаслар. Масалан, Фаррух Турдалиев, Мансур Саидов, Иқбол Акрамов, Сардор Мирзаев, Шерзод Ҳакимов, Шавкат Насибуллаев, Санжар Асқаралиев сингари футболчилар ҳар қандай клубни кучайтиришга қодирлар.
Аслида «Нефтчи»даги бўлиниш ўтган йили бошланганди. Биласиз, мавсумни бироз омадсиз тарзда бошладик. Аммо секин-аста ўйинимизни топиб бораётганимизда кутилмаганда, жамоамизнинг кўп йиллик устози Юрий Саркисян истеъфога чиқарилди. Кўпчилигимиз катта футболга илк қадамларни айнан Юрий Вазгенович қўл остида ташлаганмиз, унинг бошқарувида кўплаб ютуқларни қўлга киритганмиз. Шунинг учунми, бу қарор барчамизни карахт аҳволга солди ва анчагача ўзимизга келолмадик. Аммо ҳаёт давом этади.
Юрий Вазгенович нафақат Фарғона, балки ўзбек футболи учун кўп иш қилди. У «Нефтчи» билан халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, МДҲ Чемпионлар кубоги мусобақасида 2, Осиё Чемпионлар кубогида 3-ўринни қўлга киритди, Ўзбекистон терма жамоалари учун кўплаб футболчиларни етказиб берди. Қисқаси, уни иззат-ҳурмат билан кузатиб қўйиш лозим эди. Аммо... Олтин зангламас, деганларидек, Юрий Саркисян яқинда «Бунёдкор»да маслаҳатчи-мураббий сифатида иш бошлади ва Худо хоҳласа, унинг ўзбек футболига ҳали яна кўп фойдаси тегади.
Саркисян кетгач, «Нефтчи» бошқарувини ўз қўлига олган Амет Мемет ҳам тажрибали мураббий. У клубимиз ўйинида қандайдир янгилик яратиш, жамоага «янги қон» олиб киришга интилди. Лекин бор-йўғи ярим йил фаолият юритди, холос. Яхши жамоани шакллантириш учун бу жуда оз муддат. Шундай бўлса-да, клубимиз Мемет раҳбарлигида 9-поғонага кўтарилди. Қисқасини айтганда, ижобий ўзгариш кўзга ташланди.
Водий футболи
- Водий футболинининг пасайиши биринчи навбатда, маблағ билан боғлиқ. Сўнгги мавсумларда ушбу ҳудуднинг айрим клубларида молиявий муаммолар юзага келди. Қолаверса, «Нефтчи»да авлодлар алмашинуви амалга ошди, «Навбаҳор» ва «Андижон»да мураббий ҳамда футболчилар қўнимсизлиги кузатилди. Биласиз, футболда ҳар бир янги мураббий жамоага ўзига қарашли футболчиларни олиб келишга интилади. Натижада жамоавий ўйинни йўлга қўйиш учун маълум вақт кетади. Кўпроқ шу омиллар водийда миллионлар ўйинининг пасайишига таъсир кўрсатди. Лекин вазият ижобий томонга ўзгариб, клублар яна ўз мавқеларини тиклашади, деб ишонаман. Ахир бежиз айтишмаган: «Оққан дарё оқаверади».
маълумот учун
Бахтиёр ЁҚубов
Туғилган санаси ва манзили: 1984 йил 13 сентябрь, Марғилон шаҳри
Футбол билан 10 ёшидан шуғуллана бошлаган
Биринчи мураббийи: Тоҳир Тожибоев
Фарғона футбол мактаб-интернатини тамомлаган
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: «Цементчи» (Қувасой) - 2001-2004; «Нефтчи» (Фарғона) - 2005-2013
Оилали, 2 фарзанднинг отаси
Мухлислик қиладиган клуби: «Барселона»
Ҳавас қиладиган футболчиси: Андрес Иньеста