Футбол оламида авлодлар алмашинуви муҳим ўрин тутади. Негаки, ҳар бир замоннинг ўз қаҳрамони бўлиши керак. Бир пайтлар яшил майдонда ўз номини муҳрлаган Пеле ва Марадона изидан қатор юлдузлар етишиб чиқди. Улар орасида эса Роналду ва Месси билан бир даврда тўп сураётган бўлса-да, бу футболчиларнинг соясида қолиб кетмасдан, ўзига хос иқтидори билан мухлислар қалбидан жой олаётган ёш футболчилар ҳам талайгина. Ана шундай чарм тўп усталаридан бири болалигида кўплаб қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, онасининг ёрдамида олға интилган ва бугунги кунда дунё футболида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ўйинчи, «Ливерпуль» футболчиси Раҳим Стерлингдир.
1994 йилнинг 8 декабрида, Ямайкада туғилган.
1999 йил — онаси билан Лондонга кўчиб келади ва Уэмблидаги мактабда ўқий бошлайди.
2004 йил — «Куэнс Парк Ренжерс» академиясига қабул қилинади.
2010 йил — «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»нинг таклифларини рад этиб, Англиянинг бошқа бир клуби «Ливерпуль» сафига қўшилади.
2012 йил 24 март — катта футболдаги дастлабки ўйинини маҳаллий «Уиган» жамоасига қарши ўтказади.
2012 йил 14 ноябрь — Англия терма жамоаси таркибида илк бора Швецияга қарши ўйинда майдонга тушади.
2014 йил 5 март — Англия — Дания ўртоқлик учрашувининг энг яхши ўйинчиси деб топилади.
Стерлинг онасини жуда яхши кўради. Шунинг учун бир гапни такрорлашни ёқтиради: «Онажон, мени бағрингизда тўққиз ой кўтариб юрганингиз учун катта раҳмат, ахир сиз мени деб жуда кўп азоб чеккансиз».
Раҳим онаси у учун кўп иш қилганини таъкидлашдан чарчамайди. «Онам — ҳаётимнинг ажралмас бўлаги, чунки у ҳозирги муваффақиятга эришишим учун кўп ҳаракат қилган. Мен унинг маслаҳатларини доим эшитаман ва амал қиламан, чунки онам менга ҳеч қачон нотўғри маслаҳат бермаган. Онам футболни тушунади ва янада яхшироқ тушунишни хоҳлайди. У ҳатто ўзини Жозе Моуриньо деб ўйлайди. Мен қачон ниманидир хато қилаётган бўлсам, дарҳол тўғри йўл кўрсатади. Кўп ҳолларда «Гапларимга қулоқ солмайсан», деб койиб қўяди. Баъзи-баъзида тортишиб ҳам қоламиз».
Футболчининг онаси 5 ёшли ўғлининг келажаги учун Ямайкадан Англияга кўчиб ўтишга қарор қилади ва шу ердан иш топади. Стерлинг мактабда ўзининг ғалати хатти-ҳаракатлари, хулқидаги нуқсонлари билан ажралиб турарди. Ҳатто «Vernon House» махсус мактабида таҳсил олган кезларида ўқитувчиси унга «Агар хулқинг ўзгармаса, ё қамоққа тушасан, ёки инглиз футболчиси бўласан», деган экан. Ўқитувчининг башорати кейинчалик амалга ошди, Раҳим Стерлинг ёш бўлишига қарамай, «Ливерпуль» ва Англия терма жамоасининг иқтидорли ўйинчисига айланди. Стерлинг 11 ёшида «Куэнс Парк Ренжерс»да ўйнай бошлайди ва тезда тенгдошлари унга янги лақаб топишди — футболчи «Раҳим Парк Ренжерс»га айланди.
Футболчи Англия терма жамоасининг бош мураббийси Рой Хожсонни жуда ҳурмат қилади. «Хожсон нималарга қодирлигимни олдиндан кўра олади. Мен эса ўйиним унга маъқул келишини истайман. У ёш бўлишимга қарамай, менга имкон бериб келган. Бунинг учун терма жамоа бош мураббийидан беҳад миннатдорман. Рой Хожсон ўйинчиларни менинг атрофимга жойлаштиради, у кўпинча шу тактикани маъқул кўради. Мен эса майдонда кўз илғамас жиҳатларга ҳам эътибор қиламан, мен янада яхшироқ бўлишни хоҳлайман».
Раҳим Стерлинг «Ливерпуль» устози Брендан Роджерс ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдиради. Брендан унга жуда катта ёрдам берганини такрорлашдан чарчамайди.
«Роджерс нафақат майдонда, балки майдондан ташқарида ҳам мендан қимматли маслаҳатларини, беминнат ёрдаминини аямаган, — дейди ўйинчи. — У ҳатто баъзи муаммоларимни битириш учун моддий жиҳатдан кўмак ҳам бериб турган ва бунинг учун унга катта раҳмат айтаман».
Раҳим Стерлинг «Ливерпуль»ни дунёнинг энг кучли клуби деб баҳолайди ва бу фикрини қуйидагича изоҳлайди: «Ливерпуль» мен учун энг зўр клуб. Йўқ, мен куч борасида айтмаяпман. «Ливерпуль»да ғурур, шаън, қадр-қиммат биринчи ўринда. Менинг клубимда ўз манфаатини жамоа шаънидан устун қўядиган футболчиларга жой йўқ. Мен фидойи футболчилар билан бирга ўйнаяпман, деб айта оламан. Ливерпулдан кетишни истамайман, чунки мен шу клубда танилдим. Қолаверса, биз премьер-лигада ғолиб бўлишни ният қилганмиз. Биз бунга ишонамиз ва биргаликда ҳаракат қиламиз. Олдимизга қўйган мақсадимизга эришишни ният қилганмиз ва эришамиз ҳам».
Унинг бошқа бир орзуси — Бразилияда яшаш. Унинг татиуровкаларида «Уэмбли» стадиони ва ўтмишини эслатувчи кўплаб нарсалар тасвирланган. Стерлинг 5 мартда Дания терма жамоасига қарши ўйиндан сўнг хаёлот оламида эмас, орзулари амалга ошадиган реал оламда яшаётганлигини ҳис қилганини кўп бора такрорлайди.
Яқинда бўлиб ўтган «Манчестер Сити»га қарши матчдан сўнг Раҳим Стерлинг кўпчилик журналистларнинг диққат-эътиборида бўлди. Интервьюларидан бирида эса қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: «Мен ўзимга яратилган имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиламан ва фойдаланаман. Муҳими шу. Рақибнинг «Манчестер Сити» ёки бошқа гранд жамоалардан бири эканлиги эса иккинчи масала. Техникам борасида мақтанишга арзийдиган ҳеч нарсам йўқ. Футболчи ютуғи билан мақтаниши эмас, камчиликларини таҳлил қилиши керак».
Раҳим Стерлинг. Бу исмни эшитмаганлар, билмайдиганлар ҳам бордир. Аммо, биз ишонамизки, яқин йиллар ичида Раҳим Стерлинг ҳар бир футбол ишқибозининг кўнглидан жой топа олади. Миллионлар ўйини эса яна бир ёрқин юлдузига эга бўлади.
Интернет материаллари асосида Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.