Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон

Мансур Саидов: «Босиқлик билан ўйнамасак бўлмасди»

Баҳо:
+ | -

Кўпчилик интиқлик билан кутган “Навбаҳор” – “Нефтчи” учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Косонсойдаги «Марказий» ўйингоҳ мухлислар билан гавжум бўлди. Шунингдек, мазкур ўйинга бўлган қизиқишни ортишига “Нефтчи”нинг собиқ ўйинчилари Мансур Саидов, Бахтиёр Ёқубов ва Шукур Пўлатовлар илк бор фарғоналикларга қарши тўп суришлари ҳам сабаб бўлди. Уларни “Нефтчи”га қарши баҳсда қандай ўйнашлари барчани бирдек қизиқтираётганди. 1:1 ҳисоби қайд этилган «водий дерби»сида Мансур Саидов “Навбаҳор”ни жамоа сардори сифатида майдонга бошлаб тушгани ҳам эътиборга моликдир. Учрашув якунлангач Саидовдан интервью олдик.

— “Нефтчи”га қарши “Навбаҳор” сардори сифатида тўп сурдингиз. Айтингчи, учрашувдан аввал ҳис-ҳаяжон бўлдими?
— Албатта бўлди. Тўғриси, “Нефтчи”га қарши фаолиятимда биринчи марта ўйнаганим боис ғалати ҳиссиётлар сезилди. Шу билан бирга ўзига яраша босим ҳам билинди. Ҳаммасини кўз олдимга келтириб, бўлаётган ишларга ишониш қийин бўлди.

— Собиқ жамоангиз ҳақида нима дея оласиз? “Нефтчи”нинг кўрсатган ўйини Сизга қандай кўринди?
— Уларнинг ўйини ҳақида гапирадиган бўлсам, яхши ўйнашди. Аслида бундай «дерби»ларда жамоаларнинг таркиблари қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар доимо ҳужумкор ва қизиқарли учрашувга гувоҳ бўламиз. Бугун комбинацияларга бой ўйин бўлгани йўқ. Асосан тўпни ҳаводан ошириш орқали ўйин ташкил қилинди.

— Бундай ўйин бўлишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
— Биринчидан, майдоннинг ҳолати комбанцион ўйин кўрсатишга йўл қўймасди. Иккинчидан, иккала жамоада ҳам босим кучли эди. Айниқса, бизга роса билинди. Негаки, “Нефтчи”нинг собиқ уч нафар футболчисини “Навбаҳор” сафида майдонга тушгани учун ҳам улар бизга қарши янада яхшироқ тайёрланишган. Умуман олганда, техник ва тактикага асосланган ўйин бўлгани йўқ. Иккала жамоа ўзи истаган комбинацияларга бой ўйинни намойиш эта олмади.

— Нима бўлган тақдирда ҳам учрашувни «дерби»га хос тарзда ўтди деб айта оласизми?
— Албатта, умумий олиб қараганда, беллашув яхши бўлди. Жамоалар иштирокида курашчан ўйин кечди. Айниқса, иккинчи қаватда кураш кескин кечди.

— Қайд этилган 1:1 ҳисобидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
— Бундай олиб қараганда, ютишимиз керак эди. Айрим вазиятларда тўпни атайлаб майдон ташқарисига чиқариб юборсак, рақиб ўйинчилари ҳалол ўйин қоидасига амал қилмай тўпни қайтариб беришмади. Тўғрисини айтсам, бундай хатти-ҳаракатлар футболга хос эмас. Бизга нисбатан ҳам қўполлик ишлатишди. Лекин, фарғоналик бўлганимиз учун ҳам ўзимизни босдик. Барибир эртага иккинчи даврада “Нефтчи” майдонига борамиз. Фарғоналик мухлисларнинг ҳурмати учун қўполлик қилганларга жавоб қайтармадик. Ўйиндан аввал ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзимизни вазмин тутиб оғир босиқлик билан ўйнашга келишиб олгандик. “Нефтчи”нинг ҳар бир собиқ футболчисига бириктирилган ўйинчилар бутун учрашув давомида таъқиб қилди. Масалан, менга ҳам алоҳида ўйинчи бириктирилганди.

— Иккинчи бўлим анча жонли тарзда кечди. Шукур Пўлатов ҳисобни очганидан кейин беллашув охирларига яқин ҳисоб тенглашди. Умуман, бу ҳолат аламли бўлгандир-а?
— Албатта, алам бўлди. Айтдимку, бу учрашувда ютишимиз лозим эди. Ачинарлиси, дарвозамиз пала-партиш ҳолатда ишғол қилинди. Нима ҳам қила олардик? Бугун дуранг бўлиши керак экан, шундай бўлди.

— Тўғриси, “Нефтчи”га қарши сардорлик боғичи остида майдонга тушишингизни кутмагандик...
— Жамоамиз сардори Илҳом Бойдадаев машғулот пайтида жароҳат олди. Жамоадаги иккинчи сардор мен эдим, учинчиси эса Алишер Маҳмудов. “Нефтчи”га қарши Алишер захирада қолди. Шунчаки сардорлик боғичи билан ўйнашим собиқ жамоамга қарши учрашувга тўғри келиб қолди.

— Бу ҳам Сизга янада кўпроқ масъулият юклагани табиий, тўғрими?
— Албатта. Ҳар бир учрашувда ўзига яраша масъулият бўлади. Боз устига “Нефтчи”га қарши ўйиндаги босим ва масъулият ҳар қачонгисидан юқори даражада бўлди. Ҳамма ушбу баҳсда қандай тўп суришимизга қизиқиш билдирганди. Наманганлик мухлислар ҳам собиқ жамоамизга қарши қандай ўйнашимизни кутишганди. Ўз навбатида фарғоналиклар бизнинг қандай ҳолатда тўп суришимизга қизиқишди. Боя айтганимдек, ҳамма учрашувлардан кўра кўпроқ босим ва масъулият бўлди.

— Учрашув ўрталарида ўрнингизни бошқа ўйинчига бўшатиб бердингиз. Нима учун?
— Бу жароҳат билан боғлиқ эди. Бир вазиятда тўқнашув юз берди ва майдонга ёнбошим билан йиқилиб тушдим. Бу эса тўлиқ куч билан тўп суришимга тўсқинлик қилди. Кейинчалик оғриқ кучайгани боис захирага чиқишга мажбур бўлдим.

— Ўтган турда “Бухоро” майдонидан ғалаба билан қайтишингларни кўпчилик кутмаганди.
— Аслида “Навбаҳор” яхши жамоа ва бу ерда ажойиб таркиб йиғилган. Мураббийлар ҳам нима қилиш кераклигини жуда яхши билишади. Сафарда ғалабани хоҳлагандик ва ўз мақсадимизга эришдик. Лекин, “Нефтчи”га қарши баҳсда Бахтиёр Ёқубов, Шукур Пўлатов ва менга нисбатан босим ҳар қачонгидан кучли бўлди. Бундан ташқари таркибимизда йўқотишлар ҳам бор эди. Умуман олганда, ўз ўйинимизни кўрсата олмадик.

— “Навбаҳор” учун олдинда яна бир жиддий ўйин турибди. Яъни кейинги турда “Насаф”га қарши тўп сурасизлар. Бугунги дурангдан сўнг навбатдаги беллашувга қандай тайёргарлик кўрасизлар?
— Кейинги учрашув “Нефтчи”га қарши ўйиндан ҳам кучли бўлади. “Насаф”га қарши бугунгидек ҳаводан тўп узатиладиган ўйинлар эмас, ҳақиқий футбол бўлади. Чунки бўлажак рақибимиз пас ўйнашни яхши кўради. Шунга яраша биз ҳам ўз тактикаларимизни қўллашга ҳаракат қиламиз. Барибир “Насаф” билан бўладиган баҳсга тайёргарлик бошқача бўлади. Аслида ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга чиқамиз. Лекин, футболда доим кутилмаган натижалар бўлиб туради. Нима бўлишини ўша куни кўрамиз.

Манба: "Аср футболи" газетаси.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 13:39, 02.04.2014.
Ўқилди: 4310 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.