26 март куни Австралиянинг Сидней шаҳрида Осиё кубоги-2015 финал босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси «В» гуруҳида Хитой, КХДР ва Саудия Арабистони термаларига қарши баҳс олиб боради. Қуръа биз учун омадли келгандек. Лекин бошқа томондан, бундай фикр билдиролмаймиз. Агар чорак финалга чиқсак, бу босқичда жамоамизни мезбонлар ёки Жанубий Корея термаси қарши олиши эҳтимоли катта. Аввало гуруҳдан чиқиш керак. Бу вазифани бажариш Қосимов жамоаси учун осон кечмайди. Биз термамиз сардори Сервер Жепаров билан боғланиб, айни шу мавзу хусусида гаплашдик.
— Сервер, шахсан сиз қуръани қандай қабул қилдингиз?
— Борича. Лекин шуниси аниқки, чорак финалга чиқиш осон эмас. Аввалги Осиё чемпионати билан таққослаганда, 4та терма жамоада ҳам бош мураббий алмашган ва табиийки, уларнинг ўйин услубида ҳам ўзгариш рўй берган. КХДРни инобатга олмаганда, Саудия ва Хитой чемпионатлари йилдан-йилга кучаймоқда. Ички чемпионатнинг кучайиши терма жамоага ижобий таъсир ўтказади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, иккала мамлакат терма жамоасида ўсиш кўзга ташланяпти. Саудияда ҳам, Хитойда ҳам кўзга кўринган хорижлик мутахассислар ишлашяпти. Легионерлар танловида ҳам клублар қаттиққўл сиёсат олиб боришяпти. Бу эса ўз мевасини бермоқда.
— Осиё кубоги келаси йили январь ойида бўлиб ўтади. Бу вақт биз учун ҳамиша ноқулай...
— Шахсий фикрим, бу биз учун энг қулай вақт. Тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан шундай. Фақат, ҳамма гап қандай тайёргарлик кўришда. Агар ўқув-машғулот йиғинлари ва ўртоқлик учрашувлари етарлича ўтказилса, январь ойи зараримизга ишламаса керак. Сўнгги босқич йиғинларини иқлим шароити Австралияникига яқин давлатларда ўтказиш лозим. Мен Австралияни жуда яхши биламан. Одатда у ерда январь ойида ҳаво иссиқ ва намгарчилик юқори бўлади.
— Агар гуруҳдан чиқсак, чорак финалда Австралия билан тўқнаш келишимиз мумкин. Қатар-2011 ярим финалидаги мағлубиятни унутмадингизми?
— Бундай ўйинларни унутиб бўлмайди. Лекин ўша учрашувда бундай йирик ҳисобли мағлубиятга муносиб эмасдик. Қўпол қилиб айтганда, дарвозамиз томон тепилган тўплар голга айланаверган. Бошқа томондан, биз учун мусобақа мезбони билан ўйинлар аксарият ҳолларда омадли ўтган. Айтайлик, 3 йил олдин очилиш ўйинида Дохада Қатарни 2:0 ҳисобида таслим этгандик.
— Танлаш имконияти бўлганида, чорак финалда Ж. Корея билан ўйнаган маъқулми ёки Австралия билан?
— Мен Нострадамус эмасман (кулади). Ярим финал йўлида кимнинг рақиблик қилиши унчалик муҳим эмас. Мақсадимиз олийми, демак, рақиб танлаш ярашмайди.
— Сервер, сўнгги 2 ҳафтада Корея матбуоти сиз ҳақингизда жуда кўп ёзди. Асосан жамоангиз бош мураббийининг фикрлари келтирилди. Аввалига сизни «Футболчи эмас», деди. Кейин журналистлар фикрини нотўғри талқин қилишганини айтди...
— Менимча, кейинги интервьюларида мени жамоанинг энг яхши футболчиси сифатида айтса керак (кулади). Келинг, бу мавзуда гаплашмай қўя қолайлик. Бош мураббийни муҳокама қилишни истамайман. Ҳамманинг ўзига инсоф берсин.
— Лекин Ўзбекистонда сиз ҳақингиздаги маълумотларни ўқиганлар нотўғри фикрга боришлари мумкин...
— Одамлар ҳар хил. Табиийки, улар турлича фикрлайдилар. Клубнинг ичида нима бўлаётгани, мураббийнинг қандай фикрда эканлигини ўзим биламан. Билганларимни достон қилишим шарт эмас. Бундан фақат ўзимга зиён етиши мумкин.
— Сиз терма жамоа сардорисиз. Юзага келган ҳолат фаолиятингизга салбий таъсир ўтказиши ҳеч гап эмас. Шу ҳақда ҳам ўйлаб кўрдингизми?
— Ўйлаяпман. Лекин ҳозирги шароитда ҳеч нарса қилолмайман. Бош мураббийнинг айтгани бўлади.
— Ўйинингизда пасайиш кузатилгани ўзингизга сезилмаяптими?
— Ўз ўйинимга баҳо беришим тўғри эмас. Четдан ўйинимни кузатаётган мутахассислар фикрларига қулоқ солиш лозим.
— Стандарт вазиятлардан тўп узатишларингиз аввалгидек чиқмаяпти...
— Баҳона қилмоқчи эмасман ва бунинг сабабларини ҳам нимадандир изламайман. Балки пасайиш бўлаётгандир ҳам. Бу ҳолат четдан яхшироқ кўринади.
— Тошкентда БААга қарши кечган учрашувда миллий жамоа таркибида 100-юбилей ўйинингизни ўтказдингиз. Сизни ўзгача ҳис-ҳаяжон чулғаб олган бўлса керак?
— Бу ўзига хос байрам ғалабасиз татирмиди?! Агар БААни мағлуб этганимизда, 5 март санасини алоҳида эслаб қолардим.
Камолиддин АЛИМОВ