Бугун Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси Кубоги 3-босқич учрашувлари бўлиб ўтди. Унда бир қанча қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, чемпионат карвонбошиси "Поханг Стилерс" 2-дивизион вакили "Анянг"ни пенальтилар сериясидагина мағлуб эта олди.
Ўзбекистон терма жамоаси сардори тўп сурадиган "Сеонгнам" эса ўтган мавсум кей-лигадан 2-дивизионга равона бўлган "Тегу" билан куч синашди. Ушбу ўйинда терма жамоамиз сардори дастлабки дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. Бу ўйинда сеонгнамликлар ташаббусни қўлга олишни уддалай олишди ва кей-лигадаги кетма-кет муваффақиятсиз ўйинлардан кейин илк ғалабаларини нишонлашди. Ўйиннинг 35-дақиқасида Хванг Эи Жо томонидан киритилган ягона гол “Сеонгнам”ни кейинги босқичга олиб чиқди.
Эътиборлиси, ҳамюртимиз Сервер Жепаров ушбу голга ҳаммуаллифлик қилди. Унинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини кореялик футболчи дарвозага тўғрилаб қўйди. Шундай қилиб, бир неча муддатлик танаффусдан кейин яна майдонга қайтган Жепаров бу қайтишни муваффақиятли тарзда амалга ошира олди. Ўйиндан кейин корейс ОАВларига интервью бераркан, у жумладан, шундай деди:
"Яна майдонга туша бошлаганимдан ва жамоамнинг кейинги босқичга чиқишига хисса қўша олганимдан жуда хурсандман", деди.
Журналистнинг собиқ мураббий Парк Жонг Хван томонидан таркибдан умуман узоқлаштириб юборилган вақтида ўйинларга қандай тайёргарлик кўрганлиги ҳақидаги саволига:
"Келажакни олдиндан билиб бўлмайди. Шунинг учун доим майдонга тушишга бор кучим билан ҳаракат қилдим. Кей-лига ва Кубок ўйинларига яхши формада етиб бориш учун тинмай шуғулландим. Албатта, майдонга кимни тушириш мураббийнинг иши. Шунинг учун бу масалада қўлимдан ҳеч нима келмасди. Ўзим мустақил ҳолда ҳам машғулотлар олиб бордим ва спорт формамни йўқотиб қўймаслик пайида бўлдим", деди.
Кей-лиганинг 10-тури ортда қоларкан “Сеонгнам” бор-йўғи 3 тагина гол киритди. Бунга тўхталаркан Сервер:
"Кей-лига клубларида яхши ҳимоячилар жуда кўп. Шу сабабдан гол киритиш унчалик осон эмас. Аммо бизнинг таркибимизда ҳам яхши ижрочилар етарлича. Бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилсак, албатта дарвозани ишғол этамиз. Кей-лигада вазият шундайки, 1-2та гол киритиш ҳам катта кучни талаб этади", деди.
“Сеонгнам” 3 май куни кей-лига 11-турида ўз майдонида чемпионат пешқадами “Поханг Стилерс”ни қабул қилади ва Сервер Жепаров ушбу ўйинда ҳам майдонга тушиши кутилмоқда.
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Сeул