Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Виталий Денисов: «Терма жамоа Осиё кубоги-2011 финалига чиқа олмаганимизда қаттиқ сиқилганман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Локомотив" (Москва) клуби ҳимоячиси Виталий Денисов tribuna.com сайтига интервью бериб, Ўзбекистон, ўзбек футболи, "Пахтакор", Украинадаги фаолияти ва қизиқишлари ҳақида гапириб ўтди.

Ёз, қуёш, Тошкент
— Сиз учун шаҳар жонажон: Тошкент, Москва ёки Днепропетровск?
— Тошкент, албатта, мен у ерда туғилганман!

— Унда айтинг-чи, Тошкент ёзига қандай қилиб чидаш мумкин?
— Ёзда жуда иссиқ! Соядаги ҳаво ҳарорати 50 даражагача етади ва ундан ҳам ошади. Қандай сақланиш мумкин? Уйда кондиционер тагида ўтириш орқали. Деярли бошқа вариантлар йўқ. Бундай ҳавода кўчада юриб кўринг, аҳволингизни томоша қиламан!

— Бундай ҳаводан кейин Қатар ва БААда нафас олиш осонроқми?
— Йўқ, у ерда бироз бошқача иссиқ. У ёқларда юқори намлик туфайли, инсон ўзини бошқача ҳис қилади.

— Россиядаги болалар учун ёз — энг севимли вақт. Иссиқ ҳаво туфайли таътилни ҳовлида ўйнаб ўтказиш мумкинми?
— Мен футбол билан шуғулланганим учун кўпроқ йиғинларга жўнаб кетардим. Баъзида лагерга борардик, баъзида эса турнирларда иштирок этардик. Ҳовлида ўйнашга вақт бўлмаган. Умуман олганда, болалигим барча болаларники сингари шўх-шодон ўтган. Турли шўхликларни қилганмиз, аммо тўп билан ойна синдирмаганмиз.

— Адашмасам, ёшлигингизда баскетбол билан ҳам шуғуллангансиз.
— Профессионал равишда эмас. Футболдан бўш вақтимда акам билан баскетбол ўйнашга борардим. Акам эса ҳозир профессионал равишда МҲСКда ўйнайди — бу Тошкентнинг "армиячилар" жамоаси. Уйда бўлганимда унинг ўйинларини кўришга бораман. Мен баскетболни яхши кўраман.

— Уч очколи зонадан тўпни саватга тушира оласизми?
— Балки қаттиқроқ улоқтирсам, балки тушира оларман. Вақт бўлса, Илья Абаев билан баскетбол ўйнаб кўрамиз. У ҳам ёшлигида баскетбол билан шуғулланган.

— Тошкентда биринчи рақамли спорт тури қайси?
— Футбол. Шунингдек, юртимизда бокс, кураш кўпроқ қадрланади.

— Таътилни Ўзбекистонда ўтказмоқчи бўлган меҳмонларга нималарни томоша қилишни маслаҳат берган бўлардингиз?
— Тошкентда туризм бизнеси яхши ривожланган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона шаҳарлари билан боғлиқ бой тарихга эгамиз. Томоша қилиш мумкин бўлган эътиборга молик жойлар кўп. Масалан, ўша Буюк ипак йўли. Интернетда бу ҳақида маълумотлар кўп, ўрганинг ва ташриф буюринг. Меҳмондўстлик борасида эса Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

— Москва "Чойхона"сидаги таомлар ҳам Ўзбекистондагидек мазалими?
— Таққосламаган бўлардим. Рецептдагидек тайёрланса ҳам, Москвадаги масаллиқлар бироз бошқача. Бизда эса барча масаллиқлар янги бўлади. Гўшт, меваларнинг мазаси бутунлай бошқача. Москвада ўзбекистонликларнинг айрим ресторанлари учун масаллиқлар Ўзбекистондан олиб келинади. Мен "Чойхона"ни хафа қилмоқчи эмасман, лекин у ҳақиқий шарқона емакхонадан кўра, кўпроқ номи чиқарилган бренд. Ресторанлардан бири уйимнинг ёнида жойлашган бўлса-да, мен у ерга кўп бормайман.

— Саша Самедов яқинда ўз корхонасини очди. Сиз ҳам унинг "Сирен"ида қандайдир ўзбек муассасини очишни ўйлаб кўрмадингизми? Балки Москвада ресторан очарсиз?
— Интервью бериш учун Саша очган муассасага бордим. Агар маслаҳат керак бўлса, беришим мумкин, аммо ўзимча бировларнинг ишига аралашмайман. Лекин ўзимнинг ресторанимни очиш ниятим бор. Мен бир неча йил аввал операция учун Германияга боргандим. Клиника рўпарасида 3та ресторан бор эди: паб, пиццерия ва итальян ресторани. Мен учинчисига кирдим ва у ер менга ёқди. Бу оилавий ресторан бўлиб, у ерда 10тача стол бор эди. Мен эса у ернинг ҳам овқати, ҳам интерьеридан ҳайратга тушганман. Мана шундай ихчам, итальян ресторани очиш хоҳиши пайдо бўлган. Ўзбек таомлари борасида эса: бутун умр бундай таомларни истеъмол қилиб келаман. Баъзан ўзимга байрам уюштиришим мумкин, аммо бундай ресторан очиш ниятим йўқ. Дарҳол семириб кетишим мумкин! (кулади).

"Пахтакор", Осиё кубоги, Бразилия
— Тошкент учун "Пахтакор" қандай аҳамиятга эга?
— Менинг оилам бевосита мазкур клуб билан боғланган. Отам "Пахтакор" сафида Иттифоқ чемпионатида ўтказган ўйинлари сони бўйича рекордчи ҳисобланади. У ҳаттоки 1979 йили авиаҳалокатга учраган футболчилар билан ҳам бирга ўйнашга улгурган. "Пахтакор" Ўзбекистон учун худди Москвада "Спартак", Киевда "Динамо" клублари каби халқ жамоасидир. Ҳа, ҳозир бошқа жамоалар молиявий ва инфратузилма жиҳатдан анча олдинга қадам ташлашган. Чемпионлик учун курашадиган жамоалар пайдо бўлган: «Бунёдкор», «Локомотив», «Насаф», «Нефтчи». Ҳозирги кунда "Пахтакор"ни биринчи рақамли жамоа деб айта олмайман, аммо у — мамлакатнинг "ташриф қоғози".

— Отангиз мўжиза туфайли ўша машъум авиарейсга тушмай қолганми?
— Ҳа. Лекин мен бу ҳақида ҳеч қачон сўрамаганман. Днепропетровскда яшаётганимда Украина ва Англия терма жамоаларини ўйинини томоша қилиш учун отам Украинага келганди. Вақт топиб, ҳалок бўлганларнинг хотирасига ёдгорлик ўрнатилган жойни бориб кўрдик. Дарвоқе, 2009 йилда унинг очилиш маросимига мени таклиф этишганди. Биз отам билан бордик, гуллар қўйдик.

— Ўзбекистон футболи ҳозир қай даражада?
— Бу саволга тўлақонли жавоб бера олмайман. Боиси, Ўзбекистон чемпионатида умуман ўйнамаганман. Шу боис уни МДҲнинг бошқа чемпионатлари билан таққослай олмайман. Агар сиз чемпионат савияси ўсганми, деб сўрасангиз, бу саволга "ҳа" деб жавоб бера оламан. Мамлакатда футбол бир жойда тўхтаб тургани йўқ.

— Сиз Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланасиз. Бу жамоа таркибида 2007 йили бўлиб ўтган Осиё кубогида иштирок этгансиз.
— Жуда қизиқарли бўлганди! Ўшанда терма жамоамизда авлодлар алмашинуви рўй бераётганди. Ўзбек футболи тарихида ва терма жамоада маълум из қолдирган футболчилар билан бирга ўйнаш насиб этган. Ўша чемпионатда терма жамоамиз жуда кучли эди. Чорак финалда Саудия Арабистонига қарши ўйинда ҳакам бизни "ўлдирган". Шу боис, кейинги босқичга чиқа олмаганмиз. Шу жиҳат дилни хира қилган. Умуман олганда эса барчаси яхши бўлган. Ҳозир ҳам ўша чемпионатга борган футболчилар билан кўришиб қолганимизда, ўша даврни мароқ билан эслаймиз.

— Бу сиз учун юқори савиядаги дастлабки турнирмиди?
— Миллий терма жамоаси сафида — ҳа, биринчи. Унгача U-23 терма жамоаси сафида Қатарда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида иштирок этгандик. Олимпиада форматида барча ўйинлар Доҳада бўлиб ўтганди, фақат Осиё жамоалари ўртасида. Биз кичик қишлоқчада яшаб, аввалроқ ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари сафида бизга қарши ўйнаган йигитларни учратгандик. Бошқа спорт турларидаги йигитлар билан танишганмиз. Теннисчилар, курашчилар, боксчилар — барча билан яхши муносабатда бўлганмиз. Афсуски, бошқа мусобақаларни кузата олмаганмиз, вақт бўлмаган. Бошқа спорт турларини томоша қилиш учун бизнинг графикимиз ноқулай эди.

— Осиё кубоги-2011га эса бормагансиз.
— Ўша пайтда жароҳатим бор эди ва терма жамоага ёрдам бера олмаганман. Лекин мусобақани диққат билан кузатганман. Мен Германияда эдим ва интернет орқали матнли трансляцияларни ўқиб борганман. Агар видеотрансляция топа олган бўлсам — албатта томоша қилганман. Финалга чиқа олмаганимизда ва кейин "бронза"ни қўлга кирита олмаганимизда қаттиқ сиқилганман. Нима учун ўйинимиз чиқмаганини ташқаридан туриб таҳлил қилиш қийин. Балки, ҳал қилувчи ўйинларга келиб йигитлар чарчаб қолишгандир. Бундай ҳолат йирик турнирларда юзага келади.

— 2015 йилнинг қишида бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда Хитой, Саудия Арабистони ва Шимолий Корея билан баҳс олиб боради. Мусобақадаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?
— Сўнгги йилларда биз ғолиблик учун даъвогарлар сафида бўляпмиз. Биз фаворитмиз, гуруҳдан осонлик билан чиқа оламиз, демоқчи эмасман. Йўқ! Футбол савияси нафақат бизда, балки бутун Осиёда кўтарилмоқда. Масалан, ЖЧ-2014 саралаш босқичида биз Япония ва Эронни сафарда мағлуб эта олдик. Бу кучли терма жамоалар ва ўйинлар оғир кечганди. Умуман олганда, ҳозирдан қандайдир тахминлар қилиш қийин, мусобақа бошланишига ҳали 1 йил вақт бор.

— Жаҳон чемпионати йўлланмаси йўлга киритилмагани ҳали "битмаган яра"ми?
— Терма жамоа атрофида босим сезилмоқда. Истасак-истамасак, барибир ўйлаймиз, эслаймиз. Шунингдек, мухлислар ҳам кўча-кўйда Мундиал ҳақида сўрашади. Қалбда изи қолди.

— Россиядан ташқари Бразилияда яна қайси жамоаларга мухлислик қиласиз?
— Ниҳоят англияликлар қандайдир натижа кўрсатишларини истардим. Шунингдек, Португалия ҳам менга ёқади.

— Яъни, Англия - Португалия финал баҳси бўлишини истармидингиз?
— Йўқ-йўқ-йўқ! Менинг фаворитим — Россия. Мен уларга мухлислик қиламан. Лекин финал.... Умуман, мен тахмин қилишни истамайман, кучли жамоа финалга чиқсин!

Днепропетровск, Чемпионлар лигаси
— Ўзбекистондан секин Днепропетровскка ўтамиз. Ўз вақтида Украина чемпионатида ўйнаган бир қанча футболчилар ҳозир "Локомотив" сафида ўйнамоқда. Улар билан Украина Премьер-лигаси доирасида тўқнаш келганмисиз?
— Албатта! Қандай қилиб Михалик билан тўқнаш келмаслик мумкин? Сергей Ткачёв билан эса тўқнашмаганмиз. Тигорев Запорожьенинг "Металлург" клубида ўйнаганида унга қарши ўйнаганман. Йигитлар билан Украина чемпионатидаги ўйинларимизни эслаб турамиз.

— Ҳозирда "Днепр" Киевнинг "Динамо" клубини ортда қолдирган ҳолда, жадвалда 2-ўринда бормоқда. Жамоа мавсум якунида Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларни сақлаб қола оладими?
— "Днепр" чемпион бўлса, бундан хурсанд бўлардим. Ҳозир жамоада "олтин"ни қўлга киритиш учун яхши имконият мавжуд. Бир неча йиллардан бери барча ишлар шу мақсад йўлида бажарилмоқда. Шунингдек, Хуанде Рамос — яхши мутахассис. У жамоага ўз ўйин услубини сингдира олди. Чемпионатда ғолибликни қўлга киритиш учун унга бироз омад етишмаяпти.

— Биринчи ўринда "Шахтёр" бормоқда. "Днепр" молиявий томонлама донецкликлар билан баҳслаша оладими?
— Жамоа хўжайинларининг молиявий томонини таққослайдиган бўлсак, уларнинг ҳолати тахминан тенг. Лекин ҳар бир клубда ўзининг иш юритиш услуби бор. Пул сарфлаш "Шахтёр" ва "Днепр"да бошқача. Лекин "Днепр"нинг салоҳияти борлигини биламан. Масалан, агар 10-15 ёки 20 миллион доллар турадиган футболчи жамоага керак бўлса, "Днепр" шунча пулни тўлай олади.

— Ҳозирги кунда Украина чемпионати баҳсларини кузатиб боряпсизми?
— Ҳа, имконим бўлса интернет орқали томоша қиламан. Баъзида жонли трансляцияларни ҳам кузатаман. «Днепр» – «Шахтёр», «Днепр» – «Динамо», «Днепр» – «Металлист» каби ўйинларни имкон қадар ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан.

Клиплар, аутлар ва Instagram
— Сиз ҳамиша мухлислар билан яххши муносабатда бўлиб келасиз. Ҳаттоки "Днепр" фанатларидан бирининг мусиқали клипида суратган тушгансиз.
— Қўшиқчи билан дўстим Андрей "Днепровский" таништирган. У телевидениеда "По ту сторону поля" дастурини олиб боради. У мендан клипда суратга тушишни истамайсанми, деб сўради. Мен учун эса янги соҳада ўзимни синаб кўриш қизиқарли. Шу боис унинг таклифига розилик бердим. Граф билан танишдик, суҳбатлашдик. Бироз ноодатий вазият, ўзимни бошқа соҳада синаб кўрдим. Бу менга ёқади. Агар кинода суратга тушиш таклифи билдирилса, бунга бўш вақтим бўлса, албатта розим бўламан.

— "Днепр"дан кетганингиздан кейин мухлислар форумларидан бирида қуйидагича ибора пайдо бўлди: "Қанотдан тўпни улоқтириш — Виталий Денисовнинг устун жиҳати эмас". Улар бошқа Денисовни назарда тутишганми ёки тўпни олис улоқтириш бўйича сиз "Локомотив"да ўсишга эришдингизми?
— Ростдан ҳам мен "Днепр"да бошқачароқ ҳаракат қилардим. Ҳамиша қанотлардан узатмалар беришга, голли вазиятлар яратишга ва ҳужумга қўшилишга интилардим. Лекин баъзи ўйинларда мураббий эътиборимни кўпроқ ҳимояга қаратишимни айтарди. Янги жамоага келганимдан кейин мени янги ўйин услубига мослаштиришди, янгичасига очишди. Умуман олганда, мен "Днепр"да яратувчанликка интилардим.

— Бир йилдан бери Россияда ўйнаяпсиз. Бу вақт давомида қайси ўйин ноодатий бўлди?
— "Краснодар" билан! Ўйиннинг бошланиш вақти бир неча марта ўзгартирилди. "Ўйин қачон бошланаркан, жонга тегдику!", дея кутиб ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ эди. Шунингдек, кучли ёмғир ёғди. Сел қуйди, тўхтамади. Ўйинни яна кўчиришса керак деб ўйлагандим, лекин майдонни яхши ҳолатга келтиришга улгуришди. Бундай об-ҳавода биринчи марта ўйнадим.

— Рори Делап кимлигини биласизми?
— Йўқ.

— Бу инглиз футболчиси. У тўпни аутда 60 км/соат тезлигида 40 метрга улоқтириб, рекорд ўрнатган.
— Қизиқ. У билан мени таққослашмаган. Бир-икки марта Роберто Карлос билан таққослашганди.

— Бундай аут отишларни қандай килиб ўзлаштириш мумкин?
— Умуман олганда, буни қандай қилиб ўрганганимни билмайман. Бунинг устида махсус ишламаганман. Ёшлигимда кўп аут отардим, ҳозир ҳам отяпман.

— Баҳорги ўйинларда қанотлардан олдинга ўтишингиз ёки тўпни эгаллаб олишингизни мухлислар олқишлар билан қарши олишди. Мухлисларнинг бундай эътирофи ва юқори баҳоси сиз учун ёқимлими?
— Биласизми, мен нафақат яхши футболчи бўлишга, балки яхши инсон бўлишга ҳам ҳаракат қиламан. Юзимга бошқа нарсани, орқамда эса бошқа нарсани гапиришларини истамайман. Ота-онам ўргатганидек, ўзимни муносиб тутишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўзимни тўғри тутишга ҳаракат қиламан. Балки шунинг учун мухлислар буни қадрлашар.

— Ўтган ҳафтада клуб томонидан ўтказилган "Instagram"даги акцияда иштирок этдингиз. Кун давомида ҳаракатларингиз ҳақида маълумот бериб бордингиз. Бу сизга ёқдими?
— Ижтимоий тармоқлар орқали мухлислар ва дўстларим билан кўп мулоқотда бўламан. Бундай акция эса ноодатий бўлди. Мен ўз ҳаётимни кенг оммага маълум қилавермайман. Бу сафар эса кун давомида қаерда бўлдим, нима қиляпман — барчасини кўрсатишга тўғри келди. Йўлда, базада, таассуротларим ва қувончларим билан ўртоқлашдим. Озгина ҳазил-ҳузул қилдик.

— Сизни ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси десак бўлади. Икки ой аввал ўз мушугингизнинг сурати қўйдингиз.
— Оооо, ҳа! Менинг мушугим анчагина "лайк" йиғди. Менга бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ёзишди: "Ажойиб мушук!" Ҳозирча эса овқатларни расмга тушириш ниятим йўқ. Балки тарелкада қандайдир ғаройиб нарса бўлса, балки суратга оларман.

— Икки ҳафта олдин ўзингизга Тор болғаси ва Америка Капитани расми туширилган оёқ қалқони буюртма бердингиз. Янги фильмнинг таъсирига берилдингизми?
— Аввалига айнан шундай суратдаги қалқонларни буюртма қилишни ўйламагандим. Шунчаки яхши, енгил ва мустаҳкам қалқонларга буюртма бермоқчи эдим. Унга сурат тушириш мумкинлигини айтишди. Ўйлаб кўриб, мана шундай суратларни танладим. Лекин ҳали бу қалқонларни синаб кўрмадим.

— "Америка Капитани" фильмига боришни режалаштиряпсизми?
— Албатта! Бу фильмни кутдим, унинг биринчи қисмини ва "Қасоскорлар"ни томоша қилдим. Мен кинога фанат эмасман, аммо менга фантастика жанридаги фильмлар ёқади. Трейлерни томоша қиламан. Бундай жанрдаги янги киноларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Менда комедия жанрида фильмалар коллекцияси йўқ. Менга Тор сурати туширилган футболкани совға қилишса, уни қайсидир тадбирга кийиб бораман!

Манба: www.tribuna.com
Киритилди: 11:25, 16.04.2014.
Ўқилди: 5579 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.